Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:21

[1] Бир неча кундан кейин Исо яна Кафарнаҳум шаҳрига келди. Унинг келгани тўғрисидаги хабар тезда шаҳарга тарқалди.

[2] Шу қадар кўп одам йиғилдики, Исо ўтирган уйнинг ҳатто эшиги олдида ҳам жой қолмади. Исо халққа Худонинг сўзини ўргатаётган эди.

[3] Шу орада тўрт киши бир шол одамни кўтариб келдилар.

[4] Оломон кўплигидан улар шолни Исонинг олдига олиб бора олмай, уйнинг томидан тешик очдилар. Шолни тўшаги билан Исонинг олдига туширдилар.

[5] Исо уларнинг ишончини кўриб, шолга: — Ўғлим, гуноҳларинг кечирилди, — деди.

[6] Бу ерда баъзи Таврот тафсирчилари ўтирган эдилар. Улар ичларида шундай деб ўйлаган эдилар:

[7] “Нега бу Одам бундай деяпти? Бу куфрлик–ку! Худодан бошқа ҳеч ким гуноҳларни кечира олмайди!”

[8] Исо шу онда уларнинг ўй–фикрларини билиб, деди: — Нега бундай нарсаларни ўйлайсизлар?

[9] Қайси бири осонроқ? Шолга: “Гуноҳларинг кечирилди”, деб айтишми ёки: “Ўрнингдан тур, тўшагингни олгин–да, юр!” деб айтишми?

[10] Инсон Ўғлига ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимияти берилган. Ҳозир шуни билиб оласизлар. У шундай деди–ю, шолга:

[11] — Сенга айтаман: ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, уйингга бор! — деб буюрди.

[12] Шол одам ўрнидан турди, дарҳол тўшагини олиб, ҳамманинг кўзи олдида чиқиб кетди. Ҳамма ҳайратга тушиб: “Бунақасини ҳеч қачон кўрмаган эдик”, деб Худони улуғлар эдилар.

[13] Исо яна Жалила кўли бўйига чиқди. Тумонат халойиқ Унинг олдига тўпланди. Исо уларга таълим берди.

[14] Исо кўл бўйлаб юраркан, солиқ йиғадиган жойда ўтирган Халфей ўғли Левини кўриб қолди. Исо унга: — Ортимдан юр! — деди. Леви ўрнидан туриб, Исога эргашди.

[15] Бир оздан кейин Исо Левининг уйида меҳмон бўлди. Исога эргашган кўп солиқчилар ва гуноҳкорлар ҳам Унинг шогирдлари қаторида дастурхон атрофида ўтирардилар.

[16] Исо гуноҳкорлар ва солиқчилар билан бирга овқатланиб ўтирганини фарзий мазҳабидан бўлган баъзи Таврот тафсирчилари кўриб, Унинг шогирдларига: — Бу қандай гап? У солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга овқатланиб ўтирибди–ку! — дейишди.

[17] Исо буни эшитиб, шундай жавоб берди: — Мен солиҳларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман. Ахир, соғлар эмас, хасталар табибга муҳтождир.

[18] Яҳёнинг ҳам, фарзийларнинг ҳам шогирдлари рўза тутишар эди. Баъзи одамлар Исонинг ёнига келиб: — Нега Яҳёнинг шогирдлари ва фарзийларнинг шогирдлари рўза тутади–ю, Сизнинг шогирдларингиз тутмайди? — деб сўрашди.

[19] Исо уларга деди: — Тўйда меҳмонлар рўза тута оладиларми? Албатта, йўқ! Куёв улар билан бирга бўлганда, улар рўза тута олмайдилар.

[20] Бироқ улар куёвдан жудо бўладиган кунлар келади, ана ўшанда рўза тутадилар.

[21] Ҳеч ким эски кийимга янги матодан ямоқ солмайди. Акс ҳолда, янги ямоқ эски кийимни баттар йиртиб юборади.

[22] Шунингдек, ҳеч ким янги шаробни эски мешга қуймайди. Чунки янги шароб мешни ёриб юборади, шароб ҳам, меш ҳам исроф бўлади. Аксинча, янги шаробни янги мешга қуймоқ даркор.

[23] Шаббат кунларининг бирида Исо буғдойзордан ўтиб кетаётган эди. Унинг шогирдлари йўл–йўлакай бошоқларни уза бошладилар.

[24] Буни кўрган фарзийлар Исога: — Қара, нега улар Шаббат куни қонунга хилоф иш қиляптилар? — дейишди.

[25] Исо уларга деди: — Довуд ҳамроҳлари билан оч қолиб, овқатга муҳтож бўлганда нималар қилганини наҳотки сизлар ҳеч ўқимаган бўлсангиз?!

[26] У олий руҳоний Абуатар замонида Худонинг уйига кириб, муқаддас нонларни еган. Ҳатто ҳамроҳларига ҳам берган. Қонунга мувофиқ эса бундай нонларни фақат руҳонийлар ейишга ҳақли эдилар–ку!

[27] Кейин Исо давом этди: — Инсон Шаббат куни учун эмас, балки Шаббат куни инсон учун яратилган.

[28] Шу боис, Инсон Ўғли Шаббат кунининг ҳам Ҳокимидир.

Марк баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters