[1] Ўша кунларда Филистлар Исроил лашкари билан уруш қилмоқчи бўлиб, лашкарларини тўплашди. Охиш Довудга: — Билиб қўй, сен одамларинг билан албатта мен томонда жанг қиласан, — деб таъкидлади.
[2] — Мен қулингизман, ўшанда нималар қилишимни ўзингиз кўрасиз, — деди Довуд. — Яхши, — деди Охиш, — сен доимо менинг шахсий қўриқчим бўлиб қоласан.
[3] Шомуил оламдан ўтганда, бутун Исроил халқи унга аза тутган ва уни ўз шаҳри Рамага дафн қилишган эди. Шоул эса арвоҳ чақирувчиларни ва фолбинларни юртдан йўқотиб юборган эди.
[4] Шу орада Филистлар тўпланиб, Шунам шаҳрига бориб қароргоҳ қуришди. Шоул ҳам жамики Исроил қўшинини йиғиб, Гилбова тоғида қароргоҳ қурди.
[5] Шоул Филистлар қўшинини кўрди–ю, қаттиқ қўрқиб кетди, уни ваҳима босди.
[6] Шоул “Нима қилай?” деб Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билмоқчи бўлган эди, У Шоулга на тушида, на руҳонийлар ва на пайғамбарлар орқали жавоб берди.
[7] Шундан кейин Шоул аъёнларига: — Менга бирорта арвоҳ чақирадиган аёлни топиб келинглар, унинг олдига бориб маслаҳат солайин, — деб фармон берди. — Эн–Дўрда бир арвоҳ чақирадиган аёл бор, — деди аъёнлар.
[8] Шоул бошқача кийимлар кийиб, қиёфасини ўзгартирди ва икки кишини эргаштириб, кеч кирганда, ўша аёлникига борди. — Илтимос қиламан, мен учун руҳларга маслаҳат сол, сенга кимнинг номини айтсам, ўша одамни чақириб бер, — деди.
[9] Аёл шоҳга шундай жавоб берди: — Шоул нималар қилганини, арвоҳ чақирадиганларни ва фолбинларни юртдан йўқотиб юборганини биласан–ку. Шундай экан, нимага мени нобуд қилмоқ учун тузоқ қўйяпсан?
[10] — Худо ҳақи, бундан сенга заррача ёмонлик келмайди, — деб онт ичди Шоул.
[11] Шундан сўнг аёл: — Сенга кимни чақириб берайин? — деб сўради. — Менга Шомуилни чақириб бер! — деди Шоул.
[12] Аёл Шомуилни кўргач, қаттиқ бақириб юборди. Сўнг Шоулга қараб, деди: — Сиз шоҳ Шоулсиз–ку! Нега мени алдадингиз?
[13] — Қўрқма! — деди шоҳ аёлга, — нимани кўряпсан? — Ер остидан чиқаётган бир арвоҳни кўряпман, — деб жавоб берди аёл.
[14] — Нимага ўхшайди? — сўради Шоул. — Ридо кийган кексароқ одам юқорига чиқяпти, — деди аёл. Шу заҳоти Шоул билдики, у одам Шомуил. Мук тушиб унга таъзим қилди.
[15] — Нимага мени чақириб безовта қилдинг? — сўради Шомуил. — Мен жуда қийналиб кетдим, — деди Шоул. — Филистлар менга ҳужум қилишмоқчи. Худо эса мени тарк этди. Менга на пайғамбарлар орқали, на тушимда жавоб беряпти. Энди нима қилай, айтинг, шунга сизни чақирган эдим.
[16] — Эгамиз сени тарк этиб, сенга душман бўлган экан, энди нимага мендан сўраяпсан? — деди Шомуил.
[17] — Эгамиз мен орқали айтганини қилди. Шоҳликни сенинг қўлингдан тортиб олиб, Довудга берди.
[18] Чунки сен Эгамизнинг амрига итоат этмадинг, Унинг алангаланган ғазабини сен Омолек халқига сочмадинг. Ана шунинг учун Эгамиз бугун шу кунларни бошингга соляпти.
[19] У сени ҳам, Исроил халқини ҳам Филистлар қўлига беради. Эртага сен ва ўғилларинг менинг ёнимда бўласизлар. Эгамиз бутун Исроил қўшинини ҳам Филистлар қўлига топширади.
[20] Шоул бирдан муккаси билан ерга тушди. Шомуилнинг гапларидан қаттиқ қўрқиб кетди, силласи қуриди. У бир кеча–кундуз туз тотмаган эди.
[21] Аёл Шоулга яқинлашди–да, унинг қаттиқ қўрқиб кетганини кўриб шундай деди: — Бу чўрингиз ҳам сизнинг гапларингизни эшитди, жонимни хатарга қўйиб бўлса–да, истагингизни бажо келтирдим.
[22] Энди бу чўрингизнинг гапларини эшитинг. Олдингизга озгина нон–пон қўяман, ейсиз. Ҳали йўл юрасиз, нон–пон еб олсангиз, дармон бўлади.
[23] — Емайман! — деб рад этди Шоул. Лекин аъёнлари ҳам, аёл ҳам уни кўндиришга кўп ҳаракат қилишди. Охири, Шоул уларнинг айтганини қилишга рози бўлди. Ётган еридан туриб, тўшакка ўтирди.
[24] Аёлнинг уйида боқувдаги бир бузоғи бор эди. Аёл уни тезда сўйди. Ун олди–да, хамир қориб, хамиртурушсиз нон ёпди.
[25] Таомларни Шоул билан аъёнлари олдига қўйди. Улар еб–ичиб, ўша куни тунда туриб жўнаб кетишди.