Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:32

[1] Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

[2] “Нима учун сизлар Исроил юртида: «Оталари нордон узум ейишган эди, Болаларининг тиши қамашди», деган мақолни ишлатасизлар?

[3] Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сизлар энди Исроилда бу мақолни бошқа айтмайдиган бўласизлар.

[4] Билиб қўйинг, ҳар бир одамнинг жони Меникидир. Ота–оналарнинг ҳам, болаларнинг ҳам жонлари Менга тегишлидир. Фақат гуноҳ қилган одамгина ўлади.

[5] Борди–ю, одам солиҳ бўлиб, адолатли ва тўғри ишлар қилса,

[6] Исроил халқининг бутларига сиғинмаса, бутхоналарда келтирилган қурбонликлардан тановул қилмаса, бировнинг хотини билан зино қилмаса, ҳайз кўрган аёлга яқинлашмаса,

[7] бировга жабр қилмаса, гаровга олган нарсасини қайтариб берса, ўғрилик қилмаса, очга нон, яланғочга кийим берса,

[8] берган қарзидан фоиз талаб қилмаса, ўзини гуноҳдан тортса, тўғри ҳукм чиқарса,

[9] фармонларимга риоя қилса, қонун–қоидаларимни битта қолдирмай садоқат билан бажарса, Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, бундай одам ҳақиқатан ҳам солиҳ ҳисобланиб албатта яшайди.

[10] Энди шундай солиҳ одамнинг ваҳший бир ўғли бор, деб фараз қилайлик. Борди–ю, бу ярамас ўғил қотиллик қилса ёки қуйидаги жиноятларнинг бирортасига қўл урса:

[11] отаси қилмаган ишларни қилиб, бутхоналарда келтирилган қурбонликлардан тановул қилса, бировнинг хотини билан зино қилса,

[12] камбағалу мазлумларга жабр етказса, ўғриликка қўл урса, гаровга олган нарсани қайтармаса, бутларга сиғинса, жирканч одатларга тақлид қилса,

[13] берган қарзидан фоиз талаб қилса, у яшармиди?! Йўқ! Бундай жирканч ишларга қўл урган одамга ўлим жазоси берилсин. У ўз бошини ўзи еган бўлади!

[14] Аммо бундай фосиқ кишининг ўғли, отасининг қилган гуноҳларини кўрса–ю, отасига тақлид қилмаса,

[15] Исроил халқининг бутларига сиғинмаса, бутхоналарда келтирилган қурбонликлардан тановул қилмаса, бировнинг хотини билан зино қилмаса,

[16] бировга зулм ўтказмаса, қарздорларидан кафиллик талаб қилмаса, ўғрилик қилмаса, очга нон, яланғочга кийим берса,

[17] камбағалга жабр етказмаса, берган қарзидан фоиз олмаса, қонун–қоидаларимга риоя қилиб, фармонларимни бажарса, бундай одам ўз отасининг гуноҳлари учун ўлдирилмасин. У албатта яшасин.

[18] Қилган қабиҳликлари учун отасининг ўзи ўлдирилсин, чунки у биродарига жабр етказиб, нарсасини ўғирлади, одамлар орасида ярамас ишлар қилди.

[19] Сизлар эса: «Йўғ–э, наҳотки бола отасининг гуноҳи учун жазо тортмаса?» деб айтасизлар. Агар бола адолатли ва тўғри ишлар қилса, қонун–қоидаларимнинг ҳаммасини битта қолдирмай бажарса, у албатта яшайди.

[20] Гуноҳ қилган одамгина ўлади. Бола отасининг гуноҳи учун жазоланмайди, ота ҳам боласининг гуноҳи учун жазоланмайди. Солиҳ одамлар ўз солиҳлигига яраша мукофот оладилар, фосиқлар ўз фосиқлиги учун жазо тортадилар.

[21] Борди–ю, фосиқ одам қилган гуноҳларидан тавба қилса, қонун–қоидаларимнинг ҳаммасини бажарса, адолатли ва тўғри ишлар қилса, у албатта яшайди, ўлмайди.

[22] Мен бундай одамнинг қилган барча гуноҳларидан кечиб юбораман. У қилган солиҳ ишлари туфайли яшайди.

[23] Наҳотки фосиқ одамнинг ўлимини истасам? — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Йўқ! Мен унинг ёмон йўлдан қайтишини ва яшашини истайман!

[24] Ёмон йўлга кириб кетган солиҳ одам–чи? Фосиқлар каби жирканч ишлар қилган бундай одам яшайдими? Йўқ! Мен унинг биронта хайрли ишини эсга олмайман. У Менга хиёнат қилгани учун, гуноҳга қўл ургани учун ўлади.

[25] Сизлар эса: «Раббий нотўғри иш тутяпти», деб айтяпсизлар. Эй Исроил халқи, гапимни тингланг: нотўғри иш тутган Менми ёки сизларми?!

[26] Билиб қўйинг, ёмон йўлга кириб кетган ҳар бир солиҳ киши қилган гуноҳи учун ўлади.

[27] Ёмон йўлдан қайтган фосиқ эса адолатли ва тўғри ишлар қилса, ўз ҳаётини асраб қолади.

[28] Бундай одам тутган йўли нотўғри эканлигини англаб, қилган гуноҳларидан қайтгани учун албатта яшайди, у ўлмайди.

[29] Шундай бўлса–да, Исроил халқи: «Раббий нотўғри иш тутяпти», деб айтяпти. Эй Исроил халқи, қани, Менга айтинг–чи, нотўғри иш тутган Менми ёки сизларми?!

[30] Эй Исроил халқи, ҳар бирингизни тутган йўлингизга яраша ҳукм қиламан, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Тавба қилинглар! Гуноҳларингиздан қайтинглар! Акс ҳолда, гуноҳ бошингизга ҳалокат келтиради.

[31] Менга қарши қилган гуноҳларингиздан воз кечинглар. Ўзларингиз учун янги юрак ва янги руҳ олинглар! Нима учун сизлар ўлишингиз керак, эй Исроил халқи?!

[32] Биронта одамнинг ҳалок бўлишини истамайман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Ёмон йўлдан қайтинглар, яшанглар!”

Ҳизқиёл пайғамбарнинг китоби — Chapters