[1] Сургун бўлган пайтимизнинг олтинчи йили олтинчи ойининг бешинчи кунида Яҳудо оқсоқоллари мени кўргани уйимга келишди. Мен улар билан ўтирганимда, Эгам Раббийнинг қудрати мени қамраб олди.
[2] Қарасам, инсон қиёфасидаги бир киши турибди. Ўша кимсанинг белидан пастки қисми оловдай чақнар эди. Юқори қисми эса сайқалланган мисдай нур таратиб турар эди.
[3] У қўлга ўхшаш бир узвини узатиб, мени сочимдан тутди. Сўнг Руҳ мени замин узра кўтарди–да, Худонинг мана шу ваҳийсида Қуддус шаҳрига олиб кетди. У мени Маъбаднинг ички ҳовлисидаги шимолий дарвозанинг олдида турган катта бир бут олдига олиб борди. Бу бут Худонинг рашкини қўзғатарди.
[4] Ўша ерда Исроил Худосининг улуғворлиги бор эди. Мен бундай ваҳийни водийда ҳам кўрган эдим.
[5] Худо менга шундай деди: “Эй инсон, шимол томонга назар ташла.” Мен шимол томонга назар ташладим. Худонинг рашкини қўзғатадиган ўша бут қурбонгоҳ ёнидаги дарвозанинг кираверишида турарди.
[6] Шунда Худо менга деди: “Эй инсон, халқимнинг қилмишини кўрдингми? Улар бу ерда жирканч ишларни қилиб, Мени муқаддас масканимдан ҳайдаб юбормоқчилар. Қани юр, Мен сенга бундан баттарини ҳам кўрсатаман.”
[7] У мени Маъбаднинг ташқи ҳовлиси кираверишига олиб борди. Қарасам, деворда бир тешик бор экан.
[8] У менга деди: “Эй инсон, қани бўл, девордаги тешикни катталаштир.” Мен девордаги тешикни катталаштирдим, шунда бир эшикка дуч келдим.
[9] Худо менга деди: “Ичкарига кир. Бу ерда қилинаётган ўтакетган жирканч ишларни ўз кўзинг билан кўриб қўй.”
[10] Мен ичкарига кирдим. Деворларнинг ҳамма ёғига судралиб юрувчи жониворларнинг ва ҳаром ҳайвонларнинг расмлари ҳамда Исроил халқи сиғинадиган барча бутларнинг тасвирлари солинган эди.
[11] Тасвирларнинг олдида Исроил халқининг етмишта оқсоқоли турган эди. Шофон ўғли Язаниё ҳам ўшаларнинг орасида эди. Ҳар бирининг қўлида биттадан оловкурак бор эди. Оловкураклардан ёнаётган тутатқиларнинг хушбўй тутуни кўтариларди.
[12] Худо деди: “Эй инсон, Исроил оқсоқолларининг бутларга тўла қоронғи хонада нима қилаётганини кўрдингми? Улар шундай дейдилар: «Эгамиз бизни кўрмаяпти, У юртимизни тарк этган.»”
[13] Сўнг Худо яна деди: “Қараб тур, Мен сенга бундан ҳам баттарроғини кўрсатаман.”
[14] Кейин Эгамиз мени уйининг шимолий дарвозаси ёнига олиб борди. У ерда хотинлар ўтириб, худо Таммуз учун қайғуриб йиғлаётган эдилар.
[15] Шунда Худо деди: “Эй инсон, буни кўрдингми?! Мен сенга бундан ҳам баттарроғини кўрсатаман.”
[16] Эгамиз мени уйининг ички ҳовлисига олиб кирди. Уйнинг кираверишида, айвон ва қурбонгоҳ орасида йигирма беш нафар киши турар эди. Улар Маъбадга орқасини ўгириб, шарқдан чиқаётган қуёшга сажда қилаётган эдилар.
[17] Эгамиз менга шундай деди: “Ана кўрдингми, инсон? Яҳудо халқининг мана шу ерда қилаётган жирканч ишлари етмасмиди?! Улар бутун юртни зўравонликка тўлдирмоқдалар, қайта–қайта қаҳримни келтирмоқдалар. Мени ҳақорат қилаётганларини бир кўриб қўй!
[18] Шунинг учун Мен уларнинг устига ғазабимни сочаман. Уларга ачинмайман, раҳм қилмайман. Овозлари борича Менга хитоб қилишса ҳам, уларга қулоқ солмайман.”