Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:00

[1] Филистлар ҳамма сипоҳларини Офоққа йиғди. Исроил лашкари эса Йизрилдаги булоқ ёнида қароргоҳ қуриб, жойлашиб олган эдилар.

[2] Филист беклари юз ва минг кишилик гуруҳлардан иборат бўлган қўшин билан боришарди. Довуд ва унинг одамлари эса шоҳ Охиш билан бирга орқада келаётган эдилар.

[3] Филист лашкарбошилари: — Анави ибронийлар бу ерда нима қилиб юрибди? — деб сўраган эдилар, Охиш шундай жавоб берди: — Бу одам Исроил шоҳи Шоулнинг хизматкори Довуд бўлади. Неча ой–йиллардан бери ёнимда юрибди. Мен томонга ўтгандан буён ундан бирор ёмонлик кўрмадим.

[4] Лекин Филист лашкарбошилари Охишга: — Бу одамни орқасига қайтариб юборинг! — дейишди жаҳл билан. — Сиз унга ажратиб берган жойга бораверсин. Биз билан урушга боришига йўл қўйманг! Жанг вақтида бизга қарши чиқиши мумкин. У олдинги хўжайинига ўзини қандай қилиб яхши кўрсатишини биласизми? Одамларимизнинг бошини унга тутиб беришдан бошқа яхши йўл топа олармиди?!

[5] Ҳалиги: “Шоул мингларчасини ўлдирди, Довуд эса ўн мингларчасини”, деб куйлаб ўйнаб қўшиқ айтган эдилар–ку. Бу ўша Довуд–да.

[6] Охиш Довудни ёнига чақириб, деди: — Худо ҳақи, сен яхши одамсан. Ҳузуримга келганингдан бери бирон номаъқул иш қилганингни кўрмадим. Мен билан бирга урушга боришингни истардим–у, аммо бекларимиз урушга боришингни маъқул кўришмаяпти.

[7] Майли, бу сафар орқангга қайт, тинчгина кет, тағин Филист бекларининг кўзи олдида бирорта номаъқул иш қилиб қўймагин.

[8] — Ахир, мен нима қилдим?! — деди Довуд. — Ҳузурингизга келганимдан бери мендан бирор айб топмадингиз–ку! Энди шоҳ ҳазратларининг ғанимларига қарши урушга нима учун бормаслигим керак экан?!

[9] — Биламан, — деди Охиш, — сен менинг назаримда Худонинг фариштасидай поксан. Лекин Филист лашкарбошилари, биз билан урушга бормасин, дейишяпти.

[10] Энди сен одамларинг билан эрталаб туринглар–да, тонг отар–отмас жўнанглар.

[11] Шундай қилиб, Довуд одамлари билан эрта тонгда туриб, Филистлар ҳудудига қараб йўл олди. Филистлар эса Йизрилга жўнашди.

Шоҳлар (биринчи китоб) — Chapters