Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:37

[1] Сургун бўлган пайтимизнинг ўнинчи йили ўнинчи ойининг ўн иккинчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

[2] “Эй инсон, Миср фиръавнига юзлан. Унга ва бутун Миср халқига қарши башорат қилиб айт:

[3] «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Миср фиръавни, Мен сенга қаршиман. Сен Нил ҳавзаларида чўзилиб ётган бамисоли буюк аждарҳодирсан. Сен: ‘Нил дарёси менинг шахсий мулким, уни ўзим учун яратганман’, деб айтасан.

[4] Аммо Мен жағларингга илмоқлар соламан. Терингдаги тангачаларингга балиқларни ёпиштираман. Сени тангачаларингга ёпишган балиқлар билан бирга қуруқликка тортиб чиқараман.

[5] Мен сени ва ҳавзаларингдаги ҳамма балиқларни саҳрога улоқтириб ташлайман. Сен очиқ майдонда ётасан. Сени олиб, кўмадиган одам бўлмайди. Мен сени дашт ҳайвонларию осмон қушларига ем қилиб бераман.

[6] Шунда бутун Миср халқи Эгангиз Мен эканлигимни билиб олади. Сен халқим Исроил учун қамиш ҳассадай бўлдинг.

[7] Улар сени ушлаганда, сен ёрилиб, қўлларини кесиб юбординг. Сенга суянганларида синиб, белларини чиқариб юбординг.

[8] Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда: Мен сенинг бошингга қилич келтираман, одаму ҳайвонларингни қилич тиғидан ўтказаман.

[9] Бутун Миср юртини ташландиқ харобазорга айлантираман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Сен: ‘Нил меники, мен ўзим уни яратдим’, деб айтганинг учун,

[10] Мен сенга ва сенинг барча ҳавзаларингга қарши чиқаман. Бутун Миср юртини тамомила хароб қиламан. Мигдолдан тортиб, то Саванайгача ва жанубдаги Ҳабашистон ҳудудигача ҳамма ерларини ташландиқ қиламан.

[11] Одам у ерга оёғини босмайди, ҳайвонлар ҳам у ердан юрмайди. Қирқ йил мобайнида у ерда ҳеч ким яшамайди.

[12] Мен Миср юртини дунёдаги энг хароб юртга айлантираман. У ердаги шаҳарлар қирқ йил мобайнида ташландиқ бўлиб ётади, вайроналари бошқа шаҳарлардан баттар бўлади. Мен Мисрликларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман.»

[13] Фиръавнга яна айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: қирқ йил ўтгач, Мен халқлар орасига тарқатиб юборган Мисрликларни йиғиб оламан.

[14] Уларни яна фаровонликка эриштириб, ўз она юрти Патрўсга олиб келаман. Уларнинг шоҳлиги ожиз бир шоҳлик бўлади.

[15] Ҳа, улар дунёнинг энг ожиз шоҳлиги бўлиб, ҳеч қачон бошқа халқлардан устун бўла олмайди. Мен уларни шу қадар заиф қилиб қўяманки, улар ўз ҳукмини бошқа халқларга ўтказа олмай қолади.

[16] Халқим Исроил энди ҳеч қачон ўз умидини Мисрга боғламайди. Улар Мисрдан ёрдам сўраб, гуноҳ қилганларини доимо эсларида тутадилар. Ўшанда Мисрликлар Эгангиз Раббий Мен эканлигимни билиб оладилар.»”

[17] Сургун бўлган пайтимизнинг йигирма еттинчи йили биринчи ойининг биринчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

[18] “Эй инсон, Бобил шоҳи Навухадназар Тирга қарши шиддатли уруш олиб борди. Бобил лашкарининг сочлари тўкилиб, елкалари шилиниб яллиғланди. Аммо қилган меҳнатларига яраша улар Тирдан ҳеч қандай ўлжа ололмадилар.

[19] Шу боис Миср юртини Бобил шоҳи Навухадназарга бераман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — У Мисрни талон–тарож қилиб, у ердаги бойликларни ўзи билан олиб кетади. Миср бойликлари Бобил лашкари учун меҳнат ҳақи бўлади.

[20] Ҳа, Мен Миср юртини Бобил шоҳига меҳнат ҳақи қилиб бердим, чунки у ва унинг лашкари Менинг хизматимни қилдилар, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. —

[21] Ўша куни Мен Исроил халқининг қудратини тиклайман. Бу сўзларимни халқимга етказишинг учун Мен сенга куч бераман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни улар билиб оладилар.”

Ҳизқиёл пайғамбарнинг китоби — Chapters