[1] Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
[2] “Эй инсон, қотиллар шаҳрини ҳукм қил. Унинг жирканч одатларини юзига сол,
[3] унга шундай деб айт: «Эгамиз Раббий демоқда: эй Қуддус, сен ўз кўчаларингда қон тўкиб, бошингга бало орттирдинг. Бутлар ясаб, ўзингни булғадинг.
[4] Тўкилган ўша қон учун сен айбдор бўлдинг, ясаган бутларинг билан булғандинг. Ҳалокат кунингни яқинлаштирдинг. Ўз ҳаётингга якун ясадинг! Шу боис халқлар сени мазах қилишларига, юртлар устингдан кулишларига Мен йўл қўяман.
[5] Эй ёмон от чиқарган, ғалаёнга тўла шаҳар, узоқ–яқиндагилар сени мазах қиладилар.
[6] Шаҳардаги Исроил йўлбошчилари ўз мансабидан фойдаланиб, қон тўкадилар.
[7] У ердаги одамлар ота–онасини хор қиладилар, мусофирларни алдайдилар, етим ва беваларга зулм ўтказадилар.
[8] Муқаддас нарсаларимни хор қилиб, Шаббат кунларимни булғайдилар.
[9] Баъзилари одамларни ўлдириш учун туҳмат қиладилар. Бутхоналарда келтирилган қурбонликлардан тановул қиладилар, ўзларининг шаҳвоний ҳирсларини қондириш билан овора бўладилар.
[10] Бошқалари ўгай оналари билан ётадилар, ҳайз кўрган аёлларни зўрлайдилар.
[11] Қўшнининг хотини билан жирканч ишлар қиладилар, келинларини уятсизларча булғайдилар, туғишган сингилларининг номусига тегадилар.
[12] Шаҳардаги баъзи одамлар пул учун одам ўлдирадилар. Берган қарзидан фоиз ундирадилар, ўзганинг бор–йўғини тортиб олиб, даромад кўрадилар. Эй Қуддус аҳолиси, Мени унутиб юбордингиз! Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.
[13] Ноҳақ фойда кўрганингиз учун, қон тўкканингиз учун Мен ғазаб ичра кафтимни кафтимга ураман.
[14] Адабингизни берган куним мардлигингизни кўраман, ўшанда Мен билан олишишга қурбингиз етармикан?! Мен, Эгангиз, айтганларимни амалга ошираман.
[15] Мен сизларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман, ифлос қилмишларингизга чек қўяман.
[16] Бегона халқлар сизларни хор қилганда, Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»”
[17] Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
[18] “Эй инсон, Исроил халқи Мен учун тошқолдай қадрсиз бўлиб қолди. Кумуш эритилгандан кейин ўчоқда қотиб қолган мис, қалай, темир ва қўрғошин қоришмаси кабидир бу халқ.
[19] Уларга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: сизлар тошқолдай бўлиб қолганингиз учун Мен сизларни Қуддусга йиғаман.
[20] Кумуш, мис, қалай, темир ва қўрғошин ўчоққа қандай йиғилса, эритиш учун тагига олов қандай ёқилса, Мен худди шундай қаҳру ғазаб билан сизларни йиғаман, ҳаммангизни шаҳарда эритиб йўқ қиламан.
[21] Ҳа, Мен сизларни Қуддусга йиғиб оламан, ғазабим оловини сизларга сочаман. Сизлар эриб йўқ бўлиб кетасизлар.
[22] Кумуш ўчоқда эригандай, сизлар қаҳрим ўтида эриб йўқ бўласизлар. Шунда устингизга ғазаб ўтини сочган Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»”
[23] Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
[24] “Эй инсон, Исроил халқига шундай деб айт: «Сизлар қаҳр кунида покланмаган, устига ёмғир ёғмаган бир юртдирсиз.
[25] Юртингиздаги шаҳзодалар ўкираётган, ўлжасини тилка–пора қилаётган шерга ўхшайди. Улар одамхўрлик қиладилар, мулку бойликни қўлга киритадилар, қотилликлар қилиб, беваларнинг сонини кўпайтирадилар.
[26] Руҳонийларингиз қонунимни бузиб, муқаддас нарсаларимни булғадилар. Муқаддас билан оддий нарсанинг фарқига бормадилар. Одамларга нима ҳарому нима ҳалол эканини ўргатмадилар, Шаббат кунларига риоя қилмадилар, хуллас, халқим орасида Мени беобрў қилдилар.
[27] Юртингиздаги йўлбошчилар ўлжасини тилка–пора қилаётган бўрига ўхшайдилар. Улар бойлик орттириш учун қон тўкадилар, одамларнинг жонини оладилар.
[28] Пайғамбарларингиз эса деворни оқлаган мардикорлар каби, бу гуноҳларни яшириб, устидан оқлайдилар. Ёлғон ваҳийлар кўриб, сохта башоратлар айтадилар. Мен уларга гапирмасам ҳам, ‘Эгамиз Раббий шундай демоқда’ деб гапирадилар.
[29] Юртингиздаги одамлар қаллоблигу ўғрилик қиладилар, камбағалу ночорни эзадилар, мусофирнинг бор–йўғини тортиб оладилар, ҳақини талаб қилишга йўл қўймайдилар.
[30] Деворни қайта қурадиган, деворнинг ўпирилиб тушган жойида туриб, юртни ҳимоя қиладиган бирорта одам бормикан, дея сизларнинг орангиздан изладим. Аммо юртни қаҳримдан сақлаб қоладиган бундай одамни топа олмадим.
[31] Шунинг учун Мен сизларга қаҳримни сочаман, ҳаммангизни ғазабим оловида йўқ қиламан. Қилган қилмишларингизга яраша жазоингизни бераман. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”