Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 9:08

[1] Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

[2] “Эй инсон, Тир ҳақида бир марсия куйла.

[3] Денгиз бўйидаги юртлар билан савдо–сотиқ қиладиган, денгиз дарвозасида ўрнашган Тир шаҳрига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Эй Тир, сен: ‘Гўзалликда баркамолман’, дединг.

[4] Ҳа, сенинг чегараларинг денгиз бағридан ўтган, Қурувчиларинг гўзаллигингни баркамол қилган.

[5] Хермон тоғидаги арча ёғочидан қурилган Улкан бир кемадай эдинг сен. Қурувчиларинг мачтангни ясаш учун Лубнондан келтирилган садр ёғочини ишлатдилар.

[6] Эшкакларингни Башан эманларидан ясадилар. Кема саҳнини Кипр қарағайларидан қилдилар, Фил суяги билан уни безатдилар.

[7] Елканларинг Мисрдан келтирилган нақшли матолардан эди, Улар сенга байроқ бўлиб хизмат қиларди. Элишох қирғоқларидан олиб келинган Кўк ва сафсар газламалар соябонинг эди.

[8] Сидон ва Арвод одамлари эшкакларингни эшар эди, Ўз моҳир одамларинг эса кемаларингни бошқарар эди.

[9] Габоллик тажрибали кемасозларинг бор эди, Улар кемангнинг ёриқларини сақичларди. Барча кемалару денгизчилар келиб, Сенинг молларингни сотиб олишар эди.

[10] Форс, Лидия ва Ливия юртларининг аскарлари Сафларингда хизмат қилар эди. Қалқону дубулғаларини деворларингга осиб, Сени салобатли қилишар эди.

[11] Арвод ва Хелекдан келган одамлар Деворларингда соқчилик қилишарди, Гамадликлар минораларингни қўриқлашарди. Деворларингга қуролларини осиб, Гўзаллигингни баркамол қилишарди.

[12] Сенинг бойликларинг шу қадар кўп эдики, ҳатто Таршиш аҳолиси сен билан савдо–сотиқ қиларди. Улар кумуш, темир, қалай ва қўрғошинни молларингга айирбошлашарди.

[13] Юнонлар, Тувал ва Мешех халқлари сен билан савдо–сотиқ қилар эди. Молларинг эвазига қулларни ва бронза буюмларни беришар эди.

[14] Тўхармоликлар аравага қўшиладиган отларни, жанг отларию хачирларини молларингга алмаштиришарди.

[15] Рўдон халқи сен билан савдо–сотиқ қилар эди. Денгиз соҳилидаги кўп юртлар сенинг харидорларинг эди. Улар фил суяги ва обнус ёғочини сенга тўлов сифатида беришарди.

[16] Молларинг беҳисоб бўлгани учун Орам халқи ҳам сен билан савдо–сотиқ қиларди. Молларинг эвазига қимматбаҳо фируза тошларни, сафсар матоларни, нақш солинган газламаларни, майин зиғир матоларини, маржону ёқутларни олиб келарди.

[17] Яҳудо ва Исроил юртлари сен билан олди–сотди қилишарди. Улар молларинг эвазига Миннитдан келтирилган буғдойни, шунингдек, ширинликлар, асал, зайтун мойи ва мумиё олиб келишарди.

[18] Сенинг чексиз бойликларинг, турли хил молларинг туфайли, Дамашқ аҳолиси сен билан савдо–сотиқ қиларди. Молларинг эвазига улар Хелбон шаробини ва оппоқ юнгни олиб келишарди.

[19] Узол шаҳридан шароб келтириб, сен билан олди–сотди қилишарди. Ишлов берилган тоза темирни, долчин ва хушбўй қамишни молларингга алмаштиришарди.

[20] Дедонликлар сенга от терлигини сотишар эди.

[21] Қўзичоқ, қўчқор ва эчкилар билан сени таъминлаган Арабистон ва Кедар шаҳзодалари молларингни харид қилишарди.

[22] Шава ва Рамо савдогарлари сен билан савдо–сотиқ қилишарди. Молларинг эвазига энг аъло зираворларни, қимматбаҳо тошлару олтинни беришарди.

[23] Хорон, Ханнох ва Эден шаҳарлари ҳамда Шава, Ошур ва Хилмад савдогарлари сен билан савдо–сотиқ қилишарди.

[24] Улар қимматбаҳо либослар, кўк матолар, нақш солинган кўйлаклар, ранг–баранг гиламлар, пухта эшилган арқонларни сенга сотишарди.

[25] Таршиш кемалари карвонларинг бўлиб хизмат қиларди. Сен денгизда сузган бир кемадайдирсан, Оғир юк сенга юкланган.

[26] Эвоҳ, эшкакчиларинг сени очиқ денгизга олиб чиқишади. Шарқ шамоли сени денгиз бағрида парчалаб юборади.

[27] Кеманг ҳалокатга учраган куни Молларинг, бойликларинг, Денгизчиларинг, дарғаларинг, Кемасозларинг, савдогарларинг, Жангчиларинг ва кемадаги одамларинг Денгиз тубига чўкиб, ҳалок бўладилар.

[28] Чўкаётган дарғаларинг фарёд қилади, Додлари соҳилларни ларзага солади.

[29] Ҳамма эшкакчилар кемаларини тарк этади, Денгизчилару дарғалар соҳилга чиқиб олади.

[30] Улар сен учун фарёд қилади, Аччиқ–аччиқ кўз ёшлар тўкади. Бошларидан тупроқ сочади, Кулга беланиб, ётиб олади.

[31] Сени деб сочларини қирдиради, Қанорга ўраниб олади, Қайғудан юрак–бағри қон бўлади.

[32] Улар йиғлаб, сен ҳақингда марсия куйлайди: ‘Тир каби биронта шаҳар борми?! Денгиз уни ўз қаърига тортиб кетди.’

[33] Сен денгиз ортидан келтирган молларинг билан, Кўплаб халқларнинг эҳтиёжини қондирдинг. Чексиз зийнатлару молларинг билан Дунё шоҳларини сен бойитдинг.

[34] Энди эса денгиз сени парчалади, Ўз домига сени тортиб кетди. Барча молларингу денгизчиларинг Сен билан бирга нобуд бўлди.

[35] Соҳилдаги халқлар кулфатингни кўриб, даҳшатга тушади. Қўрқувдан шоҳларнинг афти буришиб кетади.

[36] Аҳволингдан дунё савдогарлари ёқасини ушлайди. Ҳа, сенинг бошингга даҳшатли ўлим келди, Сен абадий йўқ бўласан.»”

Ҳизқиёл пайғамбарнинг китоби — Chapters