Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:23

[1] Базалилнинг кўрсатмаси билан акас ёғочидан Сандиқ ясадилар. Сандиқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак эди.

[2] Сандиқнинг ичкарию ташқарисини тоза олтин билан қоплаб, айланаси бўйлаб олтин гулчамбар қилдилар.

[3] Сандиқ учун эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясаб, тўртала оёғига маҳкамладилар: иккита ҳалқа бир томонида, иккита ҳалқа иккинчи томонида эди.

[4] Кейин акас ёғочидан ходалар ясаб, ходаларни олтин билан қопладилар.

[5] Сандиқнинг иккала томонидаги ҳалқадан Сандиқни кўтариб юриш учун ходаларни ўтказдилар.

[6] Тоза олтиндан Сандиқнинг қопқоғини ясадилар. Қопқоқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак эди.

[7] Шу билан бирга, олтиндан зарб уриб иккита каруб ясадилар. Битта каруб қопқоқнинг бир четида, иккинчи каруб иккинчи четида бўлиб, ҳар иккаласи қопқоқ билан бир бутунни ташкил қилди.

[9] Карубларнинг тепага кўтарилган қанотлари қопқоқни беркитиб турарди. Улар юзма–юз туриб, қопқоққа қараган эди.

[10] Акас ёғочидан хонтахта ясадилар. Уни тоза олтин билан қопладилар. Хонтахтанинг узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак эди. Хонтахтанинг четларига айлантириб олтин гулчамбар қилдилар.

[12] Яна хонтахтанинг айланаси бўйлаб тўрт энли ром ўрнатдилар. Бу ромни нақшли ҳошия қилиб безатдилар. Уни хонтахтанинг оёқларига маҳкамладилар.

[13] Яна эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясаб, ҳар бирини тахта маҳкамланган жойнинг ёнига — тўртала бурчагидаги тўртала оёғига ўрнаштирдилар. Акас ёғочидан иккита хода ясаб, уларни олтин билан қопладилар. Бу ходаларни ҳалқалардан ўтказиб, хонтахтани кўтариб юриш учун фойдаланилар эди.

[16] Хонтахтага қўйиладиган буюмларни — лаган, пиёлалар, шароб назр қилиш учун коса ва кўзаларни тоза олтиндан ясадилар.

[17] Соф олтиндан зарб уриб чироқпоя ясадилар. Бутун чироқпояни ва унинг безакларини бир бутун қилиб ясадилар. Чироқпоянинг таглиги, пояси ва куртакли гулга ўхшаш шаклдаги пиёлалари бор эди.

[18] Яна чироқпоянинг поясидан олтита шохча чиқарилди: учта шохчаси бир ёнидан, учта шохчаси иккинчи ёнидан чиқарилди.

[19] Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар бирида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги учта пиёла бор эди.

[20] Чироқпоянинг поясида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги тўртта пиёла бор эди.

[21] Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар жуфтида бу куртаклардан учтаси бирин–кетин тизилиб турарди.

[22] Чироқпояни шохчалари ва куртаклари билан битта қилиб, тоза олтиннинг яхлит бўлагидан зарб уриб ясадилар.

[23] Чироқпоя учун еттита мойчироқ ясадилар. Мойчироқларга қараб туришда фойдалангани тоза олтиндан қисқичлар ва патнислар ясадилар.

[24] Чироқпоя билан унинг ҳамма буюмларини икки пуд тоза олтиндан ясадилар.

[25] Акас ёғочидан тутатқи қурбонгоҳи ясадилар. Қурбонгоҳ тўртбурчак бўлиб, узунлиги бир тирсак, эни ҳам бир тирсак, бўйи эса икки тирсак эди. Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагига ўзидан йўниб чиқарилган биттадан шох ясадилар.

[26] Қурбонгоҳнинг устини, ён–атрофини, шохларини тоза олтин билан қопладилар, айланаси бўйлаб олтиндан гулчамбар ясадилар.

[27] Қурбонгоҳнинг икки томонидаги гулчамбарнинг остига иккита олтин ҳалқа ўрнаштирдилар. Акас ёғочидан иккита хода ясаб, уларни олтин билан қопладилар. Бу ходаларни ҳалқалардан ўтказиб, қурбонгоҳни кўтариб юриш учун фойдаланилар эди.

[29] Уста одам муқаддас қиладиган мой ва тоза, хушбўй тутатқи тайёрлади.

Чиқиш (Тавротнинг иккинчи китоби) — Chapters