Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:07

[1] Филистлар эса шу пайтда Исроил лашкари билан жанг қилишаётган эди. Исроил лашкари Филистларнинг олдига тушиб қочди, кўплари Гилбова тоғида ҳалок бўлди.

[2] Энди Филистлар Шоул билан унинг ўғиллари ортидан тушдилар. Натижада Шоулнинг ўғиллари Йўнатан, Абунадав ва Малкишува ўлдирилди.

[3] Шоулнинг атрофида жанг тобора авжига чиқди. Шу пайт Филист камонкашлари Шоулга қарата ўқ отдилар. Шоул оғир яраланди.

[4] У қуролбардорига: — Қиличингни суғургин–да, менга санч, токи анави суннатсизлар келиб, менга қилич солиб, хўрламасинлар, — деди. Лекин қуролбардори қўрқди, Шоулнинг айтганини қилмади. Шунда Шоул қиличини қинидан суғуриб, ўзини қилич устига ташлади.

[5] Қуролбардори ҳам Шоулнинг ҳалок бўлганини кўриб, ўзини қиличи устига ташлаб, Шоул билан бирга ўлди.

[6] Шундай қилиб, Шоул, унинг учала ўғли, қуролбардори ва ҳамма сипоҳлари бир кундаёқ ҳалок бўлишди.

[7] Йизрил водийсининг нарёғида ва Иордан дарёсининг шарқ томонида яшайдиган Исроил халқи ўз сипоҳларининг қочганини, Шоул билан ўғиллари ўлганини кўришди–ю, шаҳарларини ташлаб қочишди. Филистлар бу шаҳарларга келиб ўрнашиб олишди.

[8] Эртаси куни Филистлар ҳалок бўлганларни талон–тарож қилгани жанг майдонига келишди. Бирдан улар Гилбова тоғида Шоул билан учала ўғлининг жасади ётганини кўриб қолишди.

[9] Улар Шоулнинг бошини кесиб, қуролларини олишди. Филист юрти бўйлаб хабарчилар жўнатиб, бу хушхабарни ўз бутхоналарида эълон қилиб, халққа эшиттиришди.

[10] Шоулнинг қурол–аслаҳасини Аштарет уйига қўйишди, жасадини эса Байт–Шан шаҳрининг деворига қоқиб қўйишди.

[11] Филистлар Шоулни қандай аҳволга солганини Гиладдаги Ёбош аҳолиси эшитиб қолди.

[12] Шунда ҳамма жасур йигитлар тун бўйи юриб, Байт–Шанга боришди. Шоул билан ўғилларининг жасадларини Байт–Шан деворидан олиб, Ёбош шаҳрига келтиришди ва у ерда куйдиришди.

[13] Суякларини йиғиштириб, Ёбошдаги юлғун дарахти тагига дафн қилгач, етти кун рўза тутишди.

Шоҳлар (биринчи китоб) — Chapters