Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:07

[1] Агриппа Павлусга: — Ўзингни ҳимоя қилиб гапиришинг мумкин, — деди. Шундан кейин Павлус қўлини чўзиб, ўзини ҳимоя қилиб гапира бошлади:

[2] “Шоҳ Агриппа жаноби олийлари! Бугун мана бу яҳудийлар менга қўяётган айблардан ўзимни сизнинг ҳузурингизда ҳимоя қилаётганим учун бахтиёрман.

[3] Ахир, яҳудийларнинг одатлари ва баҳсларини сиз жуда яхши биласиз. Сиздан илтимос, марҳамат қилиб менинг гапимни эшитсангиз.

[4] Ёшлигимдан босиб ўтган ҳаёт йўлимни — Қуддусда, ўз халқим орасида кечирган ҳаётимни ҳамма яҳудийлар биладилар.

[5] Агар улар гувоҳлик беришни истасалар, динимизнинг энг ашаддий мазҳаби фарзийларга мансуб бўлганимни улар азалдан биладилар.

[6] Энди эса, Худонинг ота–боболаримизга берган ваъдасига умид қилганим учун ҳукм қилиняпман.

[7] Ваҳоланки, халқимизнинг ўн икки қабиласи кечаю кундуз Худога чин дилдан сажда қилиб, шу ваъда бажо бўлишига умид қиляптилар. Жаноби олийлари, мен ҳам айнан шундай умид қилганим учун яҳудийлар мени айблаяптилар.

[8] Эй шу ерда турганлар! Нима учун Худо ўликларни тирилтиришига ишониб бўлмайди, деб ўйлайсизлар?

[9] Мен ўзимча, Носиралик Исонинг номига қарши ҳар нарсани қилишим керак, деб ўйлагандим.

[10] Мен буни Қуддусда қилдим ҳам. Бош руҳонийлардан ваколат олиб, Худонинг азизларидан кўпчилигини қамоққа ташладим. Улар ўлимга ҳукм қилинганларида, мен буни маъқуллаб турардим.

[11] Мен тез–тез бир синагогадан иккинчисига бориб, уларни жазолардим, имонларидан қайтаришга ҳаракат қилардим. Мен уларга нисбатан шунчалик шафқатсиз эдимки, ҳатто бегона шаҳарларда ҳам уларни қувғин қилгани борардим.

[12] Бир куни шу мақсадда бош руҳонийлардан ваколат олиб, Дамашққа бир топшириқ билан кетаётган эдим.

[13] Жаноби олийлари! Мен куппа–кундузи йўлда кетаётганимда, бирдан осмонда қуёшдан ҳам ёруғ нурни кўрдим. Нур шерикларим билан менинг ён–атрофимни ёритиб юборди.

[14] Ҳаммамиз ерга йиқилдик. Шунда орамий тилида менга гапираётган бир овозни эшитдим: — Шоул! Шоул! Нимага Мени қувғин қиляпсан? Ҳўкиз ўз эгасининг таёғини тепиб, ўзига зарар келтиргандай, сен ҳам Менга қарши чиқиб, ўзингга зарар келтиряпсан.

[15] — Ҳазратим! Сиз кимсиз? — деб сўрадим мен. — Сен қувғин қилаётган Исоман, — деб жавоб берди Раббий.

[16] — Энди ўрнингдан тур, Шоул. Сени Ўз хизматкорим қилиб тайинлаш мақсадида сенга зоҳир бўлдим. Сен Мени кўрганингни бошқаларга айтасан, сенга кўрсатадиганларим тўғрисида гувоҳлик берасан.

[17] Мен сени ўз халқинг қўлидан қутқараман. Сени ғайрияҳудийлар орасига юбориб, уларнинг қўлидан ҳам халос этаман.

[18] Сен ғайрияҳудийларнинг кўзларини очасан, уларни зулматдан ёруғликка, шайтоннинг ҳукмронлигидан Худонинг ҳукмронлигига қайтарасан. Менга имон келтириш орқали уларнинг гуноҳлари кечирилиб, улар Худонинг танланган халқи орасидан жой оладилар.

[19] Шундай қилиб, шоҳ Агриппа жаноблари, самодан менга келган ваҳийга итоатсизлик қилмадим.

[20] Аввало, Дамашқда ва Қуддусда, кейин бутун Яҳудияда, шунингдек, ғайрияҳудийлар орасида: «Гуноҳларингиз учун тавба қилинглар, Худога юз буринглар, тавба қилганингизни кўрсатадиган ишлар қилинглар», деб ваъз қилдим.

[21] Шу сабабдан яҳудийлар мени Маъбадда тутиб олиб, ўлдирмоқчи бўлдилар.

[22] Аммо шу кунгача Худо менга мадад берди. Мен ҳаммага — каттаю кичикка бирдай гувоҳлик бериб келдим. Мен уларга фақат пайғамбарларнинг ва Мусонинг айтганларини гапирган эдим.

[23] Масиҳ Ўз халқига ва ғайрияҳудийларга нур олиб келиш учун азоб чекиши ва биринчи бўлиб ўликдан тирилиши керак, деб айтдим, холос.”

[24] Павлус шу тариқа ўзини ҳимоя қилар экан, Фестус унга бақириб деди: — Сен телба бўлиб қолибсан, Павлус! Кўп билганинг сени ақлдан оздиряпти!

[25] Павлус эса шундай деди: — Мен ақлдан озганим йўқ, Фестус жаноби олийлари! Мен жиддий ҳақиқатни гапиряпман.

[26] Шоҳ бу нарсалар тўғрисида билгани учун, мен унга бемалол гапирмоқдаман. Бу нарсаларнинг ҳар бири унинг эътиборидан четда қолмаганига имоним комил. Чунки булар яширин қилинган эмас.

[27] Шоҳ Агриппа жаноблари! Сиз пайғамбарларнинг башоратларига ишонасизми? Биламан, ишонасиз.

[28] Агриппа Павлусга: — Сен дарров мени масиҳий бўлишга кўндирмоқчисан–а, — деди.

[29] Павлус шундай жавоб берди: — Дарров бўладими ёки узоқ вақтдан кейин бўладими, нафақат сиз, балки менинг гапларимни эшитаётганларнинг ҳаммаси мен сингари бўлсин деб, Худога ибодат қиламан. Аммо мана бу кишанларни сизларга раво кўрмайман.

[30] Шундан кейин шоҳ Агриппа, ҳоким Фестус, Верника ва бошқалар ўринларидан турдилар.

[31] Улар кетаётиб, бир–бирларига: “Бу одам ўлимга ёки зиндонга ташланишга лойиқ бирон иш қилмаган”, деб айтдилар.

[32] Агриппа Фестусга: — Агар бу одам Қайсарнинг ҳукмини талаб қилмаганда эди, уни озод қилиш мумкин эди, — деди.

Ҳаворийларнинг фаолияти — Chapters