[1] Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
[2] “Эй инсон, Миср ҳақида башорат қилиб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Шўримиз қурсин, эвоҳ!
[3] Даҳшатли кун яқинлашди, Менинг ғазаб куним келишига оз қолди. Мана шу кун булутли кун бўлади, Халқлар кулфат чекадиган замон бошланади.
[4] Мисрнинг бўғзига қилич келади, Ҳабашистон кулфат азобида қолади. Мисрда кўп одамлар ҳалок бўлади, Унинг бойлиги олиб кетилади, Пойдевори бузиб ташланади.
[5] Ҳабашистон, Ливия, Лидия, бутун Арабистон, Куб ва Мисрнинг қолган барча иттифоқчилари жангда ҳалок бўладилар.
[6] Эгамиз айтмоқда: Миср иттифоқчиларининг устига қирғин келади. Улар қилич тиғидан ҳалок бўлиб, жасадлари шимолдаги Мигдолдан то жанубдаги Саванайгача ётади. Мисрнинг мағрур қудрати ҳалок бўлади, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.
[7] — Миср дунёнинг энг хароб юртига айланади, у ердаги шаҳарлар вайрон бўлади.
[8] Мен Мисрга ўт қўйиб, унинг мададкорларини тор–мор қиламан. Шунда Эгаси Мен эканлигимни Мисрликлар билиб оладилар.
[9] Ўша куни хотиржам яшаётган Ҳабашистонликларни қўрқитиш учун Мен кемаларда элчиларимни жўнатаман. Миср устига кулфат тушган куни Ҳабашистонликлар азобда қоладилар. Мана, ўша кун ҳадемай келади.
[10] Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен Бобил шоҳи Навухадназар орқали Мисрнинг тўдасини яксон қиламан.
[11] Навухадназар қўшин тортиб келади. Улар ўтакетган ёвуз халқдир. Улар бутун юртни хароб қиладилар. Мисрликларни қиличдан ўтказиб, юртни жасадларга тўлдирадилар.
[12] Мен Нил ҳавзаларини қуритаман, юртни разил одамларнинг қўлига бераман. Келгиндиларнинг қўли билан Мисрни ва у ердаги ҳамма нарсани хароб қиламан. Буларни Мен айтдим.
[13] Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен барча бутларни йўқ қиламан, Нуф маъбудаларига чек қўяман. Миср юртида биронта ҳукмдор қолмайди, Мисрликларни қўрқув қамраб олади.
[14] Мен Патрўсни ташландиқ жойга айлантираман. Зўван шаҳрига ўт қўяман, Миср пойтахти Нўни жазолайман.
[15] Мисрнинг мустаҳкам Син қалъасини ғазабимга гирифтор қиламан, пойтахт шаҳар Нўнинг тўдасини қириб ташлайман.
[16] Бутун Миср юртига ўт қўяман! Син аҳолиси чексиз азобда қолади, Нў шаҳрининг девори йиқитилади, душманлар куппа–кундузи Нуф шаҳрига ҳужум қилади.
[17] Он ва Пи–Башат йигитлари жангда ҳалок бўлишади, шаҳарлар аҳолиси асирликка тушади.
[18] Мен Мисрнинг ҳукмронлигини йўқ қилганимда, унинг пеш қилган қудратини синдирганимда, Тахпанхас шаҳри қоронғиликка ботади, уни қора булутлар қоплаб олади. Шаҳар атрофидаги қишлоқлар асирликка тушади.
[19] Шу йўсин Мен Мисрни жазолайман. Ўшанда улар Эгаси Мен эканимни билиб оладилар.»”
[20] Сургун бўлган пайтимизнинг ўн биринчи йили биринчи ойининг еттинчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
[21] “Эй инсон, Мен Миср фиръавнининг қўлини синдирдим. Ҳеч ким унинг қўлини боғламади, тахтакачлаб қўймади. Энди унинг қўли шифо топмайди, қилич ушлашга қодир бўлмайди.
[22] Мен фиръавнга қаршиман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Унинг иккала қўлини — соғ қўлини ҳам, синган қўлини ҳам синдираман. Қўлидаги қилични ерга тушириб юбораман.
[23] Мисрликларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман.
[24] Бобил шоҳининг кучига эса куч қўшиб, қўлларига қиличимни тутқазаман. Ҳа, Мен фиръавннинг қўлларини синдираман, у душмани олдида оғир яраланган одам каби инграйди.
[25] Унинг қўллари арқондай осилиб қолади, Бобил шоҳининг қўлларини эса Мен кучли қиламан. Унинг қўлларига қиличимни тутқазиб, Мисрга қарши юбораман. Шунда Эгаси Мен эканлигимни Мисрликлар билиб оладилар.
[26] Ҳа, Мен Мисрликларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман. Ўшанда Эгаси Мен эканлигимни улар билиб оладилар.”