Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:35

[1] Шомуил кексайгач, ўғилларини Исроилга ҳакам қилиб тайинлаган эди.

[2] Тўнғич ўғлининг оти Йўэл, иккинчи ўғлининг оти Абиё эди. Бершеба шаҳрида шу ўғиллари ҳакам эдилар.

[3] Аммо ўғиллари Шомуилнинг йўлидан юришмади. Улар тама қилар, пора олар, бир ёқлама ҳукм чиқарардилар.

[4] Бир куни Исроилнинг ҳамма оқсоқоллари тўпланишиб, Рамага — Шомуилнинг ҳузурига боришди

[5] ва унга шундай дейишди: — Мана, сиз кексайдингиз, ўғилларингиз эса сизнинг йўлингиздан юришмаяпти. Энди бошқа халқларда бўлганидай, устимиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳ тайинланг.

[6] Исроил оқсоқолларининг “Устимиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳ тайинланг” деган гаплари Шомуилга ёқмади. Шунинг учун у Эгамизга ибодат қилган эди,

[7] Эгамиз Шомуилга шундай жавоб берди: — Халқ сенга нима айтса, ҳамма гапига қулоқ сол. Улар сени рад этишмади, ўзларининг шоҳи сифатида Мени рад этишди.

[8] Уларни Мисрдан олиб чиққан кунимдан буён Менга нима қилган бўлсалар, сенга ҳам шундай қилишаётир: улар Мени тарк этиб, бошқа худоларга сажда қилишди.

[9] Энди уларнинг гапига қулоқ сол. Фақат уларни жиддий огоҳлантириб қўй, ўзлари устидан ҳукмронлик қиладиган шоҳнинг ҳуқуқи ва муомаласини очиқчасига айт.

[10] Ўзлари учун шоҳ талаб қилаётган халққа Шомуил Эгамизнинг ҳамма айтганларини етказди:

[11] — Сизларга ҳукмронлик қиладиган шоҳнинг ҳуқуқи ва муомаласи қуйидагича бўлади: шоҳ ўғилларингизни мажбурлаб жанг араваларида ва сувори лашкари сафида хизмат қилишга олади. Баъзиларини ўзига қўриқчи қилиб тайинлайди, улар шоҳнинг жанг аравалари олдида югуришади.

[12] Шоҳ баъзиларини мингбоши, баъзиларини элликбоши этиб тайинлайди. Қай бирини шоҳ ўз даласини экиш–ўришга, яна бошқасини эса жанг қуролларини ва жанг араваларининг асбоб–ускуналарини ясашга мажбур этади.

[13] Қизларингизни пардозчи, ошпаз, новвой қилиб олади.

[14] Энг яхши далаларингизни, узумзорларингизни, зайтунзорларингизни олиб, ўзининг аъёнларига беради.

[15] Донингизнинг, узумларингизнинг ўндан бирини олиб, сарой амалдорлари билан бошқа аъёнларига тақсимлаб беради.

[16] Қул ва чўриларингизни, энг сара ҳўкизларингизни, энг сара эшакларингизни олиб, ўзининг иши учун фойдаланади.

[17] Қўй ва эчки сурувларингизнинг ҳам ўндан бирини тортиб олади. Ўзларингиз ҳам унга қул бўлиб қоласизлар.

[18] Вақти келиб, ўзларингиз истаган шоҳ дастидан фарёд қиласизлар. Лекин ўша пайтда Эгамиз сизларга жавоб бермайди.

[19] Барибир халқ Шомуилнинг гапини эшитишни истамади: — Йўқ, устимиздан бир шоҳ бўлсин,

[20] ўшанда биз ҳам ҳамма халқлар сингари бўламиз. Шоҳимиз бизга ҳукмронлик қилсин, олдимизда бориб, урушларимизда бош бўлсин, — дейишди.

[21] Шомуил халқнинг ҳамма гапини тинглади, сўнг уларнинг гапларини Эгамизга айтди.

[22] Эгамиз Шомуилга: — Уларнинг гапига қулоқ сол, устиларидан шоҳ тайинла, — деб амр берди. Шомуил Исроил халқига: — Ҳар ким ўз шаҳрига қайтсин, — деди.

Шоҳлар (биринчи китоб) — Chapters