[1] Ўша кунларда яна кўп одам йиғилди. Уларнинг ейиш учун ҳеч нарсалари қолмаганда, Исо шогирдларини ёнига чақириб деди:
[2] — Халққа ачиняпман. Улар уч кундан бери Мен билан бирга, ейишга ҳеч нарсаси йўқ.
[3] Агар уларни уйларига овқат бермай жўнатиб юборсам, йўлда ҳолдан тойиб қоладилар. Уларнинг баъзилари узоқ ерлардан келганлар.
[4] Шогирдлари бунга жавобан: — Уларни тўйдириш учун бу кимсасиз жойда ким қаердан нон топа оларди?! — дейишди.
[5] — Қанча нонларингиз бор? — деб сўради Исо. — Еттита, — деди шогирдлар.
[6] Шундан кейин Исо халққа ерга ўтиришни буюрди. Еттита нонни олиб, шукрона дуосини ўқиб синдирди ва тарқатиш учун шогирдларига берди. Шогирдлар халққа тарқатишди.
[7] Уларда бир нечта майда балиқ ҳам бор эди. Исо балиқлар учун шукурлар айтиб, балиқларни ҳам тарқатишни буюрди.
[8] Халқ еб тўйди. Ортиб қолган нон бурдаларини йиғишганда, еттита сават тўлди.
[9] У ерда тўрт мингга яқин одам бор эди. Исо уларни жўнатгандан кейин,
[10] дарҳол шогирдлари билан қайиққа тушиб, Далманута ҳудудига кетди.
[11] Фарзийлар Исонинг олдига бориб, У билан баҳслаша бошладилар. Уни синаб кўриш мақсадида шундай дедилар: — Бизга бир мўъжизали аломат кўрсатинг, шунда Сизни Худо юборганини тан оламиз.
[12] Лекин Исо чуқур хўрсинди: — Нега бу авлод аломат талаб қиляпти? Сизларга чинини айтайин, бу авлодга ҳеч қандай аломат берилмайди!
[13] Исо уларнинг олдидан кетди, яна қайиққа тушиб, нариги қирғоққа ўтиб олди.
[14] Шогирдлар ўзлари билан нон олишни унутган эканлар. Қайиқда бир дона нон бор эди, холос.
[15] Шу орада Исо шогирдларини огоҳлантириб деди: — Фарзийлар ва Ҳироднинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар!
[16] Шогирдлар ўзларича: “Биз нон олмаганимиз учун У шундай деяпти”, деб муҳокама қила бошладилар.
[17] Шогирдлар нимани муҳокама қилаётганларини Исо билиб, уларга деди: — Нега сизлар, нонимиз йўқ, деб айтяпсизлар? Ҳали ҳам тушунмаяпсизларми, англамаяпсизларми? Имонингиз шунчалик сустми?!
[18] Кўзларингиз бор–ку, наҳотки кўрмасангиз?! Қулоқларингиз бор–ку, наҳотки эшитмасангиз?! Эслаб кўринг:
[19] Мен бешта нонни синдириб, беш мингта эркакка бўлиб берганимда, сизлар қолган нон бурдалари билан нечта саватни тўлдириб олгансизлар? — Ўн иккита саватни, — деб жавоб берди улар.
[20] — Мен еттита нонни синдириб, тўрт минг кишига бўлиб берганимда, бурдалари билан нечта саватни тўлдириб олгансизлар? — Еттита саватни, — дейишди.
[21] — Ҳали ҳам англамадингизми? — деб сўради улардан Исо.
[22] Исо шогирдлари билан Байтсайда шаҳрига келди. Одамлар Исонинг олдига бир кўрни олиб келиб: “Унга қўлингизни теккизиб қўйинг”, деб ёлвордилар.
[23] Исо кўрнинг қўлидан ушлаб, шаҳардан етаклаб олиб чиқди. Сўнг кўзларига тупуриб, қўлларини унинг устига қўйди–да: — Бирон нарса кўряпсанми? — деб сўради.
[24] Кўр бошини кўтариб: — Одамларни кўряпман, лекин улар юраётган дарахтларга ўхшайди, — деди.
[25] Шундан кейин Исо қўлларини яна кўрнинг кўзларига теккизди. Кўр одам кўзларини очиб қараса, соғайиб қолган, ҳамма нарсани аниқ кўраётган эди.
[26] Исо уни уйига жўнатар экан: — Қишлоққа кирмай, тўғри уйингга кет, — деди.
[27] Исо шогирдлари билан Филип Қайсарияси атрофидаги қишлоқларга йўл олди. Йўлда У шогирдларидан: — Одамлар Мени ким деб билади? — деб сўради.
[28] Шогирдлар Исога шундай жавоб беришди: — Баъзилар Сизни Яҳё чўмдирувчи деб ҳисоблайдилар, баъзилар Илёс, бошқалари эса, қадимги пайғамбарлардан бири, деб айтиб юрибдилар.
[29] Исо улардан сўради: — Сизлар–чи, Мени ким деб биласиз? Бутрус Унга жавоб бериб: — Сиз Масиҳсиз, — деди.
[30] Шундан сўнг Исо, Мен ҳақимда ҳеч кимга гапирманглар, деб шогирдларига қатъий буюрди.
[31] Исо шогирдларига шундай деб уқтира бошлади: “Инсон Ўғли кўп азоб чекади. Йўлбошчилар, бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари томонидан рад қилиниб, ўлдирилади. Учинчи куни эса тирилади.”
[32] У бу ҳақда очиқдан–очиқ гапирди. Шунда Бутрус Исони четга тортиб: — Устоз, бундай деб айтманг, — деди.
[33] Аммо Исо ўгирилиб шогирдларига қаради–да, Бутрусни қаттиқ койиб деди: — Йўқол кўзимдан, шайтон! Сен Худонинг ишларини эмас, инсон ишларини ўйлаяпсан.
[34] Шундан сўнг Исо халқ билан шогирдларини олдига чақириб деди: — Кимда–ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ўз хочини кўтариб, ортимдан юрсин.
[35] Ким ўз жонини асраб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Ким Мен учун ва Хушхабар учун жонини берса, жонини асраб қолади.
[36] Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса–ю, ўз жонидан маҳрум бўлса, бундан унга нима фойда?!
[37] Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов бера олади?!
[38] Бу бевафо ва гуноҳкор насл орасида Мендан ва Менинг сўзларимдан уялманглар! Акс ҳолда, Инсон Ўғли муқаддас фаришталар билан бирга Отасининг улуғворлигига бурканиб келганда, У ҳам сизлардан уялади.