Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:48

[1] Бутрус билан Юҳанно халққа гапириб турганларида, бир неча руҳонийлар, Маъбад миршаббошиси ва саддуқий мазҳабининг баъзи аъзолари келдилар.

[2] Уларнинг қаттиқ жаҳли чиққан эди, чунки бу иккала ҳаворий халққа таълим бериб, Исо ўликдан тирилди, деб ваъз қилаётган эдилар.

[3] Улар иккала ҳаворийни ушлаб, вақт кеч бўлгани учун эртаси кун эрталабгача қамоқда сақладилар.

[4] Аммо бу хабарни эшитганларнинг кўпчилиги имонга келди. Шундай қилиб, имонлиларнинг орасидаги эркакларнинг сони беш мингга етди.

[5] Кейинги кун бош руҳонийлар, йўлбошчилар, Таврот тафсирчилари Қуддусда йиғилдилар.

[6] Олий руҳоний Ханан, Каяфас, Юҳанно, Искандар ва олий руҳоний оиласига мансуб бўлган бошқа эркаклар йиғинда иштирок этдилар.

[7] Улар иккала ҳаворийни ўртага турғизиб қўйиб, сўрадилар: “Буни қандай қудрат билан, кимнинг номидан қилдингизлар?”

[8] Шунда Муқаддас Руҳга тўлган Бутрус уларга шундай деди: “Эй халқ раҳнамолари ва йўлбошчилари!

[9] Агар бир хаста одамга қилинган яхшилик туфайли биздан ҳисоб талаб қилаётган бўлсангиз ва бу одамнинг қандай қилиб соғайганини сўраётган бўлсангиз,

[10] сизлар, эй Исроил халқи, ҳаммаларингиз шуни билиб қўйингларки, мана бу одам Носиралик Исо Масиҳ номи билан тамомила соғайиб, олдингизда турибди. Исони сизлар хочга михлаган эдингизлар, Худо эса Уни ўликдан тирилтирди.

[11] Ахир, Исо тўғрисида Муқаддас битикларда шундай ёзилган: «Эй бинокорлар, сиз рад этган тош Бинонинг тамал тоши бўлди.»

[12] Нажот бошқа ҳеч кимдан келмайди. Унинг номи — бутун оламда нажот берадиган ягона номдир.”

[13] Кенгаш аъзолари Бутрус билан Юҳаннонинг жасоратини кўрдилар ва уларнинг ўқимаган, оддий одам эканликларини билиб, ҳайрон қолдилар. Бутрус билан Юҳанно Исонинг шериклари эканини англадилар.

[14] Шифо топган одам ҳам иккала ҳаворий билан бирга турган эди. Шунинг учун халқ раҳнамолари ва йўлбошчилари уни кўриб, икковининг гапларига қарши бирон сўз айта олмадилар.

[15] Шундай қилиб, улар ҳаворийларга: “Мажлисхонадан чиқинглар”, деб буйруқ бердилар. Сўнгра ўзаро муҳокама қила бошладилар:

[16] “Бу одамларни нима қиламиз? Бу ажойиб мўъжизани мана шу одамлар қилганини Қуддусдаги ҳар бир одам билади, биз буни инкор эта олмаймиз.

[17] Аммо бу хабар халқ орасида янада ёйилиб кетишининг олдини олиш учун, бундан кейин Исонинг номи билан ҳеч кимга гапирмайсизлар, деб уларни огоҳлантириб қўямиз.”

[18] Шундай қилиб, улар икковини чақирдилар ва: “Исонинг номи билан умуман гапирмайсизлар ёки таълим бермайсизлар”, деб буйруқ бердилар.

[19] Бутрус билан Юҳанно эса уларга шундай жавоб қайтардилар: “Худодан кўра сизларга итоат этсак, Худонинг назарида тўғри бўладими? Ўзларингиз хулоса чиқараверинглар.

[20] Биз эса кўрганларимиз ва эшитганларимиз тўғрисида гапирмасдан тура олмаймиз.”

[21] Шундай қилиб, Кенгаш аъзолари уларни охирги марта огоҳлантириб, қўйиб юбордилар. Уларни жазолаш учун ҳеч қандай сабаб топа олмагандилар, чунки бутун халқ юз берган воқеани билиб, Худога ҳамду сано айтарди.

[22] Ахир, мўъжизали аломат туфайли шифо топган одам қирқ йилдан ошиқ вақт давомида шол бўлган эди.

[23] Бутрус билан Юҳанно озод бўлишлари биланоқ, дўстларининг олдига қайтиб келдилар ва бош руҳонийлар билан йўлбошчиларнинг уларга айтган гапларини сўзлаб бердилар.

[24] Дўстлари бу гапларни эшитганларидан кейин, ҳаммалари биргаликда баланд овозда Худога шундай деб ибодат қилдилар: “Эй Эгамиз! Сен осмон билан ерни, денгизни ва улардаги ҳамма мавжудотни яратгансан!

[25] Қулинг — бобомиз Довуд орқали Муқаддас Руҳинг билан шундай дегансан: «Нега қутуради халқлар?! Нега беҳуда фитна қилар элатлар?!

[26] Эгамизга ва Унинг Масиҳига қарши Замин шоҳлари саф тортдилар, Ҳукмдорлар Унга қарши бирлашдилар.»

[27] Ҳақиқатан, Ҳирод билан Пўнтий Пилат ғайрияҳудийлар ва Исроил халқи билан бирга бу шаҳарда Сенинг муқаддас Қулинг, Ўзинг Масиҳ қилиб танлаган Исога қарши тўпландилар.

[28] Қудратинг ва хоҳиш–ироданг билан Ўзинг илгаридан қарор қилган ҳамма нарсани улар ижро этдилар.

[29] Энди, эй Эгамиз, уларнинг таҳдидларига қара! Сенинг сўзингни жасорат билан айтишимиз учун, биз, қулларингга куч бер.

[30] Қудратингни кўрсат, токи Муқаддас Қулинг Исо номи билан хасталарга шифо берайлик, аломатлар ва мўъжизалар кўрсатайлик.”

[31] Ҳаммалари ибодат қилиб бўлганларидан кейин, улар йиғилиб турган жой силкинди. Ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлиб, Худонинг сўзини жасорат билан гапирадиган бўлдилар.

[32] Имонга келганлар якдил ва ҳамжиҳат эдилар. Улардан биронтаси ўзига қарашли бирон нарсани “Бу меники”, деб айтмас, бор мол–мулкларини умумий деб билишарди.

[33] Ҳаворийлар буюк қудрат билан Раббимиз Исонинг тирилганига гувоҳлик берардилар. Худо уларнинг ҳаммаларига мўл–кўл мурувват кўрсатарди.

[34] Имонлиларнинг орасида биронта муҳтож одам йўқ эди. Дала ёки уй–жой эгалари бор нарсаларини сотардилар, сотувдан тушган маблағни олиб келиб,

[35] ҳаворийларнинг ихтиёрига берардилар. Пуллар одамларнинг эҳтиёжига қараб тақсимланарди.

[36] Имонлилар орасида Леви қабиласидан бўлган Юсуф исмли бир одам бор эди. У асли Кипрдан эди. Ҳаворийлар унга Барнабо, яъни “далда берувчи” деган ном берган эдилар.

[37] Юсуф ҳам даласини сотиб, пулини ҳаворийларга инъом қилди.

Ҳаворийларнинг фаолияти — Chapters