Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:34

[1] Сургун бўлган пайтимизнинг ўн биринчи йили, ойнинг биринчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

[2] “Эй инсон, мана, Тир Қуддус ҳақида шундай деб айтмоқда: «Аҳа! Халқларнинг савдо дарвозаси бузилди. Менга кенг йўл очилди. Энди у вайрон бўлганда, мен бойиб кетаман.»

[3] Шунинг учун Тирга айт: «Эгамиз Раббий демоқда: Мен сенга қаршиман! Мен кўплаб халқларни сенга қарши йиғаман, улар денгиз тўлқинлари каби сенга ёпириладилар.

[4] Шаҳрингнинг деворларини бузиб, минораларингни қулатадилар. Мен тупроғингни супуриб ташлайман, сени яланғоч бир тошлоқ ҳолига келтираман.

[5] Денгиз ўртасидаги бу оролда балиқчилар тўрларини ёйиб қуритадиган бўладилар. Ахир, буларни Мен айтдим. Шаҳринг халқларга ўлжа бўлади.

[6] Сенга қарашли соҳилдаги ҳамма қишлоқлар аҳли қиличдан ўтказилади. Ўшанда Эганг Мен эканлигимни сен билиб оласан.

[7] Эгамиз Раббий демоқда: сенга қарши энг буюк шоҳни — Бобил юртининг ҳукмдори Навухадназарни қўзғатаман. У сенинг устингга шимолдан отлару жанг араваларини, суворилару катта лашкарни тортиб келади.

[8] Бобил шоҳи сенга қарашли барча қишлоқларингни қиличдан ўтказади. Шаҳар атрофига қамал иншоотларини қурдиради, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдиради, сенга қарши қалқонларини ўрнатади.

[9] Девортешар қуроллар билан деворларингга зарба беради. Болталар билан минораларингни бузади.

[10] Деворидан тешик очилган шаҳарга одамлар бостириб киргандай, Бобил шоҳи сенинг дарвозаларингдан бостириб киради. Сувориларининг, ғилдирагу жанг араваларининг шовқинидан деворларинг титрайди. Сон–саноқсиз отларининг кўтарган чанги сени қоплаб олади.

[11] Отларининг туёқлари ҳамма кўчаларингни топтайди. Одамларинг қиличдан йиқилади, улкан устунларинг ер билан яксон бўлади.

[12] Душман бойликларингни талаб кетади, молларингни ўлжа қилиб олади. Деворларингни йиқитади, ҳашаматли уйларингни вайрон қилади, тошлари, ёғочлари, ҳатто тупроғини ҳам денгизга улоқтиради.

[13] Мен қўшиқларингга чек қўяман. Арфангнинг наволари ҳам эшитилмайдиган бўлади.

[14] Мен сени яланғоч бир тошлоққа айлантираман, балиқчилар тўрларини қуритадиган бир ер бўласан. Ҳеч ким шаҳрингни қайта қурмайди. Ахир, буларни Мен айтдим. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»

[15] Яна Тирга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: шаҳрингда қирғин бўлганда, ярадорлар инграганда, қулашингнинг шовқинидан соҳилдаги барча халқларни титроқ босади.

[16] Денгиз бўйидаги салтанатларнинг шоҳлари тахтларидан тушиб, зар чопону нақш солинган либосларини ечишади. Улар ваҳимага бурканиб, ерга ўтиришади. Бошингга келган кулфатдан даҳшатга тушиб, тўхтовсиз титрашади.

[17] Улар сен ҳақингда шундай марсия куйлашади: ‘Эй донг таратган денгизчилар шаҳри, Нақадар вайрон бўлиб кетдинг–а! Сен ва сенинг аҳолинг денгиз қудрати эдингиз, Соҳилдаги барча халқларни даҳшатга солар эдингиз.

[18] Сен қулаган кунинг соҳилларни титроқ босди, Ҳалокатингдан денгиздаги ороллар саросимага тушди.’

[19] Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Тир, Мен сени ҳувиллаган харобазорга айлантираман. Денгиз тубидаги улкан сувлар билан вайроналарингни қоплайман.

[20] Сени гўрга, қадимда ўтиб кетган одамлар олдига тушираман. Сен ер ости салтанатида яшайсан, абадий вайроналар орасидаги марҳумларга ҳамроҳ бўласан. Тириклар дунёсига ҳеч қачон қайтиб келмайсан, обод бўлиб илгариги мавқеингга эришмайсан.

[21] Ҳа, Мен бошингга даҳшатли ўлим келтираман, сени йўқ қиламан. Сени қидирганлар ҳеч қачон топа олмайдилар. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Ҳизқиёл пайғамбарнинг китоби — Chapters