Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 9:26

[1] Исо у ердан жўнаб, она шаҳрига борди. Шогирдлари ҳам Унинг ортидан эргашдилар.

[2] Шаббат куни Исо синагогада таълим берди. Уни тинглаётганларнинг кўпчилиги ҳайратга тушиб: — Бу Одам шунча нарсани қаердан ўрганди экан–а? — деб сўрардилар. — Унга бундай доноликни ким берди? У бундай мўъжизаларни қандай қиляпти?

[3] Ие, У Марямнинг дурадгор ўғли–ку! Ёқуб, Юсуф, Яҳудо ва Шимўннинг акаси эмасми бу?! Унинг сингиллари ҳам орамизда яшайди–ку! Одамлар Исодан қаттиқ хафа бўлдилар.

[4] Исо уларга шундай деди: — Пайғамбар она шаҳридан, ўз қариндош–уруғлари ва уйидан бошқа ҳамма ерда иззатланади.

[5] Исо у ерда ҳеч қандай мўъжиза кўрсата олмади. Фақатгина бирмунча беморларга қўл теккизиб, уларни соғайтирди.

[6] Исо одамларнинг ишончсизлигига ҳайрон қолди. Шундан сўнг Исо атрофдаги қишлоқларда кезиб юриб, таълим берарди.

[7] Ўн икки ҳаворийни ёнига чақириб, иккита–иккитадан қилиб жўната бошлади. Уларга ёвуз руҳлар устидан ҳокимият берди.

[8] Уларга буюриб деди: “Йўл учун ёлғиз ҳассадан бошқа ҳеч нарса — нон ҳам, тўрва ҳам, белбоғларингизга мис чақа ҳам қистириб олманглар,

[9] оёғингизга чориқ кийиб, устингизга қўшимча кийим олманглар.”

[10] Исо яна деди: “Бирор ерга бориб, биронта уйга кирганингизда, то ўша жойни тарк этгунингизгача, шу уйда туринглар.

[11] Агар бирор жойнинг одамлари сизни қабул қилмаса ва сизга қулоқ солмаса, у ердан чиқиб кетаётганингизда уларни огоҳлантириш тариқасида оёқларингизнинг чангини қоқиб кетинглар.”

[12] Шундай қилиб, ҳаворийлар йўл юриб, тавба қилинглар, деб ҳаммани даъват қилишди.

[13] Улар кўп жинларни қувиб чиқаришди ва кўп хасталарга зайтун мойи суртиб уларни соғайтиришди.

[14] Исонинг номи эл оғзига тушиб қолган эди. Шоҳ Ҳироднинг қулоғига ҳам миш–мишлар етиб борди. Баъзи одамлар: “Яҳё чўмдирувчи тирилиб келибди. Шунинг учун У мўъжизалар кўрсатиш қудратига эга”, дейишарди.

[15] Бошқалар эса: “Бу Илёс”, деб айтишарди. Яна бошқа бировлари: “Қадимги пайғамбарларга ўхшаган бир пайғамбар бу”, деб айтардилар.

[16] Ҳирод буларни эшитиб: “Мен бошини олдирган Яҳё тирилиб келибди”, деди.

[17] Ҳирод ўз укаси Филипнинг хотини Ҳиродияга уйланган эди. Яҳё эса Ҳиродга: “Сиз укангизнинг хотинига уйлана олмайсиз, бу қонунга зид”, деб айтар эди. Шунинг учун Ҳирод Яҳёни қўлга олиб, зиндонга қаматиб қўйган эди.

[19] Ҳиродиянинг ҳам Яҳёда қасди бор эди. У Яҳёни ўлдирмоқчи бўларди, аммо бу ниятига ета олмаётган эди.

[20] Негаки Ҳирод Яҳёнинг солиҳ ва муқаддас киши эканини билиб, ундан қўрқар ва уни ҳимоя қилар эди. Унинг сўзлари Ҳиродни гангитиб қўярди, шунга қарамай, Ҳирод уни эшитишни хуш кўрарди.

[21] Бир куни қулай фурсат туғилиб қолди. Ҳирод ўзининг туғилган куни муносабати билан амалдорларига, лашкарбошиларига ва Жалила ҳудудининг йўлбошчиларига зиёфат берди.

[22] Ҳиродиянинг қизи кириб, рақс тушди ва Ҳирод билан улфатларининг кўнглини топди. Шоҳ қизга: — Тила тилагингни, тилаган нарсангни бераман, — деди.

[23] Унга ҳатто қасам ичиб: — Мендан нима сўрасанг, бераман, шоҳлигимнинг ярмигача бўлса ҳам, бераман, — деди.

[24] Қиз ташқарига чиқиб онасига: — Нима сўрай? — деди. — Яҳё чўмдирувчининг бошини сўра! — деди онаси.

[25] Қиз шу онда шоҳ ҳузурига югуриб бориб: — Менга ҳозироқ Яҳё чўмдирувчининг бошини лаганда келтириб беришингизни сўрайман, — деди.

[26] Шоҳ жуда хафа бўлди. Аммо меҳмонлари олдида қасам ичгани учун қизнинг илтимосини рад этишни истамади.

[27] У ўша заҳоти жаллодни юбориб, Яҳёнинг бошини келтиришни буюрди.

[28] Жаллод зиндонга бориб, Яҳёнинг бошини танидан жудо қилди. Кейин унинг бошини лаганда келтириб, қизга берди. Қиз эса онасига берди.

[29] Яҳёнинг шогирдлари юз берган ҳодисани эшитиб, унинг жасадини олгани боришди ва уни дафн этишди.

[30] Ҳаворийлар Исонинг олдига йиғилиб, қилган ҳамма ишларини, халққа нималар ўргатишганини айтиб бердилар.

[31] Исо уларга: — Келинглар, ёлғиз ўзимиз кимсасиз жойга борайлик, бир оз дам олинглар, — деди. Чунки келиб–кетувчилар кўплигидан уларнинг овқат ейишга ҳам вақти йўқ эди.

[32] Исо билан шогирдлари қайиққа тушиб, ёлғиз ўзлари кимсасиз жойга жўнаб кетишди.

[33] Лекин кўпчилик уларнинг қаерга кетаётганини билиб қолдилар. Шунда атрофдаги ҳамма шаҳарлардан одамлар пиёда йўлга тушишди, Исо билан шогирдлари бораётган жойга югуриб, улардан олдин етиб боришди.

[34] Исо қайиқдан тушганда, катта бир оломонни кўрди. Уларга ачиниб кетди, чунки улар чўпонсиз қўйларга ўхшарди. Исо уларга кўп нарсалар ҳақида таълим берди.

[35] Кеч кирганда, шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар: — Бу жой кимсасиз экан, бунинг устига, жуда кеч бўлиб қолди.

[36] Халқни жўнатиб юборинг, токи улар атрофдаги қишлоқ ва овулларга бориб, ўзларига егулик сотиб олишсин.

[37] — Сизлар уларга овқат беринглар! — деди Исо. — Наҳотки биз икки юз кумуш тангага нон сотиб олиб келиб, халққа едирсак? — деб сўрашди Ундан.

[38] Исо деди: — Қанча нонларингиз бор? Бориб кўринглар. Улар билиб келиб: — Бешта нон, иккита балиқ бор экан, — дейишди.

[39] Исо халойиқни гуруҳ–гуруҳ қилиб, яшил ўт устига ўтқазишни шогирдларига буюрди.

[40] Халқ юзтадан ва элликтадан гуруҳ–гуруҳ бўлиб ўтирди.

[41] Исо бешта нон билан иккита балиқни олди ва осмонга қараб, шукрона дуосини ўқиди. Нонларни синдириб, халойиққа тарқатиш учун шогирдларига берди. Иккита балиқни ҳам ҳаммага тақсимлаб берди.

[42] Ҳамма еб тўйди.

[43] Сўнг ортиб қолган нон бурдаларини ва балиқларни йиғиб олишган эди, тўла ўн икки сават чиқди.

[44] Нон еганлар орасида беш минг эркак бор эди.

[45] Исо вақт ўтказмай, шогирдларини қайиққа тушириб, кўлнинг нариги томонидаги Байтсайда шаҳрига кетишга мажбур қилди. Оломонни эса уйларига қайтариб жўнатиб юборди.

[46] Одамлар билан хайрлашгандан кейин, ибодат қилиш учун тепаликка чиқди.

[47] Оқшом тушди. Қайиқ кўлнинг ўртасида, Исо эса ёлғиз Ўзи қуруқликда қолган эди.

[48] Шогирдлар эшкак эшишга қийналаётган эдилар, чунки шамол қайиққа қарши эсар эди. Исо буни кўриб, эрта саҳарда кўл устида юрганича шогирдлари томон борди–да, уларнинг олдидан ўтиб кетмоқчи бўлди.

[49] Шогирдлар эса кўл юзида юрган Исони кўриб, арвоҳ деб ўйлаб, бақириб юборишди.

[50] Чунки ҳаммалари Уни кўриб, ваҳимага тушиб қолган эдилар. Лекин Исо ўша заҳоти уларга: — Дадил бўлинглар! Қўрқманглар, бу Менман! — деди.

[51] Сўнг Исо шогирдлари ёнига — қайиққа ўтгач, шамол тиниб қолди. Шогирдлар тамомила ҳайратга тушдилар,

[52] чунки улар нон тўғрисидаги мўъжизани ҳам тушунмаган эдилар, уларнинг имони суст эди.

[53] Улар кўлдан сузиб ўтиб, Генисарет ўлкасига келдилар. Ўша ерда қайиқни боғладилар.

[54] Қайиқдан чиқишлари биланоқ халқ Исони таниб қолди.

[55] Одамлар бутун юртни югуриб айланиб чиқдилар, хасталарни тўшакларда Исонинг олдига олиб бордилар. Улар ҳар сафар Исонинг қаердалигини эшитишса хасталарни ўша ерга олиб боришарди.

[56] Исо қаерга бормасин — қишлоқларгами, шаҳарларгами, овулларгами — одамлар хасталарни очиқ майдонларга ётқизиб қўйишарди. Хасталар Исодан: “Ҳеч бўлмаса кийимингизнинг этагига қўл теккизайлик”, деб илтимос қилишарди. Унга қўл теккизганларнинг ҳаммаси шифо топарди.

Марк баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters