[1] Исо халққа масаллар орқали сўзлай бошлади: “Бир одам узумзор барпо қилибди. Атроф–теварагини девор билан ўраб, узум сиқиш чуқурини қазибди, кузатув минорасини қурибди. Кейин узумзорни боғбонларга ижарага бериб, ўзи сафарга кетибди.
[2] Йиғим–терим мавсумида, узумзор ҳосилидан тегишли улушини олиш учун ўша одам хизматкорини боғбонлар олдига юборибди.
[3] Боғбонлар эса уни тутиб олишибди, калтаклаб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди.
[4] Узумзор эгаси яна бошқа бир хизматкорини уларнинг олдига юборибди. Улар бунисини ҳам бошига уриб, ҳақорат қилибдилар.
[5] Яна бошқасини йўллабди, унисини эса ўлдиришибди. У яна хизматкорларини юбораверибди, аммо боғбонлар уларнинг баъзиларини уриб, баъзиларини ўлдиришибди.
[6] Узумзор эгасининг энди биргина одами қолибди, у ҳам бўлса, севикли ўғли экан. У: «Ўғлимни ҳурмат этарлар» деб, боғбонлар олдига уни юборибди.
[7] Лекин улар бир–бирига: — Бу меросхўр–ку! Уни ўлдирайлик, шунда мероси бизга қолади, — дейишибди.
[8] Ўғлини ушлаб, ўлдириб, жасадини узумзордан чиқариб ташлашибди.
[9] Хўш, сизнингча, энди узумзор эгаси нима қилар экан? У келиб боғбонларни ўлдиради, узумзорни эса бошқаларга ижарага беради.
[10] Наҳотки сизлар Муқаддас битиклардаги ушбу сўзларни ҳеч ўқимаган бўлсангиз: «Бинокорлар рад этган тош Бинонинг тамал тоши бўлди.
[11] Бу Эгамизнинг қилган ишидир, Кўз олдимиздаги ажойиботдир.»”
[12] Исо айтган бу масал яҳудий йўлбошчиларга қарши қаратилган эди. Улар буни англаб етдилар–у, Исони қўлга олмоқчи бўлдилар. Аммо халқдан қўрққанлари учун Унга қўл теккизмай кетиб қолдилар.
[13] Исони тилидан илинтириш учун Унинг олдига фарзийлардан ва Ҳирод тарафдорларидан баъзиларини юбордилар.
[14] Улар келиб дедилар: — Устоз, одил эканингизни биламиз. Сиз бирор кишига хушомадгўйлик қилмайсиз. Одамларга юз–хотир қилмасдан, Худонинг йўлини тўғри ўргатасиз. Айтинг–чи, Қайсарга солиқ тўлашимиз тўғрими ёки йўқми? Биз солиқ тўлайликми ёки тўламайликми?
[15] Исо уларнинг иккиюзламачилигини билар эди. — Нима, Мени синаб кўрмоқчимисизлар? Менга бир динор олиб келинглар, уни бир кўрайин, — деди.
[16] Улар олиб келгач, Исо сўради: — Бу тангадаги сурат ва ёзув кимники? — Қайсарники, — деди улар.
[17] Исо уларга: — Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, — деди. Буни эшитганлар ҳайратда қолдилар.
[18] Саддуқийлар ўликларнинг тирилишини инкор этардилар. Уларнинг баъзилари Исонинг олдига келиб, халқ олдида Унга шундай савол бердилар:
[19] — Устоз! Мусо бизга шундай ёзиб қолдирган: агар бировнинг акаси фарзанд кўрмай ўтиб кетса, укаси акасининг хотинига уйланиб, акаси учун фарзандни дунёга келтирсин.
[20] Хўш, етти ака–ука бўлган экан. Биринчиси уйланибди, сўнг насл қолдирмай ўлиб кетибди.
[21] Иккинчиси ҳам ўша хотинни олиб, фарзанд кўрмай оламдан ўтибди. Учинчиси ҳам шу кўйга тушибди.
[22] Шунингдек, ака–укаларнинг еттови ҳам фарзанд кўрмай оламдан ўтибди. Охирида хотин ҳам қазо қилибди.
[23] Айтинг–чи, Худо одамларни тирилтирганда хотин қайси бирининг хотини ҳисобланади? Еттови ҳам унга уйланган эдилар–ку!
[24] Исо уларга шундай жавоб берди: — Сизлар Муқаддас битикларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмайсизлар, ана шу сабабдан адашяпсизлар.
[25] Ўликлар тирилганда уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар, балки бамисоли самодаги фаришталардай бўладилар.
[26] Ўликларнинг тирилиши ҳақидаги масалага келсак: наҳотки сизлар ҳеч қачон Мусонинг китобини ўқимаган бўлсангизлар?! Ёнаётган бута тўғрисидаги воқеада Худо Мусога: “Мен Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман”, — деган–ку!
[27] Ахир, Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Сизлар ниҳоятда адашяпсизлар.
[28] Таврот тафсирчиларидан бири уларнинг мунозара қилаётганини эшитиб, Исонинг уларга яхши жавоб бериб турганини кўрди. У Исонинг олдига келиб: — Амрларнинг энг муҳими қайси бири? — деб сўради.
[29] Исо унга жавоб бериб деди: — Энг муҳим амр шудир: “Эй Исроил, қулоқ сол! Эгамиз Худо танҳо Эгадир.
[30] Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан, кучингиз борича севинг.”
[31] Энг муҳим амрлардан иккинчиси: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.” Булардан буюкроқ амр йўқ.
[32] — Яхши гапирдингиз, Устоз, — деди Исога тафсирчи. — Худо танҳодир, Ундан бошқа Худо йўқ, деб тўғри айтдингиз.
[33] Уни бутун қалбимиз, бутун идрокимиз билан, кучимиз борича севишимиз керак. Ўзгани ҳам ўзимизни севгандай севишимиз керак. Куйдириладиган ва бошқа қурбонликлар келтиришдан бу аълороқдир.
[34] Исо унинг оқилона жавоб берганини кўриб: — Сиз Худонинг Шоҳлигидан узоқда эмассиз, — деди. Шундан кейин ҳеч ким Исога савол беришга журъат этмади.
[35] Исо Маъбадда таълим бераётиб, шундай савол берди: — Қандай қилиб Таврот тафсирчилари Масиҳни Довуднинг Ўғли дейдилар?
[36] Довуднинг ўзи Муқаддас Руҳ илҳоми билан деганки: “Эгамиз айтмоқда Раббимга: Душманларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.”
[37] Демак, Довуднинг ўзи Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ Довуднинг Ўғли бўлади?! Бир талай оломон Исони иштиёқ билан тинглар эди.
[38] Исо халққа насиҳат қилиб, яна шундай деди: — Таврот тафсирчиларидан эҳтиёт бўлинглар! Улар узун кийимлар кийишни яхши кўрадилар, бозорларда юрганда уларга салом беришларини,
[39] синагогаларда яхши жойларда ўтиришни, зиёфатларда тўрда ўтиришни ёқтирадилар.
[40] Аммо бева аёлларнинг уй–жойларини тортиб оладилар, хўжа кўрсинга узоқ дуо ўқийдилар. Бундай одамлар ниҳоятда қаттиқ жазога мубтало бўладилар.
[41] Исо Маъбад хазинаси қаршисида ўтириб, эҳсон қутисига пул солаётган одамларни кузатиб турди. Кўп бойлар анчагина пул ташладилар.
[42] Бир камбағал бева аёл ҳам келиб, қиймати бир тийинга тўғри келадиган икки чақа ташлади.
[43] Шунда Исо шогирдларини ёнига чақириб деди: — Сизларга чинини айтайин, бу камбағал бева аёл хазинага пул ташлаганларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ ташлади.
[44] Чунки бойларнинг ҳаммаси ўзларининг ортиқча пулларидан эҳсон қилдилар. Бу аёл эса камбағаллигига қарамасдан, ўзининг бор–йўғини, рўзғорига ишлатиладиган ҳамма пулини ташлади.