[1] Базалил, Охолиёв ва бошқа ҳамма иқтидорли усталар Эгамиз амр этган ҳамма ишларни бажарсинлар. Муқаддас чодир ясашда талаб қилинган ҳар қандай хизматни бажаришлари учун Эгамиз уларга маҳорат ва қобилият ато қилган.”
[2] Мусо Базалилни, Охолиёвни ва Эгамиз қобилият ато қилган ҳамма иқтидорли усталарни, юраги завққа тўлган одамларни чақирди.
[3] Муқаддас чодирни ясаш учун Исроил халқи олиб келган ҳамма назрларни Мусо усталарга берди. Булардан ташқари, халқ ҳар куни эрталаб Мусога кўнгилдан чиқариб назрлар олиб келишарди.
[4] Ишларни бажараётган ҳамма усталар юмушларини ташлаб,
[5] Мусонинг олдига келиб айтишди: — Эгамиз бизга амр этган ишлар учун халқ керагидан ортиқ олиб келяпти.
[6] Шунда Мусо: “Биронта эркак, аёл энди Муқаддас чодир учун назр олиб келмасин”, деб буйруқ берди. Унинг буйруғи қароргоҳ бўйлаб эълон қилинди. Шундан кейин халқ назр олиб келишни тўхтатди.
[7] Халқнинг олиб келган назрлари ишнинг ҳаммасини бажаришга етиб, ҳатто ортиб ҳам қолар эди.
[8] Ишлаётганлар орасидаги энг моҳир одамлар Муқаддас чодирни ясадилар: Моҳир тикувчилар Базалилнинг кўрсатмаси билан Чодирнинг ички қаватини қилдилар. У майин зиғир матосидан тикилган ўнта чойшабдан иборат бўлди. Кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини маҳорат билан солиб, бу чойшабларни безатдилар.
[9] Ҳар бир чойшабнинг бўйи йигирма саккиз тирсак, эни тўрт тирсак эди. Ҳамма чойшабларнинг ўлчови бир хил эди.
[10] Улар чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тикдилар, қолган бештасини ҳам шундай қилдилар.
[11] Ҳосил бўлган икки узун бўлак чойшабнинг бўйига кўк матодан элликтадан ҳалқа тикдилар. Ҳар икки томонга тикилган ҳалқалар бир–бирига рўпарама–рўпара эди.
[13] Кейин олтиндан элликта илгак ясадилар, иккала чойшабнинг ҳалқаларини илгаклар билан бир–бирига уладилар. Шунда Чодирнинг ички қавати бир бутун бўлди.
[14] Муқаддас чодирнинг қопламаси учун эчки жуни матосидан ўн битта чойшаб тикдилар.
[15] Ҳар битта чойшабнинг бўйи ўттиз тирсак, эни тўрт тирсак эди. Ўн битта чойшабнинг ҳаммаси бир ўлчовда эди.
[16] Чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тикдилар, қолган олтитасини ҳам шундай қилдилар.
[17] Уланган икки бўлак чойшабнинг бир бўйига элликтадан ҳалқа тикдилар.
[18] Кейин, Чодирнинг қопламаси бир бутун бўлсин деб, иккала чойшабни бирлаштириш учун бронзадан элликта илгак ясадилар.
[19] Бу қоплама устига қўйиш учун қизилга бўялган қўчқор терисидан қоплама, сўнг юмшоқ теридан ташқи қоплама қилдилар.
[20] Акас ёғочидан Муқаддас чодирни тутиб турадиган ромлар ясадилар.
[21] Ҳар бир ромнинг бўйи ўн тирсак, эни бир ярим тирсак эди.
[22] Ҳар бир ромнинг остида бир–бирига параллель бўлган иккита тиргак ясадилар.
[23] Чодирнинг жануб томонидаги девор учун йигирмата ром ясадилар.
[24] Бу ромлар остига қўйиш учун кумушдан қирқта таглик — ҳар бир ром учун иккитадан таглик қилдилар, ҳар бир тиргак остида битта таглик бўлди.
[25] Чодирнинг шимол томонидаги девори учун йигирмата ром ясадилар.
[26] Ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан, жами қирқта кумуш таглик ясадилар.
[27] Чодирнинг орқадаги — ғарб томонидаги девор учун олтита ром,
[28] Чодирнинг орқасида бурчаклар ҳосил қилиш учун ҳар икки томонига яна биттадан ром ясадилар.
[29] Бу иккала ромни пастдан ва юқоридан туташган девордаги охирги ромга бирлаштирдилар. Битта бурчак ҳосил қилиши учун битта ҳалқа билан яхлит қилиб бирлаштирдилар. Ҳар иккала бурчак шу йўл билан ҳосил қилинди.
[30] Шундай қилиб, ўн олтита кумуш тагликка таянган саккизта ромдан орқадаги девор қилинди, ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан таглик ясалди.
[31] Муқаддас чодирнинг жануб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун акас ёғочидан бешта тамба,
[32] шимол томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба, орқа томони — ғарб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба ясадилар.
[33] Ромларнинг ярмигача ўрнаштирилган ўртадаги тамбалар Чодирнинг бошидан охиригача чўзилди.
[34] Ромларни олтин билан қопладилар, тамбаларни ушлаб турадиган олтин ҳалқаларни ромларга бирлаштирдилар, тамбаларни ҳам олтин билан қопладилар.
[35] Майин зиғир матосидан ички пардани тикдилар. Пардага кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини маҳорат билан солиб, уни безатдилар.
[36] Ички парда ушлаб турилиши учун акас ёғочидан тўртта устун ясадилар. Устунларга олтин қоплаб, уларга олтин илгакларни маҳкамладилар. Устунлар учун эритилган кумушдан тўртта таглик ясадилар.
[37] Чодирга кириш жойи учун майин зиғир матосидан пардани тикдилар. Парда устига кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан нақш солдилар.
[38] Бу парда ушлаб турилиши учун бешта устун ясадилар. Устунларнинг тепасини ва ҳалқаларини олтин билан қопладилар. Устунларнинг бешта таглигини эса бронзадан қилдилар.