[1] Шундан кейин Эгамиз Мусога яна гапирди: — Фиръавннинг ҳузурига бориб, унга Менинг шу гапимни етказ: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: «Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилишсин.»
[2] Агар ижозат бермай, Исроил халқини ушлаб тураверсанг,
[3] чорвангни — отларингни, эшакларингни, туяларингни, мол–қўйларингни Эгамиз Ўз қудрати билан уриб, оғир ўлат касали юборади.
[4] Эгамиз Исроил халқи билан Мисрликларнинг чорвасини айириб қўяди. Исроил халқининг чорвасидан бирортасиям нобуд бўлмайди.
[5] Эгамиз вақтини ҳам белгилаб, айтганларим эртага бу юртда бажо бўлади, деб айтди.”
[6] Эртаси куни Эгамиз айтганларини қилди: Мисрликларнинг чорваси қирилиб кетди. Исроил халқининг чорвасидан эса бирортасини ҳам нобуд қилмади.
[7] Фиръавн одам юбориб билдики, Исроил халқининг чорвасидан бирортасиям нобуд бўлмабди. Лекин барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Исроил халқига кетишга ижозат бермади.
[8] Шундан кейин Эгамиз Мусо билан Ҳорунга яна айтди: — Ўчоқдан бир оз кул олинглар. Мусо кулни фиръавннинг кўзи олдида осмонга сочсин.
[9] Шунда кул чангга айланиб, бутун Мисрни чанг қоплайди. Кул бутун юртдаги инсонларнинг, ҳайвонларнинг танасига яллиғланган чипқон чиқаради.
[10] Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун ўчоқдан кул олиб, фиръавн ҳузурига бордилар. Мусо кулни осмонга сочган эди, кул одамларда ва ҳайвонларда яллиғланган чипқон пайдо қилди.
[11] Сеҳргарлар ҳам Мусонинг олдида чипқон оғриғига чидаб туролмадилар. Чунки барча Мисрликлар каби, сеҳргарларга ҳам чипқон чиққан эди.
[12] Аммо Эгамиз фиръавннинг юрагини тош қилиб қўйди. У Мусога айтгандай, Мусо билан Ҳоруннинг гапига фиръавн қулоқ солмади.
[13] Эгамиз Мусога яна деди: — Саҳар пайти тур. Фиръавннинг ҳузурига бориб, унга Менинг шу гапимни етказ: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз айтмоқда: Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин.
[14] Агар ижозат бермасанг, бу дунёда Менга ўхшаган худо йўқлигини билиб оласан деб, Мен ўзингнинг, аъёнларингнинг, халқингнинг устига жуда оғир фалокатларни юбораман.
[15] Ҳақиқатан, Мен сенга қарши қўл кўтариб, ўзинг ва халқингни ўлатга дучор қилиб, ер юзидан қириб юборган бўлардим.
[16] Аммо сенга қудратимни кўрсатай, бутун оламга шуҳратимни ёяй деб, яшашингга изн бердим.
[17] Сен халқимнинг кетишига ижозат бермай, уларга қаршилик қиляпсан.
[18] Билиб қўй, Мен эртага шу вақтда шунақанги дўл ёғдираманки, Миср юрти пайдо бўлгандан буён бунақа дўлни кўрмаган.
[19] Энди, чорвамни ва очиқ жойлардаги бор мол–мулкимни пана жойларга йиғинглар, деб фармон бер. Дўл ёққанда очиқ далада қолган ҳамма одамлару ҳайвонлар нобуд бўлади.”
[20] Фиръавннинг аъёнларидан баъзилари Эгамизнинг сўзларидан қўрқиб, қулларини ва чорвасини дарров уйларига олиб келдилар.
[21] Эгамизнинг сўзларини менсимаганлар эса қуллари билан чорвасини очиқ жойда қолдирдилар.
[22] Эгамиз Мусога: — Қўлингни осмонга узат! — деди. — Мисрнинг ҳамма жойига, одамларнинг, ҳайвонларнинг, даладаги жамики экинларнинг устига дўл ёғади.
[23] Мусо таёғини осмонга тўғри кўтарган эди, Эгамиз момақалдироқ ва дўл пайдо қилди, ерга яшин тушди. Шундай қилиб, Эгамиз Миср юртига дўл юборди.
[24] Натижада ғоят кучли дўл ёғиб, узоқ вақт яшин чақнади. Миср пайдо бўлгандан бери бунақанги дўлни кўрмаган эди.
[25] Дўл Мисрда очиқ жойлардаги ҳамма нарсани — инсондан тортиб, ҳайвонлару экин–тикинларгача нобуд қилди. Дарахтларни ер билан яксон қилди.
[26] Фақат Исроил халқи яшаётган Гўшен ерларига дўл ёғмади.
[27] Фиръавн шундан сўнг Мусо билан Ҳорунни чақиртириб келиб шундай деди: — Бу сафар мен айбдорман. Эгангиз ҳақ, мен билан халқим эса ноҳақмиз.
[28] Бу даҳшатли момақалдироқ билан дўлга ортиқ бардош беролмаймиз. Илтимос, Эгангиздан сўранг, буларни тўхтатсин. Халқингиз кетишига ижозат бераман. Сизлар энди Мисрда ортиқ қолмайсизлар.
[29] — Шаҳардан чиқишим биланоқ қўлларимни Эгамизга чўзиб илтижо қиламан, — деди Мусо. — Момақалдироқ тўхтайди, дўл ҳам ёғмайди. Ўшанда бутун олам Эгамизники эканини биласан.
[30] Лекин шуниси менга маълумки, ўзинг, аъёнларинг ҳали ҳам Парвардигор Эгамиздан қўрқмайсизлар.
[31] Бу пайтда арпа бошоқлаган, зиғирпоя гуллаб қолганди. Зиғирпоя ва арпа пайҳон бўлди.
[32] Бироқ буғдой кечки бўлгани учун зарар кўрмади.
[33] Мусо фиръавн ҳузуридан чиқиб, шаҳардан ташқарига борди. У қўлларини Эгамиз томон узатган эди, момақалдироқ ва дўл тўхтади, ёмғир ҳам тинди.
[34] Ёмғир тиниб, дўл ва момақалдироқ тўхтаганини фиръавн кўрди–ю, яна гуноҳга қўл урди. Ўзи ҳам, аъёнлари ҳам юрагини тош қилиб олдилар.
[35] Эгамиз Мусо орқали айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Исроил халқига кетишга ижозат бермади.