Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:37

[1] Эгамиз Мусога яна айтди: — Фиръавннинг ҳузурига бориб, Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда: Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин.

[2] Агар сен халқимга ижозат беришдан бош тортсанг, бутун юртингга қурбақа юбориб шикаст етказаман.

[3] Дарё қурбақалар билан тўлиб–тошади. Қурбақалар дарёдан чиқиб, сенинг саройингга, ётоқхонангга, тўшагингга, аъёнларингу халқингнинг уйларига, тандирларига ва хамир тоғораларига ҳам кириб олади.

[4] Қурбақалар сенинг, Миср халқининг ва барча аъёнларингнинг устиларида сакраб юради.”

[5] Эгамиз Мусога яна гапирди: — Ҳорунга айт, у қўлидаги таёғини дарёлар, анҳорлар, кўллар томонга узатиб, қурбақаларни чиқарсин. Миср юртини қурбақалар босиб кетсин.

[6] Ҳорун таёғини Миср сувлари томонга узатди. Ўша заҳоти қурбақалар чиқиб, Мисрни босиб кетди.

[7] Мисрлик сеҳргарлар ҳам сеҳр–жодулари билан Миср юртига қурбақалар чиқардилар.

[8] Шунда фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб айтди: — Эгангизга: “Фиръавнни ва унинг халқини Ўзинг қурбақалардан халос қилгин”, деб ибодат қилинглар. Шундан кейин Исроил халқига кетгани ижозат бераман, токи улар бориб Эгангизга қурбонликлар келтирсин.

[9] Шунда Мусо фиръавнга деди: — Хўп, вақтини ўзинг тайинла. Қурбақалар сизлардан, хонадонларингиздан йўқолсин, фақат Нил дарёсида қолсин деб, сен учун, аъёнларинг ва халқинг учун қачон ибодат қилай?

[10] — Эртага, — деди фиръавн. — Бўпти, сен айтгандай бўлади! — деб жавоб берди Мусо. — Ўшанда Эгамиз Худога ўхшаган худо йўқлигини билиб оласан.

[11] Қурбақалар сендан, аъёнларингдан, халқингдан ва хонадонларингиздан йўқолади. Фақат Нилда қолади, холос.

[12] Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузуридан чиқдилар. Фиръавн бошига келтирган қурбақа офатини йўқ қилгин, деб Мусо Эгамизга илтижо қилди.

[13] Эгамиз Мусонинг илтижосини эшитди, уйлардаги, ҳовлилардаги ва далалардаги қурбақалар ўлди.

[14] Қурбақаларнинг ўлигини уюм–уюм қилдилар. Миср юртини қўланса ҳид тутиб кетди.

[15] Лекин фиръавн Миср юрти қурбақадан халос бўлганини кўргач, Эгамиз айтгандай, юрагини тош қилиб, Мусо билан Ҳоруннинг гапига қулоқ солмади.

[16] Эгамиз Мусога гапиришда давом этди: — Ҳорунга буюр, у таёғини узатиб, ернинг чангига урсин. Шунда ердаги чанг бургага айланиб, бутун Мисрни қоплайди.

[17] Улар Эгамизнинг айтганини қилдилар: Ҳорун қўлидаги таёғини узатиб, ернинг чангига урган эди, инсонлар билан ҳайвонларнинг устига бурга ёпирилди. Бутун Миср ерининг чанги бургага айланди.

[18] Одамларни, ҳайвонларни бурга босиб кетди. Сеҳргарлар ҳам сеҳр–жодулари билан чангни бургага айлантирмоқчи бўлдилар, лекин уддасидан чиқолмадилар.

[19] Улар фиръавнга: “Бу Худонинг иши”, дейишди. Лекин Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Мусо билан Ҳоруннинг айтганларига қулоқ солмади.

[20] Эгамиз Мусога яна гапирди: — Эртага саҳарда ўрнингдан тур. Фиръавн дарёга бораётганда, унинг олдига боргин–да, Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда: Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин.

[21] Агар халқимни қўйиб юбормасанг, Мен ўзингнинг, аъёнларингнинг, халқингнинг устига сўналар галасини юбориб жазолайман. Мисрликларнинг уйлари, улар яшаётган ер сўнага тўлиб–тошади.

[22] Лекин ўша куни Ўз халқим яшаётган Гўшен ерларини ажратиб қўяман. У ерда сўна бўлмайди. Мен, Эгангиз, бу юртда бор эканлигимни билиб олинглар деб, шуни қиламан.

[23] Мен Ўз халқим билан сенинг халқингни айириб қўяман. Бу мўъжиза эртага юз беради.”

[24] Эгамиз айтганини қилди: фиръавннинг саройига, аъёнларининг уйларига гала–гала сўна юборди. Бутун Миср юрти сўна оқибатида хароб бўлди.

[25] Шундан сўнг фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб: “Боринглар, шу юрт ичида Худойингизга қурбонликлар келтираверинглар”, деб айтди.

[26] — Бундай қилсак, тўғри бўлмайди, — деб жавоб берди Мусо. — Эгамиз Худога ҳайвонларни қурбонлик қилсак, Мисрликлар буни жирканч деб ҳисоблайдилар. Мисрликлар қабиҳ деб ҳисоблаган ишни яна уларнинг кўзи олдида қилсак, бизни тошбўрон қилмайдиларми?!

[27] Эгамиз Худо, бизга амр этгандай, Унга қурбонликлар келтиргани саҳрода уч кун йўл юриб боришимиз керак.

[28] — Майли, ижозат бераман, — деди фиръавн. — Саҳрога бориб, Эгангиз Худога қурбонликлар келтиринглар. Лекин узоққа кетмайсизлар. Энди сен ҳозироқ мен учун ибодат қил.

[29] — Ҳузурингдан чиқишим биланоқ Эгамизга: “Эртага сўналар фиръавндан, аъёнларидан, халқидан даф бўлсин”, деб ибодат қиламан, — деди Мусо. — Лекин халқ Эгамизга қурбонликлар келтиргани кетаётганда, бизни алдама, ижозат бермай қўйма.

[30] Мусо фиръавн ҳузуридан чиқиб, Эгамизга ибодат қилди.

[31] Эгамиз Мусонинг ибодатини эшитди. Фиръавндан, унинг аъёнларидан, Миср халқидан сўналарни даф қилди. Бирорта ҳам сўна қолмади.

[32] Лекин фиръавн бу сафар ҳам юрагини тош қилиб, халққа кетишга ижозат бермади.

Чиқиш (Тавротнинг иккинчи китоби) — Chapters