Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:08

[1] Шундан кейин Эгамиз Мусога деди: — Сен Ҳорунни ва унинг икки ўғли Надов билан Абиҳуни, Исроилнинг етмишта оқсоқолини Менинг ҳузуримга олиб кел. Кейин узоқдан сажда қилинглар.

[2] Менга фақат сен яқин келгин, бошқа ҳеч ким яқин келмасин. Халқ эса сизлар билан бирга чиқмасин.

[3] Мусо келиб, Эгамизнинг ҳамма амрларини, ҳамма қонун–қоидаларини халққа айтиб берди. Халқ бир овоздан: “Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз”, дея жавоб берди.

[4] Мусо Эгамизнинг ҳамма амрларини ва қонун–қоидаларини ёзди. Сўнг эртаси куни тонгда туриб, тоғ этагига қурбонгоҳ қурди. Ўн икки Исроил қабиласининг миқдорига кўра, ўн иккита тош ўрнатди.

[5] Мусо Исроил халқи орасидан ёш йигитларни қурбонликлар келтиргани юборди. Улар Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар қилишди. Буқаларни тинчлик қурбонликлари қилишди.

[6] Мусо қоннинг ярмини тоғорага қуйди, қолган ярмини эса қурбонгоҳга сепди.

[7] Сўнгра у Аҳд китобини олиб, халққа овоз чиқариб ўқиб берди. Шунда халқ: “Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз, Унга итоат қиламиз”, деди.

[8] Мусо тоғорадаги қонни олди–да, халққа сепиб: “Ана шу сўзларга мувофиқ, шу қон Эгамизнинг сизлар билан қилган аҳдини тасдиқлайди”, — деди.

[9] Шундан кейин Мусо, Ҳорун, Надов, Абиҳу ва Исроилнинг етмишта оқсоқоли тоққа чиқишиб,

[10] у ерда Исроил халқининг Худосини кўрдилар: Унинг оёқлари остида зангори ёқутдан қилинган полга ўхшаш бир нарса бор эди. У мовий осмон каби мусаффо эди.

[11] Исроил халқининг бу йўлбошчилари Худони кўрган бўлсалар–да, Худо уларни ўлдирмади. Улар ўша ерда қурбонлик гўштини тановул қилдилар.

[12] Кейин Эгамиз Мусога айтди: — Тоққа, Менинг олдимга чиқиб, шу ерда тур. Мен сенга амр ва қонунлар ёзилган иккита тош лавҳани бераман. Бу амр ва қонунларни халқ ўргансин деб ёздим.

[13] Мусо билан унинг шогирди Ёшуа отланишди. Мусо Худонинг муқаддас тоғига кетаётиб,

[14] оқсоқолларга айтди: — Ёнларингизга қайтиб келгунимизча шу ерда — қароргоҳда кутиб туринглар. Ҳорун билан Хур сизларнинг ёнингизда қолади. Кимнинг иши бўлса, уларга мурожаат этсин.

[15] Мусо тоққа чиққанда, тоғни булут қоплади.

[16] Эгамиз улуғворлигини зоҳир қилиб, Синай тоғига тушди. Олти кун давомида булут тоғни қоплаб турди. Еттинчи куни Эгамиз булут орасидан Мусони чақирди.

[17] Эгамизнинг улуғворлиги тоғ чўққисида ловуллаётган аланга каби, Исроил халқи кўзи ўнгида зоҳир бўлиб турарди.

[18] Мусо булут орасида юриб, тоғ чўққисига чиқди. Мусо тоғда қирқ кечаю қирқ кундуз қолди.

Чиқиш (Тавротнинг иккинчи китоби) — Chapters