[1] Тонг отар–отмас, бош руҳонийлар, йўлбошчилар, Таврот тафсирчилари ва Олий кенгашнинг қолган аъзолари бир қарорга келишди. Улар Исони боғлатиб, ҳоким Пилатга олиб бориб топширишди.
[2] Пилат Исодан: — Сен яҳудийларнинг Шоҳимисан? — деб сўради. — Сиз шунақа дейсиз, — деб жавоб берди Исо.
[3] Бош руҳонийлар Уни кўп масалада айблаётган эдилар.
[4] Пилат яна Унга: — Сен ҳеч нарсага жавоб бермайсанми? Кўряпсан–ку, улар Сени кўп жиноятларда айблашяпти! — деди.
[5] Лекин Исо бошқа ҳеч жавоб бермади. Пилат бунга қойил қолди.
[6] Ҳар Фисиҳ байрамида Пилат халқнинг илтимосига биноан бир маҳбусни озод қилар эди.
[7] Исён вақтида қотиллик қилган Бараббас исмли бир киши ўз шериклари билан ўшанда қамоқда эди.
[8] Халқ яна келиб, Пилатдан одатдагидай бир маҳбусни озод қилишни сўрай бошлади.
[9] Бош руҳонийлар Исони ҳасад туфайли қўлга туширишганини билган Пилат оломондан: — Сизлар учун яҳудийларнинг Шоҳини озод қилишимни истайсизларми? — деб сўради.
[11] Аммо бош руҳонийлар: “Унинг ўрнига Бараббасни озод қилишни Пилатдан сўранглар”, деб оломонни қўзғадилар.
[12] Пилат уларга яна деди: — Айтинглар хоҳишингизни! Сизлар “Яҳудийлар Шоҳи” деб атайдиган Кишини нима қилай?
[13] — Хочга михлансин! — деб шовқин солди оломон.
[14] Пилат улардан: — Нимага? У нима ёмонлик қилди? — деб сўради. Лекин оломон: — Хочга михлансин! — деб баттар бақирарди.
[15] Шундан кейин Пилат халқни мамнун қилай деб, Бараббасни озод этди. Исони эса қамчилатиб, хочга михлашни буюрди.
[16] Рим аскарлари Исони ҳукумат саройининг ҳовлисига олиб бориб, бутун бўлинмани Унинг олдига тўплашди.
[17] Унга сафсар тўн кийдиришди ва тиканлардан тож ўриб бошига қўйишди.
[18] — Яшавор, эй яҳудийларнинг Шоҳи! — деб Уни қутлай бошлашди.
[19] Қамиш билан Унинг бошига қайта–қайта уриб, тупуришди. Унинг олдида тиз чўкиб, таъзим қилишди.
[20] Уни шундай масхара қилганларидан кейин, устидан сафсар тўнни ечиб олиб, Ўзининг кийимларини кийдиришди. Сўнг Уни хочга михлаш учун олиб кетишди.
[21] Аскарлар йўлда Шимўн деган одамни учратиб қолдилар. У даладан қайтиб келаётган эди. Улар Шимўнни Исонинг хочини кўтариб боришга мажбур қилдилар. Шимўн Киринеялик бўлиб, Искандар ва Руфуснинг отаси эди.
[22] Аскарлар Исони Гўлгота деган жойга олиб келишди. Гўлгота “бош суяги” маъносини беради.
[23] Исога мирра аралаштирилган шароб беришди, лекин У ичмади.
[24] Бундан сўнг Исони хочга михлаб қўйишди. Унинг кийимларини эса ўзаро бўлишиб, ким нима олади, деб қуръа ташлашди.
[25] Уни хочга михлаганларида эрталаб соат тўққиз эди.
[26] Бош томонида: “Яҳудийларнинг Шоҳи” деб ёзилган айбнома бор эди.
[27] Исо билан бирга иккита қароқчини ҳам михлаган эдилар. Уларнинг бири Исонинг ўнг томонида, иккинчиси эса чап томонида эди.
[29] Ўтиб кетаётганлар бошларини чайқаб, Исони ҳақоратлашарди: — Эй Маъбадни бузиб, уч кун ичида тиклайдиган!
[30] Ўзингни Ўзинг қутқариб, хочдан тушиб кўр–чи!
[31] Бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари ҳам уларга қўшилиб, Исони масхаралай кетишди. Улар бир–бирига: — У бошқаларни қутқарарди, Ўзини эса қутқара олмайди!
[32] Исроилнинг Шоҳи Масиҳ энди хочдан тушсин, токи биз буни кўриб Унга ишонайлик! — дейишарди. Исо билан бирга хочга михланганлар ҳам Уни ҳақоратлар эдилар.
[33] Туш пайти бутун юртни зулмат қоплади. Соат учга қадар ҳамма ёқ зулматга чўмди.
[34] Соат учда Исо баланд овоз билан: — Элоҳи, Элоҳи, ламо шавақтани? — деб фарёд қилди. Бу сўзнинг таржимаси: “Эй Худойим! Эй Худойим! Нега Мени тарк этдинг?!” демакдир.
[35] У ерда турган баъзилар буни эшитиб: — Қаранг, У Илёсни чақиряпти, — дейишди.
[36] Шунда бир одам югуриб бориб, шимгични арзон шаробга ботириб, қамишнинг учига илиб қўйди–да, Исога ичиш учун узатди. Сўнг деди: — Қани, кўрайлик–чи, Илёс келиб, Уни хочдан туширармикан?
[37] Аммо Исо қаттиқ фарёд қилди–ю, жон берди.
[38] Шу заҳоти Маъбаддаги парда юқоридан пастгача йиртилиб, иккига бўлиниб кетди.
[39] Исонинг қаршисида турган Рим юзбошиси Унинг шу тарзда жон берганини кўриб: — Ҳақиқатан ҳам бу Одам Худонинг Ўғли экан! — деди.
[40] У ерда узоқдан қараб турган аёллар бор эди. Улар орасида Магдалалик Марям, кичик Ёқуб билан Юсуфнинг онаси Марям ҳамда Саломия бор эдилар.
[41] Исо Жалилада эканлигида, улар Унга хизмат қилиб, эргашиб келган эдилар. У ерда Исо билан бирга Қуддусга келган бошқа кўп аёллар ҳам бор эди.
[42] Жума куни кеч киришига оз қолган, Шаббат кунига тайёргарлик қилиш вақти тугаётган эди.
[43] Шунда Олий кенгашнинг обрўли аъзоси, Худонинг Шоҳлигини интизорлик билан кутиб юрган Ариматеялик Юсуф журъат этиб, Пилатнинг ҳузурига борди ва Исонинг жасадини сўради.
[44] Пилат Исонинг дарров ўлганига ҳайрон бўлди. Юзбошини чақириб: — Унинг жони узилиб бўлдими? — деб сўради.
[45] Пилат Исонинг ўлганини юзбошидан билиб олгач, Унинг жасадини Юсуфга берди.
[46] Юсуф зиғир матоси сотиб олди. Жасадни хочдан тушириб олиб, зиғир матоси билан кафанлади. Жасадни қояда ўйилган қабрга қўйди. Кейин қабрнинг оғзига бир тошни юмалатиб келтириб, қўйиб кетди.
[47] Исонинг жасади қаерга дафн қилинганини Магдалалик Марям билан Юсуфнинг онаси Марям кўрди.