Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:32

[1] Исо шогирдлари билан кўлнинг нариги қирғоғидаги Гераса ҳудудига етиб келди.

[2] Исо қайиқдан тушиши биланоқ, ёвуз руҳга чалинган бир одам қабрлар орасидан югуриб келиб, Унинг қаршисидан чиқди.

[3] У одам қабристонда яшарди. Уни ҳеч ким ҳатто занжир билан ҳам боғлай олмасди.

[4] Кўп маротаба уни кишанлару занжирлар билан боғлаган бўлсалар–да, аммо у занжирларни узиб, кишанларни ҳам синдириб ташлар эди. Уни тинчитишга ҳеч кимнинг кучи етмас эди.

[5] Доимо, кечаю кундуз қабрлар орасида, тоғларда бақириб юрар, баданини тошлар билан тилиб, жароҳатлар эди.

[6] У Исони узоқдан кўриб, югуриб келди–да, Унга таъзим қилиб,

[7] овози борича бақирди: — Эй Исо, Худойи Таолонинг Ўғли! Мени тинч қўй! Худо ҳақи Сенга ёлвораман, менга азоб берма!

[8] Чунки Исо унга: “Эй ёвуз руҳ, бу одамдан чиқиб кет!” — деб буюрган эди.

[9] Исо ёвуз руҳдан: — Исминг нима? — деб сўради. — Исмим Тумонат, чунки бизлар кўпчиликмиз, — деб жавоб берди у.

[10] Уларни бу ҳудуддан ташқарига ҳайдаб чиқармаслигини Исодан қайта–қайта ёлвориб сўради.

[11] Ўша тоғнинг ён бағрида катта чўчқа подаси ўтлаб юрган эди.

[12] Ёвуз руҳлар Исога ёлвориб: — Бизни шу чўчқаларга юборгин, уларга кирайлик, — дейишди.

[13] Исо уларга рухсат берди. Ёвуз руҳлар эса шу заҳоти у одамдан чиқиб, чўчқаларга кириб олишди. Икки мингга яқин чўчқа тик қияликдан кўлга ёпирилиб, чўкиб кетди.

[14] Шунда чўчқа боқувчилар қочиб кетиб, бўлиб ўтган ҳодисани шаҳар ва қишлоқларда гапириб юрдилар. Аҳоли эса нима бўлганини кўришга борди.

[15] Улар Исонинг олдига келганларида, илгари тумонат жин қамраган одамни кийинган ва ақли расо ҳолда ўтирганини кўриб, қўрқиб кетишди.

[16] Воқеани кўрганлар эса ҳалиги одам жиндан қандай қутулгани ва чўчқалар билан нима рўй бергани ҳақида халққа сўзлаб беришди.

[17] Шунда маҳаллий халқ Исодан: “Ҳудудимиздан чиқиб кетинг”, деб ўтинди.

[18] Исо қайиққа тушди. Жиндан қутулган одам Исога: — Сиз билан кетай, — деб ёлворди.

[19] Лекин Исо рози бўлмади. Унга шундай деди: — Уйингга бор, Мен — Раббинг сен учун нималар қилганимни, қандай раҳм–шафқат кўрсатганимни ўз яқинларингга гапириб бер.

[20] Шунда у киши бориб, Исо унга қанчалар мурувват кўрсатганини Декаполис ҳудудида эълон қила бошлади. Ҳамма ҳайратга тушарди.

[21] Исо қайиқда кўлнинг нариги томонига яна сузиб ўтди. Бир талай оломон қирғоқда Унинг атрофига тўпланди.

[22] Шу пайт Яир исмли бир киши келиб қолди. У синагога бошлиғи эди. У Исони кўрди–ю, оёғига йиқилиб:

[23] — Менинг жажжи қизим ўлим тўшагида ётибди. Келиб унга қўлингизни теккизинг, у соғайиб тирик қолсин, — деб қайта–қайта ёлворди.

[24] Исо у билан кетди. Исонинг орқасидан кўп халойиқ эргашиб, Уни қисиб қўяр эди.

[25] У ерда ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл ҳам бор эди.

[26] У кўп табиблар муолажасидан анча қийналиб, бутун мол–мулкини сарф этгани билан ҳеч фойда кўрмаган, аҳволи баттар ёмонлашиб борарди.

[27] Аёл Исо ҳақида эшитди–ю, халойиқ орасида Исонинг орқасидан келиб, кийимига қўл теккизди.

[28] У ўзича: “Агар кийимига бир тегиб олсам бас, соғайиб кетаман”, деб ўйлаган эди.

[29] У шундай қилиши биланоқ, қон кетиши тўхтади. Аёл касалликдан фориғ бўлганини ўз танасида ҳис этди.

[30] Исо эса шу онда Ўзидан бир куч чиққанлигини сезди. У орқасига ўгирилиб халойиқдан: — Кийимимга ким тегди? — деб сўради.

[31] Шогирдлари Унга: — Сизни халойиқ қисиб турганлигини кўриб турибсиз–ку! Нимага яна: “Менга ким тегди?” деб сўраяпсиз? — дейишди.

[32] Лекин Исо буни ким қилганини кўриш учун атрофга қарар эди.

[33] Аёл ўзида қандай ўзгариш бўлганини билиб, титраб–қўрқиб келди, Исонинг оёқлари остига ўзини ташлаб, бутун ҳақиқатни Унга сўзлаб берди.

[34] Исо унга деди: — Қизим, ишончинг сени соғайтирди. Эсон–омон бор, дардингдан халос бўлгин.

[35] Исо шундай деб турган ҳам эдики, синагога бошлиғининг уйидан одамлар келиб унга: — Қизингиз ўлди, нега яна Устозни овора қиляпсиз? — дедилар.

[36] Исо бу сўзларни эшитиб қолиб, синагога бошлиғига: — Қўрқманг, фақат ишонинг, — деди.

[37] Исо ҳеч кимнинг эргашишига йўл қўймай, фақат Бутрус, Ёқуб ва унинг укаси Юҳаннони олиб кетди.

[38] Синагога бошлиғининг уйига етганларида, безовталикни, дод–фарёд қилаётган одамларни кўрдилар.

[39] Исо ичкарига кириб: — Нега безовтасизлар? Нега йиғлаяпсизлар? Қизча ўлмаган, у ухлаб ётибди, — деди.

[40] Улар эса Исонинг устидан кулишди. Исо ҳаммани ташқарига чиқариб юборди. У қизчанинг ота–онаси ва шогирдларини олиб қолиб, қизча ётган хонага кирди.

[41] Қизчанинг қўлидан ушлаб унга: — Талифа кум! — деди. Бу гапнинг таржимаси: “Қизалоқ, қани, ўрнингдан тур!” демакдир.

[42] Ўн икки яшар қизча шу онда ўрнидан турди, юриб, атрофни айлана бошлади. Буни кўрганларнинг ақли шошди.

[43] Исо: — Буни ҳеч ким билмасин, — деб уларга қатъий буюрди ва қизчага овқат беришларини айтди.

Марк баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters