[1] Бенямин қабиласида Киш деган бир одам бор эди. Киш — Абилнинг ўғли, Абил — Зарорнинг ўғли эди. Зарор — Бахуратнинг, Бахурат — Офиёхнинг ўғли эди. Бенямин қабиласидан бўлган Киш анча обрўли одам эди.
[2] Унинг Шоул деган ёш, чиройли бир ўғли бор эди. Исроил халқи орасида Шоулдан чиройли одам йўқ эди. Ҳар қандай одамнинг бўйи унинг елкасидан келарди.
[3] Бир куни Кишнинг эшаклари йўқолиб қолди. Киш ўғли Шоулга: — Хизматкорлардан бирини ёнингга олгин–да, бориб, эшакларни топиб кел, — деди.
[4] Шоул Эфрайим қирларини, сўнг Шолишо ерларини айланиб чиқди. Аммо эшакларни топа олмади. Кейин Шалим ерларига ўтди, эшаклар у ерда ҳам йўқ экан. Сўнгра Бенямин ҳудудини кезиб чиқди, эшакларни у ердан ҳам топа олмади.
[5] Зуф деган жойга боришгач, Шоул ёнидаги хизматкорига: — Бўлди энди, орқага қайтамиз, бўлмаса, эшаклар қолиб, отам биздан хавотирланади, — деди.
[6] — Энди бундай қилсак, — деди хизматкори, — шу шаҳарда бир пайғамбар бор, у обрўли одам. Ҳамма айтганлари вожиб бўлади. Ўша одамникига борсак, балки борадиган йўлимизни у бизга кўрсатар.
[7] — Агар борсак, унга нима олиб борамиз? — деб сўради Шоул. — Тўрваларимиздаги нон тугади. Пайғамбарга олиб борадиган бирор ҳадямиз йўқ. Нимамиз қолди?
[8] — Мана, менда бир кумуш танга бор, — деди хизматкор. — Буни пайғамбарга бераман, у бизга борадиган йўлимизни кўрсатади.
[9] (Қадимда Исроилда кимдир Худонинг хоҳиш–иродасини билмоқчи бўлса, “Қани, валийга борамиз”, дерди. Бугунги пайғамбар ўша вақтда валий дейиларди.)
[10] Шоул хизматкорига: — Маъқул, қани, кетдик, — деди. Шундай қилиб, улар пайғамбар яшайдиган шаҳарга жўнадилар.
[11] Шаҳар тепаликда жойлашган эди. Улар шаҳарга борадиган қия йўлдан кетаётганларида, қудуқдан сув олишга келган қизларга дуч келишди. Улар қизлардан: — Валий шу ердами? — деб сўрашди.
[12] Қизлар жавоб беришди: — Ҳа, ана олдингизда! Фақат тезроқ боринглар, шаҳримизга бугун келдилар. Бугун тепаликдаги саждагоҳда халқ қурбонлик келтиради.
[13] Шаҳарга киришингиз биланоқ, уни топасизлар. У саждагоҳга таом ейишга келмоқда. Валий келиб, қурбонликни табаррук қилмагунча, халқ таом емайди. У келгандан кейингина таклиф қилинганлар таом ейди. Ҳозир борсангиз, уни дарров топасизлар.
[14] Шоул билан хизматкори шаҳарга келишди. Шаҳарга кирганларида, саждагоҳга чиқишга тараддуд кўраётган Шомуил улар томонга келаётган экан.
[15] Шоул келмасдан бир кун олдин, Эгамиз Шомуилга шуни аён қилган эди:
[16] “Эртага шу вақтда сенинг олдингга Бенямин юртидан биттасини юбораман. Унинг бошига мой суртиб танла. У халқим Исроилнинг ҳукмдори бўлсин. Халқимни Филистлар қўлидан у қутқаради. Халқимнинг аҳволига назар солдим, уларнинг оҳу фиғони Менга етиб келди.”
[17] Шомуил Шоулни кўргач, Эгамиз унга: “Ана Мен сенга айтган одам, Менинг халқимга у раҳнамолик қилади”, — деди.
[18] Шоул шаҳар дарвозаси олдида Шомуилга яқинлашиб сўради: — Марҳамат қилиб айтинг–чи, валийнинг уйи қаерда?
[19] — Валий менман, — деди Шомуил. — Мендан олдин саждагоҳга чиқ. Бугун мен билан бирга таом ейсизлар. Эртага эрталаб дилингдаги ҳамма нарсани сенга айтиб, кейин ўзим кузатиб қўяман.
[20] Исроил халқининг умиди сендан ва сенинг хонадонингдан эканини ўзинг билишинг зарур. Уч кун олдин йўқолган эшакларинг учун қайғурма. Улар топилди.
[21] — Мен Исроил қабиласининг энг кичиги бўлган Бенямин қабиласиданман–ку! Мен мансуб бўлган уруғ Бенямин қабиласининг ҳамма уруғидан энг кичиги бўлса, менга нима учун бундай гапларни айтяпсиз? — деди Шоул.
[22] Шомуил Шоул билан хизматкорини ўша ердаги хонага олиб борди. Чақирилганлар тахминан ўттизтача эди. Энг тўрига Шоул билан хизматкорини ўтқазди.
[23] Кейин ошпазга: — Мен сенга, бир четга олиб қўй, деб улуш берган эдим–ку, ўша улушни келтир, — деди.
[24] Ошпаз ўнг сон гўштини олиб келиб, Шоулнинг олдига қўйди. — Мана, сен учун ажратиб қўйилган улуш, марҳамат, егин! — деди Шомуил. — Бу улушни белгиланган кунда ўзим чақирган халқим билан бирга ейсан, деб сенга сақлаб қўйган эдим. Ўша куни Шоул Шомуил билан таом еди.
[25] Сўнгра улар саждагоҳдан шаҳарга тушишди. Шомуил уйининг томида Шоул билан суҳбатлашди.
[26] Саҳар пайти Шомуил том устида ётган Шоулни чақириб: — Бўла қол! Сени кузатиб қўяман, — деди. Шоул ўрнидан туриб, Шомуил билан бирга ташқарига чиқди.
[27] Шаҳар чеккасига яқинлашганларида, Шомуил Шоулга деди: — Хизматкорингга айт, у биздан олдинроқ юрсин. Сен орқароқда қол, сенга Худонинг каломини айтаман.