[1] Павлус оломонга шундай деди: “Биродарларим, оталар! Гапимга қулоқ солинглар, сизларнинг олдингизда ўзимни оқлай.”
[2] Одамлар унинг орамийча гапираётганини эшитиб, сув қуйгандай, жим бўлиб қолдилар. Павлус гапида давом этди:
[3] “Мен яҳудийман, Киликиядаги Тарсус шаҳрида туғилганман, аммо Қуддусда улғайдим. Бу шаҳарда Гамалиёлнинг шогирди бўлиб, ота–боболаримизнинг қонунига жиддий эътибор бериб таълим олдим. Худди бугунгидай сизларга ўхшаб, Худога ўзимни бағишладим.
[4] Исонинг йўлига кирган одамларни ўлгудай қувғин қилардим, эркагу аёлни боғлаб, зиндонга ташлардим.
[5] Айтаётганларим ҳақиқат эканини олий руҳоний билан бутун Кенгаш тасдиқлай олади. Улар Дамашқдаги яҳудий биродарларимизга хат ёзиб бердилар. Шундай қилиб, мен бу одамларни кишанлаб, Қуддусга олиб келиб жазолаш учун Дамашққа жўнадим.
[6] Мен йўлимда давом этиб, Дамашққа яқинлашиб қолганимда, туш пайти бирдан осмондан ёп–ёруғ нур менинг ён–атрофимни ёритиб юборди.
[7] Мен ерга йиқилдим. Шу пайт: «Шоул! Шоул! Нега сен Мени қувғин қиляпсан?» деган бир овозни эшитдим.
[8] «Ё Ҳазратим! Сиз кимсиз?» деб сўрадим. Шунда У менга: «Сен қувғин қилаётган Носиралик Исоман», деб жавоб берди.
[9] Менинг ёнимдагилар нурни кўрардилар–у, аммо мен билан гаплашаётганнинг овозини эшитмасдилар.
[10] Шунда мен: «Ё Раббим Исо, нима қилай?» деб сўрадим. Раббий менга шундай деди: «Ўрнингдан тур, Дамашққа бор. Нима қилишинг кераклигини Худо белгилаб қўйган. Ҳамма нарса ўша ерда сенга айтилади.»
[11] Ўша нурнинг ярқирашидан кўзларим кўрмай қолган эди. Шунинг учун ҳамроҳларим қўлларимдан ушлаб, мени Дамашққа олиб кетдилар.
[12] Ўша шаҳарда Ханониё деган бир тақводор, қонунга итоат этадиган одам бор эди. У ўша шаҳардаги ҳамма яҳудийлар орасида катта обрўга эга эди.
[13] Ханониё олдимга келиб, ёнимда турди–да: «Биродарим Шоул! Кўзларинг яна очилсин!» деди. Ўша заҳоти кўзларим очилиб, Ханониёни кўрдим.
[14] Шунда у деди: «Ота–боболаримизнинг Худоси сени танлади. Токи сен Унинг хоҳишини билгин, Солиҳ Зотни кўриб, Унинг овозини эшитгин.
[15] Сен кўриб–эшитганларинг тўғрисида бутун оламга Унинг гувоҳи бўласан.
[16] Энди нимани кутяпсан? Ўрнингдан тур, сувга чўмгин. Раббимизга илтижо қилиб, гуноҳларингни ювгин.»
[17] Мен Қуддусга қайтиб келганимдан кейин, Маъбадда ибодат қилаётганимда, менга бир ваҳий келди.
[18] Мен Раббим Исони кўрдим, У шундай деди: «Тез бўл, Қуддусдан зудлик билан кет! Бу ердаги одамлар Мен тўғримда берган гувоҳлигингни қабул қилмайдилар.»
[19] Мен эса: «Ё Раббий! — дедим. — Мен синагогаларга бориб, Сенга ишонган одамларни қамаб, калтаклаганимни улар яхши биладилар.
[20] Шоҳидинг Стефан ўлдирилганда, мен ўша ерда эдим, унинг ўлдирилишини маъқуллаб, уни ўлдираётганларнинг кийимларига пойлоқчилик қилиб турган эдим.»
[21] Раббим Исо менга: «Кетавер, — деди. — Сени узоқдаги ғайрияҳудийларнинг олдига юбораман.»”
[22] Халқ Павлусга қулоқ солиб турди. Аммо у шу гапини айтиши биланоқ, улар овози борича, шовқин солди: — Йўқотинглар уни! Ўлдиринглар! У яшашга лойиқ эмас!
[23] Улар бақир–чақир қилиб, кийимларини отиб, ҳавони чанг–тўзон қилиб юбордилар.
[24] Рим мингбошиси одамларига: — Павлусни қалъага олиб киринглар! — деб буйруқ берди. Сўнгра у яна одамларига: — Уни қамчиланглар! Нима учун одамлар унга қарши бақир–чақир қилганини билинглар! — деди.
[25] Павлусни қамчилаш учун боғлаётганларида, Павлус ўша ерда турган юзбошига деди: — Рим фуқаросининг бирон айби топилмаган бўлса ҳам, уни қамчилаш сизларнинг қонунингизда борми?
[26] Юзбоши бу гапни эшитиб, мингбошининг олдига борди–да: — Нима қилмоқчисиз? Ахир, бу одам Рим фуқароси экан–ку! — деди.
[27] Мингбоши Павлуснинг олдига келиб, ундан: — Менга айт–чи, сен Рим фуқаросимисан? — деди. — Ҳа, — деб жавоб берди Павлус.
[28] Мингбоши: — Мен катта миқдорда пул тўлаб, фуқароликни олган эдим, — деди. — Мен эса Рим фуқароси бўлиб туғилганман, — деди Павлус.
[29] Павлусни сўроқ қилмоқчи бўлиб турганлар ўша заҳоти ундан қўлларини тортдилар. Мингбоши Павлуснинг Рим фуқароси эканини эшитиб, уни кишанлагани учун қўрқиб кетди.
[30] Яҳудийлар Павлусни нима учун айблаётганларини мингбоши билмоқчи бўлди. Эртаси куни у Павлусни озод қилди ва “бош руҳонийлар билан Олий кенгаш аъзолари йиғилсин”, деб буюрди. Мингбоши Павлусни уларнинг қошига олиб келди.