Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:13

[1] Руҳ мени кўтариб, Эгамиз уйининг шарқий дарвозасига олиб борди. Дарвоза ёнида мен йигирма беш нафар кишини кўрдим. Уларнинг орасида халқ раҳнамоларидан Аззур ўғли Язаниё ва Бинаё ўғли Пилатиё бор эди.

[2] Эгамиз менга шундай деди: “Эй инсон, мана бу одамларнинг нияти ёмон. Улар шаҳардагиларга бўлмағур маслаҳатлар бериб юришибди.

[3] Ўша бузуқ одамлар шундай дейдилар: «Ҳозир иморатлар солишнинг ҳожати йўқ. Бу шаҳар қозон кабидир, биз эса қозонда сақланган гўштдаймиз.»

[4] Шундай экан, эй инсон, уларга қарши башорат қил!”

[5] Сўнг Эгамизнинг Руҳи бутун вужудимни қамраб олди. У Исроил халқига қуйидагиларни айтишимни буюрди: “Эгамиз шундай демоқда: эй Исроил халқи, сизлар ўша гапни айтдингиз. Мен эса ҳамма ўй–хаёлларингизни биламан.

[6] Сизлар шаҳардаги кўп одамларни ўлдирдингиз, кўчаларни жасадларга тўлдирдингиз.

[7] Шунинг учун Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, бу шаҳар ҳақиқатан ҳам қозон кабидир. Аммо гўшт сизлар эмас, балки сиз ўлдирган одамларнинг жасадларидир. Мен сизларни шаҳардан чиқариб юбораман.

[8] Сизлар қиличдан қўрққан эдингизлар, аммо устингизга қилич юбораман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

[9] — Сизларни шаҳардан ҳайдаб чиқариб, ажнабийларнинг қўлига топшираман. Сизларни шу йўсин жазолайман.

[10] Сизлар қиличдан нобуд бўласизлар. Мен сизларни Исроил чегараларида жазолайман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

[11] Бу шаҳар сизлар учун қозондай бўлмайди, сизлар ҳам қозон ичидаги гўштдай бўлмайсизлар. Мен сизларни Исроил чегараларида жазолайман.

[12] Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Зеро, сизлар шу пайтгача қонун–қоидаларимни бузиб, ён–атрофингизда яшовчи халқларнинг одатларига тақлид қилиб келдингизлар.”

[13] Мен, Ҳизқиёл, башорат қилаётганимда, бирданига Бинаё ўғли Пилатиё жон берди. Мен ерга юз тубан йиқилиб: “Ё Эгам Раббий! Сен Исроилда қолган ҳамма одамларни нобуд қилмоқчимисан?” дея овозим борича ҳайқириб юбордим.

[14] Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

[15] “Эй инсон, сургун бўлган сенинг оиланг, уруғ–аймоқларинг ва бутун Исроил халқи ҳақида Қуддусдагилар шундай айтишмоқда: «Улар узоқда, Эгамизга сажда қила олмайдилар. Шунинг учун бу юрт бизга мулк қилиб берилди.»

[16] Аммо сен сургунда бўлган Исроил халқига шундай хабар етказ: «Эгамиз Раббий айтмоқда: Мен сизларни олисдаги халқлар орасига жўнатдим. Бошқа юртларга тарқатиб юбордим. Бироқ бегона юртдаги мусофирлик даврингизда, Ўзим сизларга саждагоҳ бўламан.»

[17] Яна айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен сизларни халқлар орасидан йиғиб оламан. Ҳа, сизлар бегона юртларга тарқалиб кетдингиз, аммо Мен сизларни у ерлардан олиб чиқаман. Исроил юртини сизларга қайтариб бераман.»

[18] Эй инсон, Исроил халқи ўз юртига қайтиб келганда, у ердаги макруҳ худоларни, жирканч бутларни илдизи билан йўқ қилади.

[19] Мен уларга яхлит бир юрак бераман, қалбларини янги руҳга тўлдираман. Бағридаги тош юракни олиб ташлаб, ўрнига юмшоқ юрак соламан.

[20] Шунда улар фармонларимни бажарадиган, қонун–қоидаларимга риоя қиладиган бўладилар. Улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг Худоси бўламан.

[21] Аммо макруҳ худоларга, жирканч бутларга сажда қилишни хуш кўрадиган одамларни қилмишларига яраша жазолайман.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

[22] Карублар қанотларини ёзиб, ёнидаги ғилдираклари билан бирга осмонга кўтарилдилар. Исроил Худосининг улуғворлиги карублар устида эди.

[23] Эгамизнинг улуғворлиги шаҳарни тарк этиб, шаҳарнинг шарқ томонидаги тоққа бориб тўхтади.

[24] Ваҳийда Руҳ мени кўтариб, Бобилга сургун қилинганларнинг олдига қайтариб олиб борди. Ваҳий тамом бўлди.

[25] Мен сургундаги биродарларимга Эгамиз аён қилган ҳамма нарсани айтиб бердим.

Ҳизқиёл пайғамбарнинг китоби — Chapters