[1] Эгамизнинг қудрати мени қамраб олди. Эгамизнинг Руҳи мени кўтариб, водийнинг ўртасига қўйди. Водий суякларга тўла эди.
[2] Руҳ мени водийдаги бир дунё суяклар орасида айлантириб юрди. Суяклар қуриб кетган эди.
[3] Руҳ менга: — Эй инсон, бу суяклар тирилиши мумкинми? — деб савол берди. — Ё Эгам Раббий, буниси ёлғиз Ўзингга аён, — деб жавоб бердим мен.
[4] Сўнг У менга шундай деди: — Суякларга башорат қилиб айт: “Эй қуриган суяклар, Эгамизнинг сўзини эшитинг!
[5] Эгам Раббий сизларга шундай демоқда: Мен сизларга нафас бераман, сизлар тириласизлар.
[6] Устингизни паю мушаклар билан қоплаб, тери тортаман, сизларга ҳаёт нафасини пуфлаб, сизларни тирилтираман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.”
[7] Эгамиз менга амр қилганидай, мен Унинг бу сўзларини башорат қилиб айтдим. Башорат қилаётганимда бирданига қулоғимга тарақ–туруқ овозлар чалинди, суяклар бирлаша бошлади.
[8] Қарасам, суяклар паю мушаклар билан қопланди, сўнг устиларига тери тортилди. Бироқ таналарда ҳануз нафас йўқ эди.
[9] Эгамиз менга шундай деди: — Энди шамолга шундай буйруқ бер: “Эй шамол, Эгамиз Раббий айтмоқда: ҳар томондан эсиб, бу ўлик таналарга ҳаёт нафасини пуфла, уларни тирилтир.”
[10] Мен Эгамизнинг айтганини қилдим. Шамол таналарнинг ичига кириб, одамларни тирилтирди. Улар турганларида буюк бир оломонни ташкил қилишди.
[11] Кейин Эгамиз менга шундай деди: — Эй инсон, бутун Исроил халқи мана шу суякларга ўхшайди. Улар: “Суякларимиз қуриб кетди, келажакдан ҳеч қандай умид йўқ”, деб нола қилишади.
[12] Шунинг учун халқимга башорат қилиб айт: “Эгамиз Раббий шундай демоқда: «Эй халқим Исроил, Мен қабрларингизни очиб, сизларни у ердан чиқараман. Сўнг сизларни ўз юртингиз — Исроилга қайтариб олиб бораман.
[13] Ўшанда сизлар Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.
[14] Менинг Руҳим сизларга ҳаёт нафасини пуфлаб, сизларни тирилтиради. Мен сизларни она юртингизга олиб бориб, у ерда ўрнаштираман. Ўшанда Мен, Эгангиз, айтган гапларимни амалга оширганимни сизлар билиб оласизлар.» Эгамизнинг каломи шудир.”
[15] Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
[16] “Эй инсон, бир таёқ олиб, унинг устига «Яҳудо шоҳлиги» деб ёз. Сўнг бошқа бир таёқ олиб, унинг устига «Исроил шоҳлиги» деб ёз.
[17] Кейин иккала таёқнинг учларини бир қўлингда шундай қилиб ушлагинки, улар бир таёқдай бўлиб кўринсин.
[18] Одамлар сендан: «Бу билан бизга нима демоқчисан?» деб сўраганларида,
[19] уларга шундай деб жавоб бер: «Эгамиз Раббий демоқда: Мен Исроил шоҳлигини билдирувчи таёқни оламан. Уни Яҳудо шоҳлигининг таёғи билан бирлаштираман. Иккала таёқни битта қилиб, қўлимда ушлайман.»
[20] Қўлингдаги таёқларни ҳамма кўрадиган бўлсин,
[21] сўнг халққа айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен ҳар ёққа тарқалиб кетган халқимни ўзга халқлар орасидан йиғиб оламан. Уларни ўз юртларига олиб келаман.
[22] Уларни ўша юртда ягона бир халқ қиламан. Ҳа, Исроил тоғларида улардан ягона давлат яратаман. Устиларидан бир шоҳ тайинлайман, улар ҳеч қачон икки шоҳликка ажралмайдилар.
[23] Бутлар ва макруҳ худолар туфайли ўзларини булғамайдилар, гуноҳдан ўзларини пок сақлайдилар. Мен уларни садоқатсизлик айбидан халос этаман. Дилларини поклаб тозалайман. Шунда улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг Худоси бўламан.
[24] Қулим Довуд уларнинг шоҳи бўлади. Ҳа, ҳаммасини бир чўпон бошқаради. Улар қонун–қоидаларимга риоя қилиб, фармонларимни битта қолдирмай бажаришади.
[25] Мен қулим Ёқубга берган ерда улар яшайдилар, аждодлари ўтган юртда истиқомат қиладилар. Бола–чақалари ва бутун авлоди ўша юртда абадий ўрнашади. Қулим Довуднинг сулоласи уларга то абад ҳукмронлик қилади.
[26] Мен улар билан тинчлик аҳдини тузаман. Бу мангу бир аҳд бўлади. Мен уларга барака бераман, кўпайтираман. Маъбадимни уларнинг орасида абадий ўрнаштираман.
[27] Улар орасида маскан қураман, Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўладилар.
[28] Мен масканимни улар орасида абадий ўрнаштирганимда, Исроил халқини муқаддас қиладиган Эгаси Мен эканлигимни халқлар билиб оладилар.»”