Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:11

[1] Шунда Мусо: — Исроил халқи гапимга қулоқ солмасдан: “Эгамиз сенга зоҳир бўлмаган”, деб менга ишонмаса, унда нима қиламан? — деб сўради.

[2] — Қўлингдаги нима? — деб сўради Эгамиз. — Таёқ, — деб жавоб берди Мусо.

[3] — Таёқни ерга ташла! — деб амр қилди Эгамиз. Мусо таёқни ерга ташлаган эди, таёқ илонга айланиб қолди. Мусо дарров илондан ўзини олиб қочди.

[4] Эгамиз яна Мусога: — Қўлингни узатиб, илоннинг думидан ушла! — деб амр берди. Мусо қўлини узатиб, илоннинг думидан ушлаган эди, шу заҳоти илон Мусонинг қўлида яна таёққа айланиб қолди.

[5] — Шу мўъжизани кўрсатасан! — деб амр берди Эгамиз, — токи Менинг халқим ота–боболари — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Мен сенга зоҳир бўлганимга ишонсинлар.

[6] Сўнгра Эгамиз яна: — Қўлингни қўйнингга тиқ! — деб амр берди. Мусо қўлини қўйнига тиқиб, чиқарган эди, қўлига яра тошиб, қордай оппоқ бўлиб қолди.

[7] — Қўлингни яна қўйнингга тиқ! — деб амр берди Эгамиз. Мусо қўлини яна қўйнига тиқиб чиқарган эди, қўли танасининг қолган қисми сингари асл ҳолига қайтди.

[8] — Агар сенга ишонмасалар ёки кўрсатган биринчи мўъжизангга эътибор бермасалар, иккинчи мўъжизага ишонадилар, — деди Эгамиз.

[9] — Гапингга қулоқ солмай, иккала мўъжизага ҳам ишонмасалар, Нил дарёси сувидан олиб, қуруқ ерга тўк. Дарёдан олиб ерга тўккан сувинг қонга айланади.

[10] — Ё Раббий! — деди Мусо. — Мен ҳеч қачон гапга чечан бўлмаганман. Мен, қулингга гапирганингдан буён ҳам худди шундайман. Ахир, менинг тилим чучук, секин гапираман.

[11] Шунда Эгамиз: — Инсонга тил ато қилган ким? — деди. — Инсонни ким соқов, кар, кўрадиган ёки кўр қилиб яратади? Мен, Эгангиз, эмасми?!

[12] Энди бор! Гаплашганингда, Мен сен билан бирга бўламан. Нимани гапиришингни Мен сенга ўргатиб тураман.

[13] — Ё Раббий! — деди Мусо. — Илтижо қиламан: менинг ўрнимга бошқасини юбора қолгин.

[14] Шундан кейин Эгамиз Мусодан қаттиқ ғазабланиб деди: — Аканг Ҳорун бор–ку! У ҳам Леви наслидан. Биламан, у гапга чечан. Ана, ўзи ҳам сенга пешвоз келяпти. Аканг сени кўриб хурсанд бўлади.

[15] Ҳорун сенинг ўрнингга халқ билан гаплашади. Ҳорун нима дейиши лозимлигини сен айтасан. Сен у учун Худога — Менга ўхшаган бўласан. Сизлар гапирганингизда, Мен икковингиз билан бирга бўламан. Ҳар икковингизга Мен нима қилишингизни айтиб тураман.

[17] Мана бу таёғингни қўлингга ол, бу мўъжизаларни таёқ орқали кўрсатасан.

[18] Мусо қайнатаси Ятронинг олдига қайтиб келиб, унга деди: — Ижозат беринг, Мисрдаги қабиладошларимнинг ёнига қайтай. Бориб билай–чи, улар ҳалиям тирикмикан. — Эсон–омон бор, — деб Ятро у билан хайрлашди.

[19] Мусо ҳамон Мидиёнда яшар экан, Эгамиз унга: — Мисрга қайт, сенинг жонингни олмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси оламдан ўтиб кетди, — деган эди.

[20] Шундай қилиб, Мусо хотини билан ўғилларини эшакка миндирди. Худо, ол, деб тайинлаган таёқни қўлига олиб, Мисрга борадиган йўлга чиқди.

[21] Эгамиз Мусога яна шуларни эслатди: — Мисрга борганингда, Мен берган қудрат билан сен фиръавннинг кўзи олдида ҳамма ажойиботларни кўрсат. Мен эса унинг юрагини тош қилиб қўяман. У халқимнинг кетишига ижозат бермайди.

[22] Кейин сен фиръавнга Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда: Исроил Менинг тўнғич ўғлимдир.

[23] Ижозат бер, ўғлим бориб, Менга сажда қилсин, деб сенга айтган эдим. Аммо сен унга кетишга ижозат бермадинг. Шунинг учун энди сенинг тўнғич ўғлингни нобуд қиламан.”

[24] Мусо ва унинг оиласи тунни ўтказгани йўлда тўхтадилар. Шу пайтда Эгамиз Мусонинг олдига бориб, сал бўлмаса уни ўлдирай деди.

[25] Шу заҳоти хотини Зиппура тош пичоқ олиб, ўғлини суннат қилди. Суннат терисини Мусонинг оёқларига теккизиб: “Сени мен учун шу суннат қони ҳимоя қилди”, деди.

[26] Шунда Эгамиз Мусонинг ҳаётини сақлади. Зиппура Мусога: “Сен шу суннат қони орқали ҳимоя қилиндинг”, деди.

[27] Сўнгра Эгамиз Ҳорунга: — Мусони кутиб олгани саҳрога бор! — деб амр берди. Шундай қилиб, Ҳорун Мусони кутиб олгани Худонинг муқаддас тоғига кетди. Ҳорун Мусони топгач, у билан қуюқ саломлашди.

[28] Мусо Эгамизнинг айтган ҳамма гапларини Ҳорунга гапириб берди. Бажариши керак бўлган ҳамма мўъжизалар ҳақида ҳам Ҳорунга сўзлаб берди.

[29] Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун Мисрга боришгач, Исроилнинг барча оқсоқолларини тўпладилар.

[30] Ҳорун Эгамизнинг Мусога айтган ҳамма гапларини оқсоқолларга сўзлаб берди. Уларнинг кўзи олдида мўъжизаларни кўрсатди.

[31] Оқсоқоллар эшитиб кўрганларига ишондилар. Эгамиз Ўз халқини кузатиб турганини, уларнинг чеккан азобларини кўрганини эшитиб, Унга таъзим этиб, сажда қилдилар.

Чиқиш (Тавротнинг иккинчи китоби) — Chapters