[1] Эфрайим қирларида жойлашган Рама шаҳрида бир одам яшарди. Унинг исми Элқана бўлиб, Эфрайим қабиласининг Зуф уруғидан бўлган Ерохам деганнинг ўғли эди. Ерохам — Элихунинг ўғли, Элиху — Тўхунинг ўғли, Тўху — Эфрайим қабиласига мансуб бўлган Зуфнинг ўғли эди.
[2] Элқананинг Ханна ва Панинна исмли икки хотини бўлиб, Паниннанинг болалари бор эди–ю, Ханна бефарзанд эди.
[3] Элқана ҳар йили Сарвари Оламга сажда қилиб, қурбонлик келтирмоқ учун ўз шаҳридан Шилўга борарди. Шилўда Элах деган одамнинг Хўфнах ва Финхаз деган икки ўғли бўлиб, улар Эгамизнинг руҳонийлари эдилар.
[4] Элқана қурбонлик қилган куни хотини Паниннага, ўғиллари билан қизларига бир улушдан берса,
[5] Ханнага эса яхши жойидан бир улуш берарди. Чунки Эгамиз Ханнани бепушт қилиб қўйган бўлса ҳам, Элқана уни яхши кўрарди.
[6] Ханнани Эгамиз бефарзанд қилиб қўйгани учун, кундоши Панинна Ханнага қаттиқ озор бериб хафа қиларди.
[7] Ҳар йили Ханна Эгамизнинг уйига борганда ҳам шу воқеа юз берарди: Ханнани кундоши хафа қилар, у эса йиғлаб ҳеч нарса емасди.
[8] Эри Элқана эса: — Ханна, нега йиғлаяпсан, нимага овқат емаяпсан? — дерди. — Нимага бу қадар ғамгинсан? Сен учун мен ўнта ўғилдан ҳам афзал эмасманми?!
[9] Бир куни улар Шилўда еб–ичиб бўлганларидан кейин, Ханна ўрнидан турди. Руҳоний Элах Эгамизнинг уйи эшиги ёнидаги курсида ўтирган эди.
[10] Ханна дили хуфтон, аччиқ–аччиқ йиғлаб, Эгамизга ибодат қилиб,
[11] шундай ваъда берди: — Эй Сарвари Олам! Шу чўрингнинг қайғусига назар солиб, уни ёдга олсанг, чўрингни унутмай, унга бир ўғил ато этсанг, ўша ўғлимни умрбод Сенга назр қилган бўлардим, унинг бошига устара тегмасди.
[12] Ханна Эгамиз ҳузурида узоқ вақт ибодат қилди. Элах эса унинг оғзига қараб турарди.
[13] Ханна ичида гапирар, овози эшитилмас, фақат лаблари қимирларди. Шунинг учун Элах Ханнани маст бўлса керак, деб ўйлади:
[14] — Қачонгача сархуш бўлиб юрасан?! Энди шаробдан воз кеч! — деди.
[15] — Йўқ, ундай эмас, ҳазратим, — деди Ханна. — Мен кўнгли ғамга тўла бир аёлман. На шароб ичганман, на бўза. Фақат юрагимдагини Эгамга тўкиб соляпман.
[16] Бу чўрингизни аллақандай ярамас хотин деб ўйламанг. Ғам–қайғуларим кўплигидан, шу пайтгача ибодат қиляпман.
[17] — Эсон–омон бор, — деди Элах. — Исроил халқининг Худоси тилагингни бажо келтирсин.
[18] — Мен, чўрингизни илтифотингизга сазовор билинг, — деди Ханна. Сўнг бориб овқат еди, энди чеҳраси ғамгин эмас эди.
[19] Эртасига Элқана оиласи билан тонг саҳарда туриб, Эгамизга сажда қилишди. Кейин Рамага — уйларига қайтиб келишди. Элқана хотини Ханна билан қовушди. Эгамиз Ханнага марҳамат қилди.
[20] Ханна ҳомиладор бўлди ва вақт–соати етиб ўғил туғди. “Уни Эгамиздан тилаб олдим”, деб отини Шомуил қўйди.
[21] Элқана Эгамизга атаб йиллик қурбонлик маросимини ўтказиш ва ваъдасини адо этиш учун оиласи билан бирга Шилўга борди.
[22] Ханна бу сафар бормади. У эрига: — Гўдак кўкракдан чиққандан кейин олиб бораман, у Эгамизнинг ҳузурида бўлиб, Унга хизмат қилади, умр бўйи ўша ерда қолади, — деди.
[23] — Сенга нима маъқул бўлса, шундай қилавер, — деди Элқана. — Гўдак кўкракдан чиққунча шу ерда бўл. Эгамиз Ўз ваъдасини бажо қилсин. Ханна уйда қолиб, ўғли кўкракдан чиққунча, уни эмизди.
[24] Кичкинтой кўкракдан чиқди. Сўнг Ханна уч ёшли буқа, бир тоғора ун ва бир меш шароб олиб, ўғлини Эгамизнинг Шилўдаги уйига олиб келди. Бола ҳали ёш эди.
[25] Буқани сўйишгандан кейин, болани Элахнинг олдига олиб келишди.
[26] — Эй ҳазрат, мени эслайсизми? — деди Ханна. — Шу ерда, ҳузурингизда туриб Эгамга ибодат қилган ўша аёл менман.
[27] Мен мана шу бола учун Эгамга илтижо қилган эдим, Эгам тилагимни бажо қилди.
[28] Шунинг учун уни Эгамга бағишладим, умр бўйи Унга аталган бўлсин, дедим. Улар шу ерда Эгамизга сажда қилдилар.