Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:31

[1] Сургун бўлган пайтимизнинг тўққизинчи йили ўнинчи ойининг ўнинчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

[2] “Эй инсон, бу куннинг санасини ёзиб қўй, чунки Бобил шоҳи бугун Қуддусни қамал қилди.

[3] Бу исёнкор халқимга матал сўзлаб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: ўчоққа ўт ёқинг, қозонга сув қуйинг.

[4] Қозон ичига энг яхши гўштлардан — сон ва елка гўштларидан солинг, иликли суяклар билан қозонни тўлдиринг.

[5] Сурувнинг сара қўчқоридан сўйинг, ўчоққа кўпроқ ўтин йиғинг, қозондаги сувни қайнатинг, гўшту суякларни обдан пиширинг.

[6] Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: қотиллар шаҳри Қуддуснинг ҳолига вой! Бу шаҳар қасмоқли қозон кабидир, унинг қасмоғи кетмайдиган бўлиб қолган. Қани, қозонни бир чеккадан бўшатинг, қўлингизга нима илинса, олиб кетаверинг.

[7] Шаҳар ичида қотиллик қилинди, одамларнинг қони қоятошга тўкилди. Ўша қон ерга тўкилганда эди, тупроқ билан кўмилиб кетарди.

[8] Мен қонни ўша қоя устида қолдирдим, уни яшириб бўлмайди. Мен уни кўрганимда ғазабим аланга олади, у Мени қотиллардан қасос олишга ундайди.

[9] Шунинг учун Эгамиз Раббий айтмоқда: қотиллар шаҳри Қуддуснинг ҳолига вой! Мен Ўзим ўтинни баланд қилиб уяман.

[10] Қани, кўпроқ шох–шаббаларни йиғайин, катта олов ёқайин! Гўшт обдан пишсин, шўрваси қайнаб йўқ бўлсин. Суяклар эса оловда ёниб куйиб кетсин.

[11] Қозонни бўшатайин, кўмир устига қўяйин! Темир қозонни қизаргунча қиздирайин. Ичидаги ифлосликлари эриб кетсин, қасмоқлари оловда куйиб, йўқ бўлсин.

[12] Эҳ, Ўзимни беҳуда уринтирибман. Қозоннинг қалин қасмоғи кетмади. Уни қасмоғи билан оловга ташланглар!

[13] Эй Қуддус, сен беҳаёлигинг билан ўзингни булғадинг. Мен сени тозалаб кўрдим, аммо сен ҳаромлигингча қолдинг. Энди устингга Ўз қаҳримни сочмагунимча сен покланмайсан.

[14] Мен, Эганг, шундай дедим. Айтганларимни амалга оширадиган вақт келди. Энди Ўзимни тутиб турмайман. Сенга ачинмайман, Ўз шахтимдан қайтмайман. Тутган йўлларингга, қилган қилмишларингга яраша сени жазолайман. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

[15] Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

[16] “Эй инсон, Мен ўлат юбориб, сени кўзинг қувончидан жудо қиламан. Аммо сен аза тутма, фарёд қилма, кўз ёш тўкма.

[17] Инграган товуш чиқарма, ўлган азиз одаминг учун мотам тутма. Саллангни ечма, оёқ яланг юрма. Юзингни ёпма, таъзияхоналарда ейиладиган овқатдан ема.”

[18] Эрталаб мен халойиққа гапирдим. Ўша куни кечқурун эса менинг хотиним оламдан ўтди. Эртаси куни мен Худонинг айтганини қилдим.

[19] Одамлар мендан: — Нимага бундай қиляпсан? Бу билан бизга бирон нарса айтмоқчимисан? — деб сўрадилар.

[20] Мен уларга шундай жавоб бердим: — Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилиб,

[21] Исроил халқига шу гапларни айтиб қўйишимни буюрди: “Эгамиз Раббий шундай демоқда: фахрланадиган қўрғонингиз, кўзингиз қувончи, юрагингиз орзуси бўлмиш муқаддас масканимни Мен ҳаром қилдираман. Қуддусда қолган ўғил–қизларингиз қиличдан ҳалок бўлади.

[22] Шунда Ҳизқиёл нима қилган бўлса, сизлар ҳам шуни қиласизлар. Сизлар юзингизни ёпмайсизлар, таъзияхоналарда ейиладиган овқатдан емайсизлар,

[23] саллангизни ечмайсизлар, оёқ яланг юрмайсизлар, аза тутмайсизлар, фарёд қилмайсизлар. Гуноҳларингиз сизларни адойи тамом қилади, дардингизни бир–бирингизга инграб айтасизлар.

[24] Ҳизқиёл сизлар учун бир аломат бўлади, у ҳозир нима қилаётган бўлса, сизлар ҳам шуни қиласизлар. Ўша вақт келганда бу ишларни Мен, Эгангиз Раббий, қилганимни билиб оласизлар.”

[25] Эгамиз менга шундай деди: “Эй инсон, Мен халқимнинг қўрғонини, завқу шуҳратини, кўз қувончи, юрак орзуси бўлмиш Маъбадни вайрон қилган куним ўғил–қизларини ҳам қирдириб ташлайман.

[26] Қирғиндан қочиб қутулган бир одам ўша куни ёнингга келади. У бўлиб ўтган воқеаларни сенга сўзлаб беради.

[27] Шунда сен яна тилга кирасан. Келган ўша одам билан гаплашасан, бошқа сукут сақламайсан. Хуллас, халқим учун бир аломат бўласан, шунда Эгангиз Мен эканлигимни улар билиб оладилар.”

Ҳизқиёл пайғамбарнинг китоби — Chapters