[1] Павлус Олий кенгаш аъзоларига диққат билан қараб шундай деди: — Биродарлар! Шу кунгача мен Худо олдида тоза виждон билан яшадим.
[2] Олий руҳоний Ханониё Павлуснинг ёнида турганларга: “Унинг оғзига уринглар!” деб буюрди.
[3] Павлус унга деди: — Худо албатта сизни уради, эй оқланган девор! Сиз қонунга кўра, мени ҳукм қилгани ўтирибсиз–ку! Нега энди қонунни бузиб, мени уришга амр беряпсиз?!
[4] Павлусга яқин турган одамлар: — Сен ҳали Худонинг олий руҳонийсини ҳақорат қиляпсанми?! — дедилар.
[5] — Биродарлар, мен унинг олий руҳоний эканини билмабман, — деди Павлус. — Муқаддас битикларда: “Ўз халқинг йўлбошчиси тўғрисида ёмон гапирмагин”, деб айтилган.
[6] Павлус билдики, бу ердагиларнинг баъзилари саддуқийлар, бошқалари фарзийлар экан. У Олий кенгашга қараб даъват қилди: — Биродарлар! Мен фарзийман, фарзийнинг ўғлиман. Ўликлар тирилади, деб умид қилганим учун мени ҳукм қиляптилар.
[7] Павлус шу гапларни айтгач, фарзийлар ва саддуқийлар баҳслаша бошладилар, гуруҳ иккига бўлинди.
[8] Саддуқийлар, тирилиш ҳам, фаришта ҳам, руҳ ҳам йўқ, деб айтардилар, фарзийлар эса учаласига ҳам ишонардилар.
[9] Шунда шовқин–сурон авжига чиқди. Фарзий мазҳабидан бўлган баъзи Таврот тафсирчилари ўринларидан туриб, қаттиқ эътироз билдирдилар: — Биз бу одамда бирон айб топмадик. Эҳтимол, руҳ ёки фаришта унга гапирган бўлиши мумкин.
[10] Баҳс шу даражада кучайиб кетдики, мингбоши: “Павлусни тилка–пора қилишмасайди”, деб қўрқиб кетди. Шундан кейин у аскарларга: “Пастга тушинглар, Павлусни зудлик билан олиб чиқиб, қалъага олиб киринглар!” деб буюрди.
[11] Ўша куни тунда Павлуснинг олдига Раббимиз Исо келиб, шундай деди: “Дадил бўл! Сен Қуддусда Мен учун гувоҳлик берган эдинг, энди Римда ҳам гувоҳлик беришинг керак.”
[12] Эрталаб бир неча яҳудийлар йиғилиб, фитна қўзғадилар. Улар: “Павлусни ўлдирмагунимизча еб–ичмаймиз”, дея қасам ичдилар.
[13] Қасам ичганлар қирқ кишидан ортиқ эди.
[14] Шундан кейин улар бош руҳонийлар билан йўлбошчиларнинг олдига бориб айтдилар: — Биз, Павлусни ўлдирмагунимизча, еб–ичмаймиз, деб қатъий қасам ичдик.
[15] Энди сизлар ва Олий кенгаш аъзолари мингбошига: “Павлусни бизнинг ҳузуримизга олиб кел, у тўғрида маълумотларни яхшироқ текшириб кўрмоқчимиз”, деб буюринглар. Павлус ҳузурингизга етиб келмасдан олдин уни ўлдирамиз.
[16] Павлуснинг жияни, яъни синглисининг ўғли бу фитна ҳақида эшитиб қолди. У қалъага бориб, Павлусга бу тўғрида айтиб берди.
[17] Павлус Рим юзбошиларидан биттасини чақирди–да, шундай деди: — Манави йигитни мингбошининг олдига олиб бор. У мингбошига бир нарса тўғрисида хабар бермоқчи.
[18] Юзбоши йигитни мингбошининг олдига олиб бориб, деди: — Маҳбус Павлус мени чақириб, манави йигитни сизнинг олдингизга олиб келишимни илтимос қилди. Унинг сизга айтадиган гапи бор экан.
[19] Мингбоши йигитни қўлидан ушлаб бир четга олиб ўтди–да, сўради: — Менга нима тўғрисида хабар бермоқчисан?
[20] У шундай жавоб берди: — Яҳудийлар сиздан: “Эртага Павлусни Олий кенгашга олиб келинг”, деб илтимос қилишга келишиб олишди, гўё Олий кенгаш Павлус тўғрисидаги маълумотларни аниқроқ қилиб текширишар эмиш.
[21] Аммо уларга қулоқ солманг! Қирқтадан кўпроқ одам яшириниб, Павлусни кутиб ётибди. Улар, Павлусни ўлдирмагунимизча, еб–ичмаймиз, деб қасамёд қилганлар. Улар ҳозир тайёр бўлиб, сизнинг қарорингизни кутяптилар.
[22] Мингбоши йигитга: — Менга берган хабарингни биронтасига айта кўрма! — деди. Сўнг унга рухсат берди.
[23] Мингбоши юзбошилардан иккитасини ёнига чақириб, деди: — Оқшом соат тўққизда Қайсарияга кетиш учун икки юзта пиёда аскарни, етмишта отлиқ аскарни, икки юзта найзабардорларни тайёр қилиб қўйинглар.
[24] Павлусни ҳам отга миндириб олинглар. Уни ҳоким Феликс олдига эсон–омон олиб боринглар.
[25] Мингбоши қуйидаги мазмунда мактуб ёзди:
[26] “Клавдиюс Лисиясдан ҳоким Феликс жаноби олийларига саломлар!
[27] Яҳудийлар бу одамни ушлаб, ўлдирмоқчи бўлдилар. У Рим фуқароси эканини билганимдан кейин, мен аскарларим билан бирга бориб, уни қутқариб қолдим.
[28] Унинг қандай айби бор эканлигини билмоқчи бўлиб, уни яҳудийларнинг Олий кенгашига олиб келдим.
[29] Мен шуни билдимки, у яҳудийларнинг қонунига оид масалаларда айбланган экан. Аммо ўлимга ёки зиндонга ташланишга лойиқ бирон иш қилмаган.
[30] Бу одамга қарши фитна уюштирилаётганидан хабар топганимдан кейин, ўша заҳоти уни сизнинг ҳузурингизга юборишга қарор қилдим. Унинг айбловчиларига ҳам, даъволарингизни ҳоким Феликсга бориб айтинглар, дедим.”
[31] Шундай қилиб, аскарлар мингбошининг кўрсатмасига мувофиқ, Павлусни олиб, тун бўйи юриб, Антипатрис шаҳрига олиб келдилар.
[32] Эртаси куни отлиқ аскарлар Павлус билан бирга йўлда давом этди, қолганлар эса қалъага қайтиб кетдилар.
[33] Отлиқ аскарлар Қайсарияга етиб келганларидан кейин, ҳокимга мактубни бердилар, Павлусни ҳам ҳокимга рўпара қилдилар.
[34] Ҳоким мактубни ўқиб бўлиб, Павлусдан: “Сен қайси вилоятдансан?” деб сўради. Павлуснинг Киликиядан эканини билгач,
[35] ҳоким: “Айбловчилар келганларидан кейин, сени эшитаман”, деди. Шундан кейин ҳоким: “У Ҳироднинг саройида ушлаб турилсин”, деб буйруқ берди.