Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:48

[1] Исо яна кўл бўйида таълим берди. Унинг атрофида шу қадар кўп оломон тўпландики, У кўлдаги қайиққа тушиб ўтиришга мажбур бўлди. Оломон эса кўл қирғоғида турарди.

[2] Исо масал орқали халққа таълим бериб, шундай деди:

[3] “Қулоқ солинглар! Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди.

[4] Уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди.

[5] Баъзи уруғлар тупроғи кам тошлоққа тушибди. Тупроқ кам бўлгани учун уруғлар тез кўкариб чиқибди.

[6] Бироқ қуёш чиққач, қовжираб, илдизи бўлмагани учун сўлиб қолибди.

[7] Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Тиканлар ўсиб, уруғларни бўғиб қўйибди, уруғлар ҳосил бермабди.

[8] Яна бошқа уруғлар эса яхши тупроққа тушибди ва униб–ўсиб, ўттиз, олтмиш, ҳаттоки юз баробар кўп ҳосил берибди.”

[9] Кейин Исо яна деди: “Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”

[10] Исо ўн икки шогирди ва бошқа баъзи одамлар билан ёлғиз қолганда, улар Исодан бояги масални тушунтириб беришини сўрадилар.

[11] Исо уларга деди: “Худо Шоҳлигининг сирини билиш сизларга берилган. Ташқаридагиларга эса ҳамма нарсани масаллар билан гапираман,

[12] токи: «Улар қараб туриб, англамасинлар, Тинглаб туриб, тушунмасинлар. Акс ҳолда, Худога қайтадилар, Гуноҳларидан фориғ бўладилар.»”

[13] Исо уларга деди: “Агар бу масални тушунмаган бўлсангиз, бошқа масалларни қандай тушунасиз?!

[14] Уруғ сепувчининг сепгани — Худонинг каломидир.

[15] Баъзи одамлар сўқмоқ йўл устига тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар каломни эшитадилар, аммо ўша заҳоти шайтон келиб, уларнинг ичига экилган каломни олиб кетади.

[16] Бошқа одамлар тошлоқ ерга тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар каломни эшитганда, уни дарров севинч билан қабул қиладилар.

[17] Лекин уларнинг илдизи бўлмагани учун узоққа чидамайдилар. Калом туфайли қайғу ёки қувғинга дучор бўлишса, дарров чекинадилар.

[18] Бошқа бирлари тиканлар орасига тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар Худонинг каломини эшитадилар,

[19] лекин дунёнинг ташвишлари, бойликка ўчлик ва бошқа ҳаваслар уларнинг юракларига кириб, каломни бўғиб қўяди, калом эса самарасиз қолади.

[20] Бошқа бирлари эса яхши тупроққа тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар каломни эшитиб, қабул қиладилар ва ўттиз, олтмиш, ҳатто юз баробар ҳосил берадилар.”

[21] Исо уларга яна деди: “Чироқни олиб келиб, идишнинг ёки чорпоянинг тагига қўядими?! Аксинча, чироқпояга қўяди.

[22] Шу сингари, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади.

[23] Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”

[24] Кейин уларга яна деди: “Эшитаётганларингизни қулоғингизга қуйиб олинг! Сиз қандай ўлчов билан ўлчасангиз, худди шундай ўлчов билан сизга ҳам ўлчаб берилади. Сизга яна қўшиб берилади.

[25] Кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, бори ҳам ундан тортиб олинади.”

[26] Исо яна шундай деди: “Худонинг Шоҳлигини шунга қиёсласа бўлади: деҳқон даласига уруғ экади.

[27] Кечаси бўлдими, ухлайди, кундузи бўлдими, туради. Аммо уруғ қандай униб чиқиб, ўсишини у билмайди.

[28] Ер ўз–ўзидан аввал пояни, сўнгра бошоқни, ундан кейин бошоқдаги тўлиқ донни етиштиради.

[29] Ҳосил пишгач, йиғим–терим вақти келди, деб ўша одам дарҳол ўроқни ишга солади.”

[30] Исо яна деди: “Худонинг Шоҳлигини яна нимага ўхшатсак бўлади?! Уни қандай масал билан ифодаласак бўлади?!

[31] Худонинг Шоҳлиги хантал уруғига ўхшайди: у ерга сепиладиган уруғларнинг энг майдасидир.

[32] Лекин сепилгандан кейин кўкаради ва барча кўкатлардан баланд бўлиб ўсади. Катта шохлар чиқаради, осмондаги қушлар ҳам унинг паноҳида уя қуради.”

[33] Шундай қилиб, Исо халқнинг эшитиш имкониятига қараб, бу сингари, кўпгина масаллар орқали Худонинг сўзини ўргатарди.

[34] Уларга масалсиз гапирмас эди. Шогирдлари билан ёлғиз қолганда эса, уларга ҳаммасини тушунтирар эди.

[35] Ўша куни кечқурун Исо шогирдларига: — Кўлнинг нариги томонига ўтайлик, — деди.

[36] Улар оломонни қолдириб, Исони ўтирган қайиғида олиб кетдилар. Исонинг кетидан бошқа қайиқлар ҳам сузиб кетди.

[37] Шу орада кўлда кучли бўрон кўтарилди. Тўлқинлар қайиқни тебратиб юборди, қайиқ сувга тўла бошлади.

[38] Исо эса қайиқнинг қуйруқ томонида ёстиққа бош қўйиб, ухлаб ётган эди. Шогирдлар Исони уйғотиб: — Устоз! Ҳалок бўляпмиз! Наҳотки Сизга барибир бўлса?! — дейишди.

[39] Шунда Исо туриб, шамолга: “Жим бўл!” ва кўлга: “Бас қил!” деб буюрди. Шу онда шамол тинди, чуқур сукунат бўлди.

[40] Исо шогирдларига: — Нега қўрқасизлар? Нега ҳалигача ишончингиз йўқ? — деди.

[41] Улар эса ваҳимага тушиб, бир–бирига шундай дейишди: — Бу Ким бўлди экан–а? Шамол ҳам, кўл ҳам Унга бўйсунади–я!

Марк баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters