[1] Шаббат куни тугагач, Магдалалик Марям, Ёқубнинг онаси Марям ва Саломия Исонинг жасадига суртиш учун хушбўй мойлар сотиб олдилар.
[2] Якшанба куни жуда барвақт туриб, тонг ёришганда қабрга бордилар.
[3] Улар бир–бирига: — Қабр оғзидаги тошни биз учун ким ағдариб берар экан–а? — деб айтишарди.
[4] Қабрга етиб келганларида қарашса, тош аллақачон ағдарилган экан. Тош жуда катта эди.
[5] Улар қабр ичига кириб, ўнг томонда ўтирган оқ либосли бир йигитни кўрдилар–у, чўчиб кетдилар.
[6] Йигит уларга: — Қўрқманглар! — деди. — Сизлар хочга михланган Носиралик Исони излаяпсизлар. Исо тирилди! У бу ерда йўқ. Мана Унинг қўйилган жойи!
[7] Энди бориб, Унинг шогирдлари ва Бутрусга: “Исо сизларни Жалилада кутяпти. Ўзи сизларга айтганидек, Уни ўша ерда кўрасизлар”, деб айтинглар.
[8] Даҳшатга тушиб, қалтираган аёллар қабрдан чиқиб, қочдилар. Улар қўрққанларидан ҳеч кимга бирон нарса айтмадилар.
[9] Якшанба куни эрта саҳарда тирилган Исо биринчи бўлиб Магдалалик Марямга зоҳир бўлди. Бу аёлдан У еттита жинни қувиб чиқарган эди.
[10] Марям бориб, Исонинг аза тутиб йиғлаётган шогирдларига хабар етказди.
[11] Бироқ улар Исонинг тирик эканлигини ва Марям Уни кўрганлигини эшитсалар ҳам, ишонмадилар.
[12] Шундан кейин Исо йўлда бир қишлоқ томон кетаётган иккита шогирдига бошқачароқ қиёфада кўринди.
[13] Улар эса қайтиб келиб, бошқаларга хабар етказишди, лекин уларга ҳам ишонмадилар.
[14] Ниҳоят, Исо Ўзининг еб–ичиб ўтирган ўн бир шогирдига зоҳир бўлди. Исо шогирдларини имонлари заифлиги ва қайсарлиги учун койиди, чунки улар Исони тирилган ҳолда кўрган одамларга ишонмаган эдилар.
[15] Исо шогирдларига деди: — Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Хушхабарни эълон қилинглар.
[16] Кимки Хушхабарга ишониб, сувга чўмдирилса, нажот топади. Ишонмаган эса маҳкум бўлади.
[17] Қуйидаги аломатлар имонлиларга ҳамроҳ бўлади: Менинг номим билан жинларни қувиб чиқарадилар. Янги тилларда сўзлайдилар.
[18] Қўлларига илон олсалар ҳам, заҳар ичсалар ҳам, уларга зарар етмайди. Хасталарга қўлларини қўйганда, улар соғайиб кетади.
[19] Раббимиз Исо шогирдларига буларни айтиб бўлгач, осмонга кўтарилди. У Худонинг ўнг томонига ўтирди.
[20] Шогирдлар эса кетиб, ҳамма ёқда Хушхабарни ваъз қилиб юрдилар. Раббимиз шогирдларига куч ато қилиб, аломатлар орқали уларнинг сўзларини тасдиқлар эди.