[1] Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
[2] “Эй инсон, Оммон халқига юзлан, уларга қарши башорат қил.
[3] Оммон халқига айт: «Эгамиз Раббийнинг сўзларини эшитинг! Эгамиз Раббий шундай демоқда: муқаддас масканим ҳаром қилинганда, Исроил юрти хароб бўлганда, Яҳудо халқи сургун қилинганда, сизлар: ‘Аҳа!’ дея хурсанд бўлган эдингизлар.
[4] Шунинг учун Мен сизларни шарқдаги кўчманчилар қўлига топшираман. Улар юртингизда қароргоҳлар қуриб, чодирларини тикадилар, ҳосилингизни еб, сутингизни ичадилар.
[5] Мен пойтахтингиз Раббани туялар учун даштга айлантираман. Бутун юртингизни қўйлар учун қўра қиламан. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.
[6] Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: сизлар юрагингиздаги бутун ғараз билан Исроилнинг бахтсизлигидан севиндингизлар, чапак чалиб, сакраб ўйнадингизлар.
[7] Шу қилганингиз учун Мен қўлимни сизларга қарши кўтараман. Сизларни бошқа халқларга ўлжа қилиб бераман. Халқлар орасидан сизларни йўқ қилиб, юртингизни ер юзидан супуриб ташлайман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»”
[8] Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Мўаб халқи: «Яҳудо халқининг бошқа халқлардан ҳеч қандай фарқи йўқ», деб айтгани учун,
[9] Мен Мўабнинг ғарбий қанотини очиб ташлайман, юртнинг гавҳарлари Байт–Яшимўт, Баал–Миён, Хиратайим шаҳарларини вайрон қиламан.
[10] Мўабни Оммон халқи сингари, шарқдаги кўчманчиларнинг қўлига бераман. Оммон халқи ер юзидан йўқ бўлиб кетади,
[11] Мен Мўаб халқини ҳам жазолайман. Шунда улар Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.”
[12] Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Эдом халқи Яҳудодан ўч олиб, катта гуноҳ қилди.
[13] Шу сабабдан Мен уларга қарши қўлимни кўтариб, Эдом юртини вайрон қиламан, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Одаму ҳайвонларини қириб ташлайман. Темон шаҳридан тортиб, то Дедон шаҳригача бўлган ҳаммани қиличдан ўтказаман.
[14] Халқим Исроил орқали Эдомдан қасос оламан. Улар орқали қаҳру ғазабимни Эдомликлар устига сочаман. Шунда Эдом халқи қасосим нима эканлигини билиб олади.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.
[15] Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Асрлар давомида Филистлар адоват қилиб, халқимдан ўч олдилар. Халқимни хонавайрон қилиш мақсадида, юракларидаги ғаразга берилиб, улардан қасос олдилар.
[16] Шу сабабдан Мен Филист юртига қарши қўлимни кўтараман, Харет халқини йўқ қиламан, соҳилда қолганларнинг ҳаммасини қириб юбораман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.
[17] — Мен улардан даҳшатли қасос оламан, ғазабим устида уларни жазолайман. Ўшанда Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.”