Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:33

[1] Шоул ҳалок бўлгандан кейин, Довуд Омолек халқини енгиб, Зихлах шаҳрига қайтиб келди ва у ерда икки кун қолди.

[2] Учинчи куни Шоулнинг қароргоҳидан Довуднинг олдига бир одам келди. У қайғудан кийимларини йиртган, бошига тупроқ сочган, аянчли аҳволда эди. Ўша одам Довуднинг олдига келгач, мук тушиб, унга таъзим қилди.

[3] — Қаердан келяпсан? — деб сўради Довуд. — Исроил қароргоҳидан қочиб келдим, — деди у одам.

[4] — Айт–чи, нима бўлди? — деб сўради Довуд. — Сипоҳлар уруш майдонидан қочдилар, одамларимиздан кўплари ўлдирилди, Шоул билан ўғли Йўнатан ҳам ҳалок бўлди, — деди у. Шунда Довуд:

[5] — Шоул билан ўғли Йўнатаннинг ҳалок бўлганини қаердан биласан? — деб сўради хабар келтирган йигитдан.

[6] — Тасодифан Гилбова тоғига борган эдим, — деб гапида давом этди у. — Шоул найзасига зўрға суяниб турар, душман отлиқлари ва жанг аравалари эса унга томон ёпирилиб келаётган экан.

[7] Шоул орқасига қараб, мени кўриб қолиб чақирди. “Лаббай”, дедим мен.

[8] “Сен кимсан?” деб сўради Шоул. “Омолек халқиданман”, дедим мен.

[9] Сўнг у: “Бу ёққа кел, мени ўлдир. Тарашадай бўлиб серрайиб қолдим–у, лекин жоним чиқмаяпти”, деди.

[10] Шоҳ оғир яралангани учун энди яшай олмаслигига кўзим етиб, уни ўлдирдим. Бошидаги тожини ва қўлидаги билакузугини олиб, сизга — жаноби олийларига келтирдим.

[11] Довуд бу гапни эшитиб, қайғудан кийимларини йиртди. Бошқалар ҳам шундай қилдилар.

[12] Шоул ва унинг ўғли Йўнатан, Эгамизнинг лашкари — Исроил халқидан кўпчилиги жангда ҳалок бўлган эдилар. Шунинг учун ҳаммалари оқшомгача аза тутиб фарёд қилдилар, рўза тутдилар.

[13] Довуд шум хабарни олиб келган йигитдан: — Қаерликсан? — деб сўради. — Мен Омолек халқиданман, бегона халқданман, — деди йигит.

[14] — Эгам мой суртиб Шоулни шоҳ қилиб танлаган эди–ку! Шундай шоҳга қўл кўтариб, ўлдиришдан қўрқмадингми? — деди Довуд унга.

[15] Кейин Довуд битта сипоҳини чақирди–да: — Қани, ўлдир уни! — деб буюрди. Сипоҳ ўша Омолек йигитга бир қилич уриб ўлдирди. Довуд унга қарата:

[16] — Тилинг ўзингнинг бошингга етди. Эгам мой суртиб танлаган шоҳни мен ўлдирдим, деб ўз оғзинг билан гувоҳлик бердинг, — деди.

[17] Шоул билан унинг ўғли Йўнатан учун Довуд марсия куйлади.

[18] Сўнг, ушбу марсия Яҳудо халқига ўргатилсин, деб фармон берди. Бу марсия “Ёшур” китобида ёзилган.

[19] “Эй Исроил, йўқ бўлди Ғуруринг сенинг тепаликларингда, Қандай қулаган экан довюраклар!

[20] Бу хабарни Гатликларга эшиттирманг, Ашқалон кўчаларида ёйиб юрманг. Токи Филист қизлари севинмасин, Суннатсизларнинг қизлари шод бўлмасин.

[21] Эй Гилбова тоғлари, Тепангизга шудринг, ёмғир тушмасин, Ҳосилдор ерларингиз ҳосилсиз қолсин! Ўша ерларда йўқотди шуҳратини Баҳодирларнинг қалқони, Шоулнинг қалқонига мой суртилмас энди.

[22] Бир дам тинмади Йўнатаннинг ёйи Ер тишлаганлар қонидан Ва йигитларнинг танасидан. Шоулнинг қиличи беҳуда кўтарилмасди.

[23] Шоул билан Йўнатан азиз ва дилкаш эдилар, Ҳаётда ҳам, ўлганда ҳам бирга бўлдилар. Бургутдан чаққон, Шердан кучли эди улар.

[24] Шоул учун аза тутинг, эй Исроил қизлари! У сизларга шоҳона либослар кийдирганди, Либосингизни олтин тақинчоқлар ила безаганди.

[25] Урушда қандай қулаган экан довюраклар! Эй Исроил, сенинг тепаликларингда Йўнатан жонсиз ётар.

[26] Қайғураман сен учун, биродарим Йўнатан, Менга кўп азизу қадрдон эдинг сен, Нақадар ажойиб эди менга бўлган муҳаббатинг, Аёлларнинг севгисидан ҳам ортиқ эди.

[27] Қандай қулаган экан довюраклар! Қандай йўқ бўлди жанг қуроллари.”

Шоҳлар (иккинчи китоб) — Chapters