Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:55

[1] Исо уларга яна деди: — Сизларга чинини айтайин, бу ерда турганлардан баъзилари борки, улар Худонинг Шоҳлиги қудрат билан келишини кўрмагунларича, ўлмайдилар.

[2] Орадан олти кун ўтди. Исо ёнига Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннони олиб, баланд бир тоққа чиқди. У ерда, уларнинг кўз ўнгида Исонинг қиёфаси ўзгариб кетди.

[3] Унинг кийимлари ҳам кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ бўлиб қолди, ер юзида ҳеч бир кир ювувчи бундай оқартира олмас эди.

[4] Шунда шогирдлар Исо билан гаплашиб турган Илёс билан Мусони кўришди.

[5] Бутрус Исога деди: — Устоз, яхши ҳам шу ерда эканмиз! Келинг, учта чайла ясайлик: биттаси Сизга, биттаси Мусога, биттаси Илёсга.

[6] Шогирдлар шунчалик қўрқиб кетган эдиларки, Бутрус нима деб айтаётганини ўзи ҳам билмас эди.

[7] Шу пайтда булут пайдо бўлиб, уларга соя солди. Булут орасидан шундай овоз эшитилди: — Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Унга қулоқ солинглар!

[8] Бирданига шогирдлар атрофга қараб, ёлғиз Исодан бошқа ҳеч кимни кўришмади.

[9] Тоғдан тушаётганларида Исо уларга буюрди: — Инсон Ўғли ўлиб тирилмагунча, бу кўрганларингизни ҳеч кимга айтманглар.

[10] Улар бу ҳақда ҳеч кимга айтмадилар, аммо ўзаро: “Ўликдан тирилиш нима дегани экан?” деб, бу хусусда мунозара қила бошладилар.

[11] Улар Исодан сўрадилар: — Нега Таврот тафсирчилари, Масиҳдан олдин Илёс келиши керак, деб айтадилар?

[12] Исо уларга жавобан деди: — Тўғри, аввало Илёс келиб, ҳамма нарсани тиклайди. Хўш, Муқаддас битикларда, Инсон Ўғли кўп азоб чекиши ва хўрланиши керак, деб ҳам ёзилмаганми?!

[13] Бироқ Мен сизларга шуни айтаман: Илёс аллақачон келган ва у ҳақда ёзилганидек, уни хоҳлаганларича хўрладилар.

[14] Исо уч шогирди билан тоғдан тушганда, улар қолган шогирдлари атрофига йиғилган катта оломонни кўрдилар. Баъзи Таврот тафсирчилари Исонинг шогирдлари билан баҳслашаётган эдилар.

[15] Одамлар Исони кўриб, ҳайратга тушишди. Унинг олдига югуриб бориб, салом беришди.

[16] — Нималар тўғрисида баҳслашяпсизлар? — деб сўради Исо.

[17] Оломон орасидан кимдир жавоб берди: — Устоз! Сизнинг олдингизга ўғлимни олиб келган эдим, уни жин чалгани учун гапира олмайди.

[18] Жин уни қаерда тутиб олса, ерга йиқитади. Ўғлимнинг оғзидан кўпик чиқади, у тишларини ғичирлатиб, қотиб қолади. Мен шогирдларингизга, жинни қувиб чиқаринглар, дедим, аммо улар эплай олмадилар.

[19] Исо бунга жавобан: — Эй имонсиз авлод! Қачонгача сизлар билан бирга бўлишим керак?! Сизларга яна қанча тоқат қилишим керак?! Олдимга келтиринглар болани! — деди.

[20] Болани Исонинг олдига келтиришди. Исони кўриши биланоқ жин болани қалтиратиб ташлади. Бола ерга йиқилди–ю, оғзидан кўпик оқизганча ағнаб ётаверди.

[21] Исо унинг отасидан: — Қачондан бери у бундай аҳволга тушади? — деб сўради. — Болалигидан шунақа.

[22] Жин уни ҳалок қилмоқчи бўлиб кўп маротаба оловга, сувга ташлади. Агар қўлингиздан келса, бизларга раҳм қилинг, ёрдам беринг, — деди.

[23] Исо унга шундай жавоб берди: — “Қўлингиздан келса” деганинг нимаси?! Агар одам ишонса, ҳамма нарсанинг имкони бор.

[24] Шу он боланинг отаси ҳайқириб юборди: — Ишонаман! Ишончсизлигимни енгишимга ёрдам беринг!

[25] Томошага йиғилаётган халқни кўрган Исо ёвуз руҳга дўқ қилиб: — Эй гунг қиладиган руҳ, Мен сенга буюраман: боладан чиқиб кет! Бундан кейин ҳеч қачон унинг ичига қайтиб кирма! — деди.

[26] Шунда жин қаттиқ қичқириб юборди–да, болани шиддат билан қалтиратиб, ундан чиқиб кетди. Бола ўликдай бўлиб қолганидан, кўпчилик уни ўлди, деб айтди.

[27] Лекин Исо уни қўлидан ушлаб туришига ёрдам берди, бола оёққа турди.

[28] Исо уйга кирди. У ёлғиз экан, шогирдлари Ундан: — Нега биз жинни қувиб чиқара олмадик? — деб сўрадилар.

[29] Исо уларга деди: — Бу тоифа жинларни ибодатдан бошқа йўл билан ҳайдаб бўлмайди.

[30] Исо ва шогирдлари у ердан жўнаб, Жалила ҳудудидан ўтдилар. Исо буни ҳеч ким билиб қолишини истамас эди.

[31] У шогирдларига таълим бериб, шундай деди: — Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади. Уни ўлдиришади, учинчи куни эса У тирилади.

[32] Шогирдлар эса бу сўзларни тушунмадилар, аммо Ундан гапларининг маъносини сўрашга ботина олмадилар.

[33] Исо шогирдлари билан Кафарнаҳум шаҳрига келди. Уйда бўлганда, шогирдларидан сўради: — Йўлда кетаётиб нималар ҳақида баҳслашдингиз?

[34] Улар индамадилар, чунки улар: “Орамизда энг катта ким?” деб ўзаро баҳслашган эдилар.

[35] Исо ўтириб, ўн икки шогирдини ёнига чақирди: — Ким биринчи бўлишни истаса, ҳамманинг охирида турсин ва ҳаммага хизматкор бўлсин, — деди.

[36] Сўнгра бир болани олиб, уларнинг ўртасига турғизиб қўйди ва болани қучоқлаганча, шогирдларига деди:

[37] — Ким шундай болалардан бирини Менинг номимдан қабул қилса, у Мени қабул қилган бўлади. Ким Мени қабул қилса, у Мени эмас, балки Мени Юборганни қабул қилган бўлади.

[38] Юҳанно Исога деди: — Устоз! Биз бир одамни кўрдик. У Сизнинг номингиз билан жинларни қувиб чиқараётган экан. У биз билан юрмагани учун унга бундай қилишни ман этдик.

[39] Исо шундай деди: — Ман этманг! Чунки Менинг номим билан мўъжиза яратган бирор бир кимса дарров Мени ёмонлай олмайди.

[40] Ким бизга қарши бўлмаса, у биз томонда.

[41] Сизларга чинини айтай: Масиҳга тегишли бўлганингиз учун сизга бир пиёла сув берган ҳар қандай одам албатта мукофотини олади.

[42] Исо сўзида давом этди: — Менга ишонган шу кичикларнинг биронтасини йўлдан оздирган одамнинг ҳолига вой. Бундай қилгандан кўра, ўша одамнинг бўйнига тегирмон тошини осиб, уни денгизга ташлашгани ўзи учун яхшироқ бўларди.

[43] Агар йўлдан озишингга қўлинг сабабчи бўлса, уни чопиб ташла. Икки қўлинг билан сўнмас дўзах ўтига йўлиққанингдан кўра, майиб бўлиб абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир.

[45] Агар йўлдан озишингга оёғинг сабабчи бўлса, уни чопиб ташла. Икки оёғинг билан дўзахга ташлангандан кўра, чўлоқ бўлиб абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир.

[47] Агар йўлдан озишингга кўзинг сабабчи бўлса, уни ўйиб ташла. Икки кўзинг билан дўзахга ташлангандан кўра, бир кўзинг билан Худонинг Шоҳлигига кирганинг яхшироқдир.

[48] Дўзахнинг қурти ҳам ўлмайди, олови ҳам ўчмайди.

[49] Ҳар бир одам оловда тузланиб, покланади.

[50] Туз — яхши нарса. Лекин туз ўз шўрлигини йўқотса, қандай қилиб тузни шўр қила оласизлар?! Туздай бўлинглар, ўзаро тинч–тотув яшанглар.

Марк баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters