[1] Довуд Нав шаҳридаги руҳоний Охималекнинг ҳузурига борди. Охималек Довудни кутиб оларкан: — Нимага ёлғизсан? Нега ёнингда ҳеч ким йўқ? — деб қўрқув ичра сўради.
[2] — Шоҳ менга бир топшириқ берди, — деди Довуд. — Сенга берган топшириғимни ҳеч ким билмасин, деди. Шунинг учун одамларимга, фалон жойга бориб туринглар, деб тайинлаб келдим.
[3] Ҳозир ейишга бирор нарсангиз борми? Менга бешта нон, ёки қўлингизга нима илинса, беринг.
[4] — Оддий нонимиз йўқ, — деб жавоб берди руҳоний, — агар одамларинг аёллардан ўзларини тийган бўлишса, назр қилинган нонимиз бор.
[5] — Йўлга чиққанимиздан буён аёлларга яқинлашганимиз йўқ, — деди Довуд. — Сафаримизнинг мақсади оддий бўлганда ҳам, одамларим ўзларини пок тутади. Айниқса, бу сафаримизда одамларим ўзларини жуда пок тутдилар.
[6] Шундан кейин руҳоний унга муқаддас нон берди. Бу ерда Худога бағишланган нондан бошқа нон йўқ эди. Бу нон, Эгамизнинг ҳузурида тургандан кейин, иссиқ нон келтирилган куни олиб қўйилганди.
[7] Ўша куни Шоулнинг Доег деган хизматкори ҳам шу ерда эди. У Эдомлик бўлиб, Шоулнинг бош чўпони эди. Доег расм–русумларни адо этгани Эгамиз ҳузурига келганди.
[8] — Ёнингизда найза ёки қилич йўқми? — деб сўради Довуд Охималекдан. — Шоҳнинг топшириғи шошилинч бўлгани учун ўзим билан на қиличимни олибман, на бошқа қуролимни.
[9] — Элох водийсида ўзинг ўлдирган Филист Гўлиётнинг қиличи бор, — деди руҳоний. — Эфод орқасида матога ўроғлиқ турибди. Бу ерда бошқа қурол йўқ. Хоҳласанг, ўшани олавер. — Ўша қилични менга бера қолинг, унақаси топилмайди, — деди Довуд.
[10] Довуд Шоулдан қочиб, ўша куни Гат шоҳи Охишнинг ҳузурига борди.
[11] Охишнинг хизматкорлари: — Бу Исроил шоҳи Довуд–ку! — дейишди. — Одамлар: “Шоул мингларчасини ўлдирди, Довуд эса ўн мингларчасини”, деб ўйнаб қўшиқ айтган эди–ку.
[12] Бу гаплар Довудни чўчитиб қўйди. У Гат шоҳи Охишдан жуда қўрқарди.
[13] Довуд уларнинг кўз ўнгида қиёфасини ўзгартирди, уларнинг олдида ўзини телбаликка солар, сарой дарвозасини тимдалаб, сўлакларини соқолига оқизарди.
[14] Охиш хизматкорларига деди: — Қаранглар бу одамга! Жиннининг ўзи–ку! Нимага уни менинг ҳузуримга олиб келдингизлар?
[15] Менинг олдимда жиннилик қилсин деб уни олиб келдингизларми? Менга жиннилар керакмиди?! Шу одамнинг саройимга кириши шартми?!