Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:11

[1] Ўспирин Шомуил Элахнинг қўли остида Эгамизга хизмат қилиб юрарди. Ўша пайтлари Эгамизнинг каломи кам келар, ваҳий ҳам аҳён–аҳёнда бўларди.

[2] Элахнинг кўзлари хиралашиб, кўрмайдиган бўлиб қолган эди. Бир куни кеч кирганда Элах ётоғида ётарди.

[3] Шомуил эса Эгамизнинг Маъбадида ётган эди, Худонинг Сандиғи ҳам ўша ерда эди. Худонинг чироғи ҳали ҳам ёниб турарди.

[4] Шу пайт Эгамиз Шомуилни чақириб қолди. Шомуил: — Лаббай, ҳазратим! — деб овоз берди ва

[5] Элахнинг олдига югуриб келиб: — Мени чақирган эдингиз, шу ердаман, — деди. — Йўқ, сени мен чақирмадим, қайт, бориб жойингга ёт, — деди Элах. Шомуил қайтиб бориб ётди.

[6] Эгамиз яна: — Шомуил! — деб чақирди. Шомуил яна туриб, Элахнинг олдига кирди ва: — Мени чақирган эдингиз, шу ердаман! — деди. — Чақирганим йўқ, ўғлим, қайт, бориб жойингга ёт, — деди у.

[7] Шомуил Эгамизни ҳали танимас, Эгамизнинг каломи ҳали унга аён бўлмаган эди.

[8] Эгамиз учинчи марта Шомуилга садо берди. Шомуил ўрнидан туриб Элахнинг олдига келди–да: — Мени яна чақирдингиз–ку, мен шу ердаман, — деди. Шунда Элах билдики, ўспиринни Эгамиз чақираётган экан.

[9] Элах Шомуилга деди: — Бориб жойингга ёт, ўша овоз сени яна чақириб қолса, “Гапиравер, эй Эгам, қулинг тинглаётир”, дегин. Шомуил бориб, жойига ётди.

[10] Эгамиз ўша ерда зоҳир бўлди ва олдингидай: — Шомуил, Шомуил! — деб чақирди. — Гапиравер, эй Эгам! Қулинг тинглаётир! — деб жавоб берди Шомуил.

[11] Эгамиз деди: — Шомуил! Мен Исроилда шундай бир иш қилмоқчиманки, эшитганнинг бошидан ҳуши учади.

[12] Ўша куни Мен Элахнинг хонадони тўғрисида нима айтган бўлсам, ҳаммасини бажо қиламан, бошлаган ишимни охирига етказаман.

[13] Элахга, сенинг хонадонингни то абад жазолайман, деб уни огоҳлантирган эдим. Унинг ўғиллари кўп гуноҳ қилиб, ўзларига лаънат орттирдилар. Элах эса буни била туриб, уларни тергамади.

[14] Шу сабабдан онт ичиб айтаманки, Элах хонадонининг бу гуноҳларини асло кечирмайман. Уларнинг қилган гуноҳларини то абад қурбонлигу назр қилиш билан ювиб бўлмайди.

[15] Шомуил эрталабгача ўрнида ётди. Кейин туриб, Эгамизнинг уйи эшикларини очди. Ўша ваҳийни Элахга айтишдан қўрқди.

[16] Шу пайт Элах: — Шомуил, ўғлим! — деб чақирди. — Лаббай, шу ердаман, — деб Шомуил Элахга яқин келди.

[17] — Эгамиз сенга нималар деди? — сўради Элах. — Зинҳор мендан яшира кўрма. Эгамизнинг сенга айтган гапларидан бирортасини мендан яширсанг, Худо сени ёмон кўйга солсин, ҳатто ундан баттарроғини қилсин!

[18] Шомуил Элахдан ҳеч нарсани яширмай айтиб берди. — У Эгамиздир, — деди Элах, — Унга нима маъқул бўлса, ўшани бажо қилади.

[19] Шомуил улғаяверди, Эгамиз доимо у билан бирга бўлди, Шомуил башорат қилган ҳамма нарсани Эгамиз рўёбга чиқарди.

[20] Дандан Бершебагача бўлган жамики Исроил халқи Шомуил ҳақиқатан ҳам Эгамизнинг пайғамбари эканлигини билди.

[21] Эгамиз Шилўда яна такрор–такрор зоҳир бўлиб, ўша ерда Ўз каломи орқали Шомуилга аён бўларди.

Шоҳлар (биринчи китоб) — Chapters