Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:11

[1] Ҳаворийлар ва Яҳудиядаги имонлилар: “Ғайрияҳудийлар ҳам Худонинг каломини қабул қилибдилар” деган хабарни эшитдилар.

[2] Бутрус Қуддусга борганда, яҳудий имонлилар унга таъна қилдилар:

[3] — Сиз суннатсиз одамларникида меҳмон бўлибсиз, улар билан бирга еб–ичибсиз!

[4] Шунда Бутрус уларга юз берган воқеани батафсил тушунтира бошлади:

[5] — Мен Яффа шаҳрида ибодат қилаётган эдим, бир пайт ҳушимдан кетиб, ваҳий кўрибман. Осмондан катта дастурхонга ўхшаш бир нарса тўрт бурчагидан осилган ҳолда олдимга тушиб келди.

[6] Мен ўша нарсанинг ичига яхшилаб қарадим ва унда турли хил чорва ва ёввойи ҳайвонларни, судралиб юрувчилар ва қушларни кўрдим.

[7] Ўшанда бир овоз менга: “Тур, Бутрус, сўйиб егин” деганини эшитдим.

[8] Мен шундай жавоб бердим: “Асло ундай қилмайман, Эгам! Мен ҳеч қачон ҳаром ёки нопок нарсаларни оғзимга олмаганман!”

[9] Аммо ўша овоз иккинчи марта эшитилиб: “Худо ҳалол деб айтган нарсаларни сен ҳаром деб айтмаслигинг керак”, деб осмондан гапирди.

[10] Бу суҳбат уч марта такрорланди. Шунда дастурхонга ўхшаш ўша нарса яна осмонга олинди.

[11] Худди шу пайтда Қайсариядан юборилган учта одам мен турган уйга етиб келган эди.

[12] Муқаддас Руҳ менга: “Ҳеч иккиланмай бу одамлар билан бирга бор”, деб айтди. Бу олти биродар мен билан бирга бориб, ўша одамнинг уйига кирди.

[13] У одам уйида фаришта пайдо бўлганини, унинг ўзи бу фариштани кўрганини бизга сўзлаб берди. Фаришта унга шундай дебди: “Яффага одам юбориб, Бутрус деган одамни чақиртириб кел.

[14] У сенга айтадиган хабар орқали ўзинг ва оиланг нажот топасизлар.”

[15] Мен гапимни бошлашим биланоқ, Муқаддас Руҳ олдин бизни қамраб олгани сингари, уларни ҳам қамраб олди.

[16] Шунда мен Раббимиз Исонинг: “Яҳё сувга чўмдирган эди, сизлар эса Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар” деган сўзларини эсладим.

[17] Биз Раббимиз Исо Масиҳга имон келтирганимизда, Худо бизга берган инъомни уларга ҳам берган бўлса, мен ким бўлибманки, Худога қаршилик қилсам?!

[18] Улар бу сўзларни эшитиб, жим бўлиб қолдилар. Сўнг Худога ҳамду сано айтиб: — Худо ҳатто ғайрияҳудийларни ҳам ҳаётга элтадиган тавбага олиб борибди, — дедилар.

[19] Стефан ўлдирилгандан кейин бошланган қувғинлар оқибатида имонлилар Финикия, Кипр ва Антиохияга тарқалиб кетдилар. Улар Исо ҳақидаги хабарни яҳудийлардан бошқа ҳеч кимга айтмасдилар.

[20] Уларнинг орасида Кипр ва Киринеядан Антиохияга келган баъзи имонлилар бор эди. Улар Раббимиз Исо тўғрисида у ердаги ғайрияҳудийларга ҳам ваъз қилдилар.

[21] Эгамизнинг қудрати уларда бор эди, шунинг учун кўпчилик имонга келиб, Раббимизга юз бурди.

[22] Бу янгилик Қуддусдаги имонлилар жамоатига етиб келди. Жамоатдагилар Барнабони Антиохияга жўнатдилар.

[23] У келиб, Худонинг марҳаматини кўрганидан хурсанд бўлди. Ҳаммага: “Чин юракдан Раббимиз Исога садоқатингизни сақлаб қолинглар”, деб насиҳат қилди.

[24] У Муқаддас Руҳга ва имонга тўла, олижаноб одам эди. Жуда кўп одамлар Исони Раббим деб имонга келдилар.

[25] Шундан кейин Барнабо Шоулни излаб Тарсус шаҳрига кетди. У Шоулни топгандан кейин, уни Антиохияга олиб келди.

[26] Шундай қилиб, Барнабо билан Шоул бир йил давомида у ердаги жамоат билан бир жойга йиғилиб, бир қанча одамларга таълим бердилар. Шогирдларга биринчи марта Антиохия шаҳрида “масиҳийлар” деб ном берилди.

[27] Ўша пайтда Қуддусдан Антиохияга пайғамбарлар келдилар.

[28] Улардан бири — Хагабус дегани ўртага чиқиб, бутун оламда қаттиқ очарчилик бўлишини Муқаддас Руҳ орқали башорат қилди. (Унинг башорати Қайсар Клавдий ҳукмронлиги даврида амалга ошди.)

[29] Шогирдлар, имконимиз борича Яҳудияда яшайдиган имонли биродарларимизга ёрдам жўнатамиз, деб қарор қилдилар.

[30] Улар айтганларини қилиб, Барнабо ва Шоул орқали Қуддусдаги жамоат оқсоқолларига ҳадялар юбордилар.

Ҳаворийларнинг фаолияти — Chapters