Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:31

[1] Исо Маъбаддан чиқиб кетаётганда шогирдларидан бири: — Устоз, қаранг, нақадар улкан тошлар, нақадар ҳашаматли бинолар! — деди.

[2] Исо унга: — Бу ҳашаматли биноларни кўряпсанми? Буларнинг ҳаммаси вайрон бўлади. Бу ерда тош устида турган биронта тош қолмайди, — деди.

[3] Исо Зайтун тоғида, Маъбаднинг рўпарасида ўтирган вақтда Бутрус, Ёқуб, Юҳанно ва Эндрус Ундан алоҳида сўрадилар:

[4] — Бизга айтинг–чи, бу ҳодисалар қачон юз беради? Тез орада содир бўлишини нимадан билсак бўлади?

[5] Исо уларга шундай жавоб берди: “Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмасин!

[6] Кўп кишилар ўзларини Менинг номим билан атаб: «Мен Ўшаман», деб кўпларни йўлдан оздирадилар.

[7] Сизлар узоқ–яқиндаги уруш хабарларини эшитганингизда, чўчиманглар. Булар албатта содир бўлади, аммо бу ҳали охири дегани эмас.

[8] Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда қаҳатчилик ва зилзилалар бўлади. Бу ҳодисалар тўлғоқ азобларининг бошланишига ўхшайди.

[9] Сизлар эса ўзингизга эҳтиёт бўлинглар. Чунки сизларни маҳкамаларга топшириб, синагогаларда урадилар. Мен туфайли сизларни ҳокимлар ва шоҳлар ҳузурида турғизиб қўядилар, сизлар эса Менинг шоҳидларим бўласизлар.

[10] Аммо охират келишидан олдин, Хушхабар ҳамма халқларга эълон қилиниши лозим.

[11] Сизларни қўлга олиб, маҳкамага топширганларида, нима айтамиз, деб олдиндан хавотир олманглар. Ўша соатда сизларга нима берилса, ўшани айтинглар. Чунки ўшанда сизлар эмас, балки Муқаддас Руҳ гапиради.

[12] Ака укасини, ота боласини ўлимга топширади. Болалар ўз ота–оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдиртирадилар.

[13] Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. Лекин охиригача бардош берган нажот топади.

[14] Кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўладиган макруҳ бир нарсанинг ман этилган жойга ўрнатилганини кўрганингизда — ўқиган тушуниб олсин! — Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин.

[15] Томнинг устида бўлганлар пастга тушиб, уйидан бирон нарса олиб келиш учун уйига киришмасин.

[16] Далада бўлганлар эса тўнини олгани қайтиб келмасин.

[17] У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой!

[18] Қочишингиз қишга тўғри келмаслиги учун илтижо қилинглар.

[19] Чунки ўша кунларда шундай азоб–уқубатлар бўладики, Худо дунёни яратганидан то ҳозиргача бундай бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайди.

[20] Агар Эгамиз ўша кунларни қисқартирмаганда эди, ҳеч бир жонзот омон қолмас эди. Лекин Худо танлаган одамлари учунгина ўша кунларни қисқартиради.

[21] Агар ўшанда кимдир сизларга: «Масиҳ мана бу ерда» ёки: «Ана у ерда», деб айтса, ишонманглар.

[22] Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложи бўлса, танланган одамларни йўлдан оздириш учун аломату мўъжизалар кўрсатадилар.

[23] Сизлар эса эҳтиёт бўлинглар. Мен ҳаммасини сизларга олдиндан айтиб қўйдим.

[24] Ўша кунларда, азоб–уқубатлардан кейин, «Қуёш қораяди, ойнинг нури сўнади.

[25] Осмондан юлдузлар қулаб тушади, Самовий кучлар ларзага келади.»

[26] Шунда ҳамма одам Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли буюк қудрат ва улуғворликка бурканиб, булутларда келади.

[27] У фаришталарини ернинг тўрт томонига юбориб, дунёнинг бир бурчагидан тортиб, нариги бурчагигача танлаган одамларини тўплаб олади.

[28] Анжир дарахтидан сабоқ олинглар: унинг шохлари кўкариб барг чиқараётганда, ёз яқинлашганини биласизлар.

[29] Шу сингари, мана бу воқеалар содир бўлганда, билингки, ўша вақт яқинлашиб қолган, остонангизга етган.

[30] Сизларга чинини айтайин: бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади.

[31] Еру осмон йўқ бўлиб кетади, аммо Менинг сўзларим кучда қолади.

[32] Ўша кун ёки соат ҳақида самовий Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўғил ҳам, самодаги фаришталар ҳам билмайдилар.

[33] Эҳтиёт бўлиб, ҳушёр туринглар, чунки ўша вақт–соат қачон келишини сизлар билмайсизлар.

[34] Бу худди сафарга жўнаган уй эгасига ўхшайди. У ўз уй–рўзғорини хизматкорларига топшириб, ҳар бирига вазифа бериб, дарвозабонга ҳушёр бўлиб туришни буюриб, жўнаб кетади.

[35] Худди шу сингари, сизлар ҳам ҳушёр бўлиб туринглар. Чунки уй эгаси қачон келишини — кечқурунми, ярим тундами, хўрозлар қичқиргандами ёки эрталабми — сизлар билмайсизлар.

[36] Тағин У ногаҳон келиб, сизларни ухлаб ётган ҳолда кўрмасин!

[37] Сизларга айтганимни ҳаммага айтаман: ҳушёр бўлинглар!”

Марк баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters