Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:38

[1] Қайсарияда Корнилий деган бир одам бор эди. У Рим лашкаридаги “Италия” номли бўлинмада юзбоши эди.

[2] Корнилий тақводор одам бўлиб, унинг ўзи ҳам, оиласи ҳам Худодан қўрқарди. У камбағал яҳудийларга кўп хайр–садақа берар, доимо Худога ибодат қиларди.

[3] Бир куни соат учларда унга ваҳий келди. Худонинг фариштаси кириб келаётганини у аниқ кўрди. Фаришта: “Корнилий!” деб чақирди.

[4] Корнилий қўрқув ичида унга тикилиб қараб: — Лаббай, Ҳазрат! — деди. Фаришта унга шундай деди: — Сенинг ибодатларинг ва хайр–садақаларинг Худога маъқул бўлди.

[5] Энди Яффага одам юбориб, Бутрус деган одамни чақиртириб кел.

[6] Бутрус бир кўнчининг уйида меҳмон бўлиб турибди. Шимўн исмли ўша кўнчининг уйи денгиз бўйида.

[7] Корнилийга гапирган фаришта кетди. Корнилий хизматкорларидан иккитасини ва унга хизмат қиладиган тақводор, ишончли бир аскарини чақирди.

[8] Рўй берган ҳодисани уларга айтиб бериб, уларни Яффага жўнатди.

[9] Кейинги кун туш пайтида улар йўлда давом этиб, шаҳарга яқинлашганларида, Бутрус ибодат қилгани томга чиққан эди.

[10] У очқаб, бирон нарса тановул қилгиси келди. Овқат тайёрланаётганда, Бутрусга ваҳий келди.

[11] У осмон очилганини, катта дастурхонга ўхшаш бир нарса тўрт бурчагидан осилган ҳолда ерга тушиб келаётганини кўрди.

[12] Унинг ичида турли ҳайвонлар, судралиб юрувчилар ва қушлар бор эди.

[13] Шу пайт у: “Ўрнингдан тур, Бутрус, сўйиб егин” деган овозни эшитди.

[14] Аммо Бутрус деди: — Асло ундай қилмайман, Эгам! Мен ҳеч қачон ҳаром ёки нопок нарсаларни емаганман!

[15] Ўша овоз яна Бутрусга: “Худо ҳалол деб айтган нарсаларни сен ҳаром демагин”, дея гапирди.

[16] Бу суҳбат уч марта такрорланди. Шунда дастурхон бирдан осмонга олинди.

[17] Бутрус, бу ваҳийнинг маъноси нима экан, деб эсанкираб турганда, Корнилий юборган одамлар келиб қолдилар. Улар кўнчи Шимўннинг уйи қаердалигини билиб олиб, дарвоза олдида турган эдилар.

[18] Улар баланд овоз билан: — Бутрус деган меҳмон шу ердами? — деб сўрадилар.

[19] Бутрус ҳали ҳам ваҳий ҳақида ўйлаб ўтирган эди. Шунда Муқаддас Руҳ унга деди: — Қара, учта одам сени излаб келди.

[20] Энди ўрнингдан тур, пастга туш, ҳеч иккиланмай улар билан бирга бор. Уларни Мен жўнатганман.

[21] Шундай қилиб, Бутрус пастга тушиб, уларга деди: — Сизлар излаётган одам менман. Нима сабабдан келдингизлар?

[22] — Бизни Рим юзбошиси Корнилий жўнатди, — деб жавоб берди улар. — У солиҳ, Худодан қўрқадиган одам, бутун яҳудий халқи орасида катта обрўга эга. Худонинг фариштаси унга: “Бутрусни уйингга таклиф қил, унинг айтганларини эшитгин”, деб айтибди.

[23] Шундан кейин Бутрус уларни ичкарига таклиф этиб, меҳмон қилди. Кейинги куни Бутрус улар билан бирга йўлга отланди. Яффалик баъзи имонлилар Бутрус билан бирга кетдилар.

[24] Эртаси куни улар Қайсарияга кириб келдилар. Корнилий уларни кутаётган эди. У қариндошлари ва яқин дўстларини таклиф қилган эди.

[25] Бутрус уйга кириб, Корнилийга рўпара келди. Шунда Корнилий Бутруснинг оёқларига бош уриб, унга таъзим қилди.

[26] Аммо Бутрус унга: — Ўрнингдан тур, мен ҳам бир бандаман, — деб уни турғизиб қўйди.

[27] Бутрус у билан гаплашаркан, ичкарига кирди ва у ерда бир талай одам тўпланганини кўрди.

[28] Бутрус уларга шундай деди: — Ўзларингиз биласизларки, яҳудий одам бошқа халқдан бўлган одам билан алоқа боғлаши, уникига бориши қонунимизга хилофдир. Аммо Худо энди менга ҳеч бир кимсани ҳаром ёки нопок деб ҳисобламасликни аён қилди.

[29] Шунинг учун менга одам юборганларингизда, ҳеч қандай эътироз билдирмай келдим. Энди билсам бўладими, нима учун мени чақиртирдингизлар?

[30] Корнилий шундай жавоб берди: — Тўрт кун илгари худди шу пайтда — соат учларда уйимда ибодат қилаётган эдим. Бирдан рўпарамда оппоқ кийим кийган бир одам пайдо бўлди.

[31] У менга шундай деди: “Корнилий, сенинг ибодатинг Худога етиб борди, хайр–садақаларингни У маъқул кўрди.

[32] Энди Яффага одам юбориб, Бутрус деган одамни чақиртириб кел. У Шимўн исмли кўнчининг уйида меҳмон бўлиб турибди. Шимўннинг уйи денгиз бўйида.”

[33] Шунинг учун дарҳол сизга одам юбордим, сиз ҳам олижаноблик қилиб, келдингиз. Эгамиз сизга айтишни буюрган ҳамма нарсани эшитиш учун энди ҳаммамиз Худонинг ҳузурида тўпландик.

[34] Бутрус уларга гапира бошлади: — Ҳақиқатан ҳам, Худо тарафкашлик қилмаслигини биламан.

[35] Ҳар бир элатда Худодан қўрқадиган ва тўғри ишларни қиладиган ҳар бир одам Унга маъқулдир.

[36] У Исроил халқига юборган хабарни биласизлар. Тинчлик келтирадиган бу Хушхабарни Худо Исо Масиҳ орқали эълон қилди. Исо Масиҳ ҳамманинг Раббийсидир.

[37] Яҳудия бўйлаб нималар юз берганини биласизлар. Бу ҳодисаларнинг ҳаммаси Яҳёнинг чўмдирилиш тўғрисидаги хабаридан кейин Жалила ҳудудида бошланган эди.

[38] Худо Носиралик Исони Муқаддас Руҳ ва куч–қудрат билан қандай тўлдирганини биласизлар. Исо ҳамма ёққа бориб, яхши ишлар қилди, иблиснинг ҳукмронлигидан азоб чекканларни шифолади, чунки Худо У билан эди.

[39] У Яҳудия ва Қуддусда қилган ишларнинг ҳаммасига биз гувоҳмиз. Шундан кейин Исони ёғочга михлаб, ўлдирдилар.

[40] Аммо Худо Уни учинчи куни тирилтириб, зоҳир қилди.

[41] Исо ҳаммага эмас, фақат бизга зоҳир бўлди. Чунки Худо бизни Исо ҳақида гувоҳлик беришимиз учун танлаганди. Исо тирилгандан кейин биз У билан еб–ичдик.

[42] У бизга: “Халқларга ваъз қилиб, гувоҳлик беринглар. Ўликлар ва тирикларни ҳукм қилиш учун Худо Мени тайинлаганини уларга айтинглар”, — деб буюрди.

[43] Барча пайғамбарлар ҳам Исо тўғрисида гувоҳлик берган эдилар. Исога ишонган ҳар бир одамнинг гуноҳлари Унинг номи туфайли кечирилади, деб айтган эдилар.

[44] Бутрус ҳамон гапирар экан, унинг сўзларини эшитаётганларни Муқаддас Руҳ қамраб олди.

[45] Худо ғайрияҳудийларга ҳам Муқаддас Руҳни инъом қилиб берганини Бутрус билан бирга келган яҳудий имонлилар кўриб ҳайратда қолдилар.

[46] Чунки ғайрияҳудийлар бошқа тилларда гаплашаётганини ва Худони улуғлаётганларини улар эшитиб турардилар. Шунда Бутрус деди:

[47] — Бу одамлар, худди биз сингари, Муқаддас Руҳни қабул қилдилар. Шундай экан, уларнинг сувга чўмдирилишига ким тўсқинлик қила олади?!

[48] Шундай қилиб, Бутрус уларга, Исо Масиҳ номи билан сувга чўминглар, деб буйруқ берди. Сўнг улар Бутрусдан бир неча кун қолишини илтимос қилдилар.

Ҳаворийларнинг фаолияти — Chapters