[1] Довуд: “Бир кун Шоулнинг қўлида нобуд бўлсам керак”, деб ўйларди. “Яхшиси, Филистлар ерларига қочиб қолай. Ўшанда Шоул Исроилнинг ҳар бурчагидан мени қидириб юришдан воз кечади, мен ҳам унинг қўлидан қутулиб қоламан.”
[2] Шундай қилиб, Довуд ва унинг ёнидаги олти юз киши оилалари билан йўлга отланиб, Гат шоҳи Охиш томонига ўтиб кетишди. Шоҳ Охиш Моюх деганнинг ўғли эди.
[3] Ҳаммалари оилалари билан бирга Гатда — Охишнинг ёнида жойлашишди. Довуд ҳам иккала хотини — Йизриллик Охинавам ва Кармиллик Наволнинг беваси Обигайл билан жойлашди.
[4] Шоул Довуднинг Гатга қочиб кетганини эшитгач, энди уни ахтармай қўйди.
[5] Довуд Охишга: — Агар мен, қулингиз, сизнинг илтифотингизга сазовор бўлсам, ён–атрофдаги шаҳарларнинг биридан менга жой берсангиз, мен ўша ерда истиқомат қилайин, — деди. — Қулингизнинг сиз билан бирга шоҳ шаҳрида яшашига ҳожат йўқ.
[6] Охиш ўша куни Довудга Зихлах шаҳрини берди. Ўшандан буён Зихлах Яҳудо шоҳларига қарашли шаҳардир.
[7] Довуд Филистлар юртида бир йилу тўрт ой истиқомат қилди.
[8] Довуд одамлари билан Гешир, Гезер ва Омолек халқларининг ерига бостириб борарди. Бу элатлар узоқ замонлардан бери Шурга ва Миср чегарасигача чўзилган ерларда яшаб келишарди.
[9] Довуд бирор юртни босиб олса, эркак, аёл демас, тирик жонни соғ қўймасди. Фақат қўй, мол, эшак, туя ва кийим–кечакларни ўлжа олиб, шоҳ Охишнинг ҳузурига қайтиб келарди.
[10] Охиш: “Бугун бирон ерга бостириб бордингизларми?” деб сўраса, Довуд: “Яҳудонинг Нагав чўлидаги ҳудудларини босиб олдик”, ёки “Нагав чўлидаги Ярахмал уруғи ерларини босиб олдик”, ёки “Нагав чўлидаги Хайин халқи ерларини қўлга олдик”, деб жавоб берарди.
[11] Довуд бирор кимсани Гатга олиб келмас, “Довуд ундай қилди, бундай қилди, деб айтмасин” дея, эркагу аёлни тирик қолдирмасди. Довуд Филистлар юртида яшаган пайтда шундай қиларди.
[12] Охиш Довудга ишонарди. “Довуд ўз халқи — Исроил халқига ўзини душман қилиб қўйди, бундан кейин то абад менинг хизматимда қолади”, деб ўйларди.