[1] Стефаннинг ўлимини Шоул маъқуллаган эди. Ўша кунданоқ Қуддусдаги имонлилар жамоати шафқатсиз қувғинлардан азоб чека бошлади. Ҳаворийлардан бошқа ҳамма имонлилар Яҳудия ва Самария бўйлаб тарқалиб кетдилар.
[2] Тақводор одамлар Стефанни дафн қилдилар, у учун қаттиқ қайғуриб, аза тутдилар.
[3] Шоул эса жамоатни йўқ қилиш пайига тушган эди. У уйма–уй юриб, эркагу аёл имонлиларни судраб олиб чиқар, уларни қамоқхонага ташлар эди.
[4] Имонлилар тарқалиб кетиб, Исо ҳақидаги хабарни ҳар жойларда ваъз қилиб юрардилар.
[5] Филип Самариянинг бош шаҳрига бориб, у ердаги аҳолига Масиҳ тўғрисида ваъз қилди.
[6] Филипни тинглаб турган ва қилган мўъжизаларини кўрган оломон унинг гапларига диққат билан қулоқ солди.
[7] Ёвуз руҳлар кўп одамларнинг ичидан чинқириб чиқиб кетарди, кўплаб шол ва чўлоқ одамлар шифо топар эдилар.
[8] Шундай қилиб, ўша шаҳарда катта шодлик ҳукм сурарди.
[9] Шу ерда Шимўн деган бир одам яшарди. У анчадан бери сеҳр–жодулар қилиб, Самария аҳолисини ҳайратда қолдириб келарди. Шу тариқа у ўзини буюк одам қилиб кўрсатарди.
[10] Шаҳардаги ҳар бир одам — каттаю кичик унинг гапларига диққат билан қулоқ солар, “Бу одам Худонинг қудратидир, у Буюк Қудрат деб ном олган”, деб айтарди.
[11] Шимўн узоқ вақт одамларни сеҳр–жодулари билан ажаблантириб келгани учун ҳам, одамлар унга диққат билан қулоқ солишарди.
[12] Аммо Филип Худонинг Шоҳлиги ва Исо Масиҳ тўғрисидаги Хушхабарни ваъз қилгандан кейин, одамлар Филипга ишондилар. Эркагу аёл сувга чўмдирилди.
[13] Ҳатто Шимўн ҳам имонга келди. У сувга чўмдирилгандан кейин, юз бераётган аломатлару буюк мўъжизаларни кўриб, ҳайратда қолди ва Филипдан ажралмайдиган бўлди.
[14] Қуддусдаги ҳаворийлар, Самария аҳолиси Худонинг каломини қабул қилибди, деб эшитганлари учун, Бутрус билан Юҳаннони уларнинг олдига юбордилар.
[15] Бутрус билан Юҳанно бориб, Муқаддас Руҳни қабул қилиб олинглар, деб Самарияликлар учун ибодат қилдилар.
[16] Чунки ҳали Муқаддас Руҳ уларнинг биронтасини ҳам қамраб олмаган эди. Улар фақат Раббимиз Исо номи билан сувга чўмдирилган эдилар, холос.
[17] Шундан кейин Бутрус билан Юҳанно уларнинг устига қўлларини қўйдилар. Шу тариқа Самарияликлар Муқаддас Руҳни қабул қилдилар.
[18] Шимўн кўрдики, одамларнинг бошларига ҳаворийлар қўлларини қўйганларида, Муқаддас Руҳ уларга бериларди. У Бутрус билан Юҳаннога пул таклиф қилиб, деди:
[19] — Шу қудратдан менга ҳам беринглар, токи биронтасининг бошига қўлларимни қўйганимда, ўша одам Муқаддас Руҳни қабул қилсин.
[20] Аммо Бутрус шундай жавоб берди: — Пулинг ўзинг билан бирга дўзахга равона бўлсин, чунки сен, Худонинг инъомини пулга сотиб олсам бўлади, деб ўйлайсан.
[21] Бу ишда сенинг на улушинг, на ҳақинг бор! Сенинг юрагинг Худо назарида тўғри эмас.
[22] Энди тавба қилиб, бу фосиқ ниятингдан қайт, “Мени кечиргин”, деб Эгамизга ибодат қил, балки юрагингдаги ниятингни У кечирар.
[23] Кўриб турибман: юрагинг аччиқ зардага тўла, ўзинг фосиқлик занжирига боғлангансан.
[24] Шимўн шундай жавоб берди: — Мен учун Эгамизга ибодат қилинглар, тағин айтганларингиздан бири бошимга тушмасин.
[25] Бутрус билан Юҳанно у ерда гувоҳлик бериб, Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилдилар. Шундан кейин Самариянинг кўп қишлоқларида Хушхабарни эълон қилиб, Қуддусга қайтиб кетдилар.
[26] Шу орада Эгамизнинг бир фариштаси Филипга деди: “Қани, бўл, жанубга бор, Қуддусдан Ғазога олиб борадиган саҳро йўлидан кет.”
[27] Филип йўлга чиқди, кетаётиб Ҳабашистонлик бир амалдорни учратиб қолди. У Ҳабашистон маликасининг бош хазинабони лавозимидаги катта амалдор эди. У сажда қилгани Қуддусга келиб,
[28] энди уйига қайтаётган эди. Амалдор аравада ўтирганича, Ишаё пайғамбар китобини ўқиб кетаётган эди.
[29] Муқаддас Руҳ Филипга: “Аравага яқинроқ бор, унинг ёнида юр”, деди.
[30] Филип югуриб, аравага етиб олди, амалдорнинг Ишаё пайғамбар китобини ўқиётганини эшитди. Филип: — Ўқиётганингизни тушуняпсизми? — деб сўради.
[31] — Биронтаси ёрдам бермаса, тушунармидим?! — деб жавоб берди амалдор. У Филипга: “Чиқ, ёнимга ўтир”, деб таклиф қилди.
[32] Амалдор ўқиётган Муқаддас битиклар парчаси қуйидагилар эди: “Бўғизланишга олиб борилган қўйдай, Жун қирқувчи олдида жим турган қўзидай У миқ этмади, оғзини очмади.
[33] У хўрланди. Адолатдан маҳрум қилинди. Унинг насли ҳақида ким ўйлайди? Ер юзида унинг ҳаётига чек қўйилди.”
[34] Амалдор Филипдан сўради: — Айт–чи, пайғамбар бу гапларни ким тўғрисида айтди — ўзи тўғрисидами ёки бошқа биронтаси тўғрисидами?
[35] Шундан кейин Филип тушунтира бошлади, Муқаддас битикларнинг шу қисмидан бошлаб, Исо ҳақидаги Хушхабарни амалдорга сўзлаб берди.
[36] Улар йўлда кетаётганларида, сув бор жойга келиб қолдилар. Шунда амалдор деди: — Мана бу ерда сув бор экан. Сувга чўмдирилишимга нима халақит беради?!
[38] Амалдор аравани тўхтатишга буюрди. Улар иккаласи — Филип билан амалдор сувга тушдилар, Филип уни сувга чўмдирди.
[39] Улар сувдан чиққанларидан кейин, Эгамизнинг Руҳи тўсатдан Филипни олиб кетди. Амалдор уни қайтиб кўрмади, аммо хурсанд бўлганича, йўлида давом этди.
[40] Филип эса Азотус шаҳрида пайдо бўлиб қолди. У Қайсарияга келгунча, бутун ўлка бўйлаб ўтар экан, ҳамма шаҳарларда Хушхабарни эълон қилиб бораверди.