[1] Зифликлар Гивога — Шоулнинг ҳузурига келиб: “Довуд Йишмон четидаги Хахило тепалигида яшириниб юрибди”, деб хабар етказишди.
[2] Шоул уч мингта сараланган Исроил сипоҳи билан Довудни қидириб Зиф дашт–биёбонига борди.
[3] У Хахило тепалигидаги йўл бўйида қароргоҳ қурди, бу тепалик Йишмон саҳросининг четида эди. Довуд ҳали ҳам саҳрода яшириниб юрарди. Ўз орқасидан Шоулнинг тушганини билиб, Довуд
[4] айғоқчилар жўнатди. Шу тариқа Шоулнинг шу ерга келганини аниқ билиб олди.
[5] Довуд Шоулнинг қароргоҳи томон яқин бориб, Шоул билан лашкарбоши Абнурнинг ухлаётган жойини кўрди. Шоул қароргоҳнинг ўртасида, сипоҳлар эса унинг атрофида ётган эдилар.
[6] Шу пайт Довуд Охималек билан Абушайдан: — Ким мен билан қароргоҳга — Шоулнинг ёнига киради? — деб сўради. Охималек Хет халқидан эди. Абушай Зеруянинг ўғли бўлиб, Йўабнинг акаси эди. — Мен сиз билан бораман, — деди Абушай.
[7] Довуд билан Абушай ўша кун кечаси қароргоҳга киришди. Шоул найзасини бош томонига ерга санчиб қўйиб, қароргоҳнинг ўртасида ухлаб ётарди. Абнур билан сипоҳлар унинг атрофида ухлашарди.
[8] — Бугун Худо ғанимингизни сизнинг қўлингизга берди, — деди Абушай Довудга. — Энди ижозат беринг, уни найза билан бир уриб ерга михлаб қўяйин. Иккинчи марта уришимга ҳожат қолмайди.
[9] — Йўқ, уни ўлдирмайсан, — деди Довуд, — Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳга қўл кўтарганни сира оқлаб бўлмайди.
[10] Худо шоҳид! Шоулни ё Худо уради, ё унинг куни битиб оламдан ўтади, ёки жангда ҳалок бўлади.
[11] Аммо Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳга қўл кўтаришдан мени Худонинг Ўзи сақласин. Майли, Шоулнинг бош томонидаги найза билан сувдонини олиб кетамиз.
[12] Довуд Шоулнинг бош томонидаги найзаси ва сувдонини олди. Кейин у ердан қайтишди. Уларни ҳеч ким кўрмади, бирор кимса бўлиб ўтган воқеани билмай қолди, ҳеч ким уйғонмади ҳам. Ҳамма ухлаб ётарди, зотан, Эгамиз уларни қаттиқ ухлатиб қўйган эди.
[13] Довуд нариги томонга ўтиб, узоқроқдаги тепаликнинг устига чиқди, Шоулнинг сипоҳлари билан унинг орасида анчагина масофа бор эди.
[14] Ўша ердан Абнурни ва одамларини чақириб: — Эй Абнур, менга жавоб бер–чи! — деди. — Сен кимсан, нега бақириб шоҳимизни безовта қиляпсан? — сўради Абнур.
[15] — Сен катта одамсан, Абнур, тўғрими гапим? — деди Довуд. — Бутун Исроилда сенга тенг келадигани йўқ. Шоҳ ҳазратларини биттаси ўлдирмоқчи бўлиб, қароргоҳга кирди, нега шоҳни муҳофаза этмадинг?
[16] Бу қилган ишинг ёмон. Худо ҳақи, ўзинг ҳам, одамларинг ҳам ўлимга лойиқсизлар, чунки жаноби олийларини — Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳни муҳофаза этмадингизлар. Қараб кўр–чи, шоҳнинг бош томонидаги найзаси билан сувдони қаерда экан?
[17] Шоул Довуднинг овозини таниди: — Бу сенинг овозингми, Довуд ўғлим? — деб сўради. — Ҳа, шоҳ ҳазратлари, менман, — жавоб берди Довуд.
[18] — Жаноби олийлари! Мен, қулингизни нега таъқиб қилаверасиз? Мен нима қилдим? Гуноҳим нима?
[19] Шоҳ ҳазратлари! Марҳамат қилиб мен, қулингизнинг сўзларига қулоқ солинг. Агар сизни менга қарши қўзғатган Эгамиз бўлса, назр атанг, У тинчлансин. Агар бу ишни инсонлар қилган бўлса, Эгамиз олдида лаънати бўлсинлар. Чунки улар Эгамизнинг еридан мени ҳайдаб: “Бор, бегона худоларга хизмат қил”, деяётгандай бўляпти.
[20] Ишқилиб, қоним Эгамизнинг ҳузуридан узоқ ерларга тўкилмасин. Нима учун, эй шоҳим, бургадай арзимас бир инсонни овлашга чиқдингиз?! Нечун, тоғлардаги какликни овлагандай, мени овлаб юрибсиз?!
[21] — Гуноҳ қилдим, Довуд ўғлим, бери кел, — деди Шоул. — Бугун менинг ҳаётим сен учун қадрли эканини билдим. Энди сенга сира ёмонлик қилмайман. Ҳақиқатан ҳам, нодонлик қилдим, қаттиқ янглишдим.
[22] — Мана шоҳимизнинг найзаси, йигитларингиздан бири келиб олсин, — деди Довуд,
[23] — Эгамиз ҳар бир одамнинг тўғрилигига ва садоқатига яраша мукофот беради. Бугун Эгамиз сизни қўлимга берган бўлса–да, мен Эгамизнинг мой суртиб танлаганига қўл кўтаришни истамадим.
[24] Бугун сизнинг ҳаётингизни сақлаганимдай, Эгамиз менинг ҳаётимни ҳам шундай сақласин. У мени ҳар қандай балолардан асрасин.
[25] — Довуд ўғлим, Худо сени ёрлақасин, сен албатта буюк ишлар қиласан, улуғ зафарларга эришасан, — деди Шоул. Шундан кейин Довуд ўз йўлига кетди, Шоул эса уйига қайтди.