[1] Шундан кейин Шомуил бутун Исроил халқига деди: — Менга нима гапирган бўлсангиз, ҳаммасига қулоқ солдим. Сизларнинг устингиздан бир шоҳ тайинладим.
[2] Энди у сизларга раҳнамолик қилади. Мен эса кексайдим, сочим оқарди. Мана, ўғилларим ҳам сизлар билан бирга. Ёшлигимдан буён шу кунгача сизларга йўлбошчилик қилдим.
[3] Қани, айтинглар–чи, қайси бирингизнинг ҳўкизингизни олдим? Кимнинг эшагини тортиб олдим? Кимни товладим? Кимга зулм қилдим? Кимдан пора олиб, унинг айбларини кўриб–кўрмасликка олдим? Эгамизнинг ва У мой суртиб танлаган шоҳнинг олдида мен ҳақимда гувоҳлик беринг, сизлардан бирор нарса олган бўлсам, қайтариб берай.
[4] — Бизни товламадингиз, бизга зулм қилмадингиз, бирор кимсанинг қўлидан бирон нарса олмадингиз, — деди халқ.
[5] — Мендан бирор нуқсон топмаганингизга бугун Эгамиз ҳамда У мой суртиб танлаган шоҳ гувоҳдир, — деди Шомуил. — Ҳа, улар гувоҳ бўлиб турибди, — деди халқ.
[6] Шомуил гапини давом эттирди: — Мусо билан Ҳорунни тайин қилган, ота–боболарингизни Миср юртидан олиб чиққан — Эгамиздир.
[7] Энди шу ерда туринглар, Эгамизнинг сизларга ва ота–боболарингизга нажот бериш учун қилган ҳамма ажойиботларининг исботини Унинг ҳузурида сизларга кўрсатаман.
[8] Ёқуб Мисрга келгандан кейин, ота–боболарингиз Эгамизга ёлворди, У эса Мусо билан Ҳорунни юборди. Улар ота–боболарингизни Мисрдан олиб чиқиб, бу ерга жойлаштирди.
[9] Аммо ота–боболарингиз ўзларининг Эгаси Худони унутишди. Шунинг учун Эгамиз уларни Хазор шоҳининг лашкарбошиси Сисаронинг, Филистларнинг ва Мўаб шоҳининг қўлига топширди. Улар ота–боболарингиз билан уришишди.
[10] Ота–боболарингиз Эгамизга: “Гуноҳ ишлар қилдик, Сендан юз ўгириб, Баал билан Аштаретга хизмат қилдик, энди бизни ғанимларимизнинг қўлидан озод эт, Сенга хизмат қиламиз”, деб ёлворишди.
[11] Эгамиз эса Гидўн, Барақ, Йифтох, Шимшўн сингари ҳакамларни юборди. Бехавотир яшанглар деб, сизларни бўйсундирган ғанимларингиз қўлидан озод этди.
[12] Сўнгра Оммон шоҳи Нахош сизларга ҳужум қилмоқчи бўлганини кўриб, қўрқиб кетдингиз. Ўз Эгангиз Худо сизларнинг шоҳингиз бўлса ҳам, менга: “Йўқ, бизни оддий шоҳ бошқарсин”, деб туриб олдингиз.
[13] Мана, танлаб, тилаб олган шоҳингиз! Ҳа, Эгамиз устингиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳни берди.
[14] Эгамиздан қўрқиб, Унга хизмат қилинглар, Унинг сўзларига қулоқ солиб, амрларидан бўйин товламанглар. Сизларга ҳукмронлик қиладиган шоҳингиз билан бирга Эгангиз Худога эргашинглар. Агар шундай қилсангизлар, ҳаммаси яхши бўлади.
[15] Эгамизнинг сўзларига итоат этмасдан, Унинг амрларига қарши чиқсангиз, Эгамиз ота–боболарингизни жазолаганидай, сизларни ҳам жазолайди.
[16] Энди турган ерингизда тураверинг, кўз ўнгингизда Эгамизнинг ажойиботини кўринглар.
[17] Ҳозир буғдой ўрими пайти, қурғоқчилик бошланди. Мен Эгамизга илтижо қиламан, У момақалдироқ гулдиратиб, ёмғир ёғдиради. Шундай қилиб, сизлар бир шоҳ сўраш билан Эгамиз олдида қанчалик қабиҳлик қилганингизни яхшилаб тушуниб оласиз.
[18] Шомуил Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз ўша куни момақалдироқ гумбурлатиб, ёмғир ёғдирди. Жамики халқ Эгамиздан ҳам, Шомуилдан ҳам жуда қўрқиб кетди.
[19] Улар Шомуилга: — Нобуд бўлмайлик. Биз — қулларингиз учун ўз Эгангиз Худога илтижо қилинг, — дейишди. — Энди билдик, биз бир шоҳ сўраб, бутун гуноҳларимиз устига яна гуноҳ қилибмиз.
[20] Шомуил халққа деди: — Сизлар бу қилмишларингиз билан қабиҳлик қилдиларингиз, лекин энди қўрқманглар, Эгамиздан юз ўгирмасдан Унга эргашинглар. Унга бутун қалбингиз билан хизмат қилинглар.
[21] Бирор кимсага нажот беролмайдиган яроқсиз бутларнинг орқасидан эргашманглар, улар бефойда нарсалар–ку, ахир.
[22] Эгамиз сизларни Ўзининг халқи қилди. У Ўзи танлаган халқдан юз ўгирмайди. Акс ҳолда, Ўзининг улуғ исмини бадном қилган бўлади.
[23] Энди менга келсак, албатта Эгамизга сизлар учун ибодат қиламан. Акс ҳолда, Унга қарши гуноҳ қилган бўламан. Бундан Худо сақласин! Сизларга фақат тўғри ва яхши йўлни кўрсатаман.
[24] Фақат Эгамиздан қўрқинглар, Унга бутун қалбингиз билан ишониб хизматда бўлинглар. Қаранг, У сизлар учун қандай ажойиб ишлар қилган!
[25] Агарда қабиҳлик қилаверсангизлар, Эгамиз сизларни ҳам, шоҳингизни ҳам йўқ қилади.