[1] Эгамиз менга Исроилнинг икки шаҳзодаси учун мана шу марсияни айтишимни буюрди:
[2] “Сенинг онанг қўрқмас бир шер эди! У шерлар орасида ўрнашди, Ёш шерлар орасида болаларини ўстирди.
[3] Битта боласи кучли бир шер бўлди. У ов қилишни ўрганди, Одамхўрлик қила бошлади.
[4] Буни халқлар эшитдилар, Шерни ўзларининг тузоғига туширдилар. Уни занжирбанд қилиб, Мисрга олиб кетдилар.
[5] Она шер умиди пучга чиққанини кўрди, Орзуси ушалмаганини билди. Шунда бошқа боласини ўстирди, Уни кучли бир шер қилди.
[6] У катта бўлгач, Бошқа шерлар ила изғийдиган бўлди. Ов қилишни ўрганди, Одамхўрлик қила бошлади.
[7] Қалъаларини бузар эди, Шаҳарларини вайрон қиларди. Юрт ва унинг бутун аҳолиси У ўкирганда даҳшатга тушарди.
[8] Атрофдаги ҳудудлардан халқлар Унга ҳужум қилдилар. Устига тўр ташлаб, Тузоғига туширдилар.
[9] Занжирбанд қилиб, қафасга солдилар, Бобил шоҳи ҳузурига олиб бордилар. Исроил тоғларида унинг товуши Бошқа эшитилмасин дея, Уни зиндонга ташладилар.
[10] Сенинг онанг узумзордаги токдай эди, Ариқ бўйига ўтқазилган эди. Сувга мириққанидан Серновдаю серҳосил эди.
[11] Бақувват новдалари Салтанат ҳассаларига айланди. Қалин шох–шаббадан ҳам баланд кўтарилди. Баландлиги, сербарглиги билан Кўзга ташланиб турар эди.
[12] Аммо ғазаб ичра ток суғуриб ташланди, Ерга улоқтириб юборилди. Шарқдан эсган шамол ҳосилини қуритди, Бақувват новдалари синиб қуриди. Ҳаммасини олов ямлаб юборди.
[13] Энди бу ток саҳрога ўтқазилган. Ҳа, сувсаган, қақроқ чўлга экилган.
[14] Унинг поясидан олов чиқди, Новдалару меваларини куйдириб юборди. Биронта бақувват новдаси қолмади, Салтанат ҳассасига ярамайдиган бўлди.” Бу марсия қўшиғидир, у мотам оҳангида куйланади.