[1] Эгамиз Синай тоғида Мусога деди:
[2] “Исроил халқига, Эгамизга назр келтиринглар, деб айт. Менга чин кўнгилдан назр қилмоқчи бўлган одамнинг назрини қабул қил.
[3] Сен улардан қабул қилиб оладиган назрлар қуйидагилардир: олтин, кумуш, бронза,
[4] шунингдек, кўк, сафсар ва қирмизи рангли иплар, майин зиғир матоси, эчки жуни,
[5] қизилга бўялган қўчқор териси, юмшоқ тери, акас ёғочи,
[6] мойчироқлар учун зайтун мойи, муқаддас қиладиган мой учун зираворлар, хушбўй тутатқи учун зираворлар,
[7] эфод ва кўкракпечга тақиладиган ақиқ ҳамда бошқа қимматбаҳо тошлар.
[8] Исроил халқи Мен учун муқаддас маскан барпо қилишсин, токи Мен Исроил халқи орасида истиқомат қилайин.
[9] Бу Муқаддас чодирни ва унинг ҳамма жиҳозларини Мен сенга кўрсатадиган намунага мувофиқ ясат.
[10] Акас ёғочидан Сандиқ ясат. Сандиқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак бўлсин.
[11] Сандиқнинг ичкарию ташқарисини тоза олтин билан қоплат. Айланасига олтин гулчамбар қилдир.
[12] Сандиқ учун эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясатиб, тўртала оёғига маҳкамлат: иккита ҳалқа бир томонида, иккита ҳалқа иккинчи томонида бўлсин.
[13] Кейин акас ёғочидан ходалар ясатиб, ходаларни олтин билан қоплат.
[14] Ходаларни Сандиқнинг иккала томонидаги ҳалқадан ўтказ, токи ходалар ёрдамида Сандиқни кўтариб юришсин.
[15] Ходалар Сандиқнинг ҳалқаларидан айириб олинмасин, доимо турсин.
[16] Мен сенга берадиган аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани Сандиққа солиб қўй.
[17] Тоза олтиндан Сандиқнинг қопқоғини ясат. Қопқоқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак бўлсин.
[18] Шу билан бирга, олтиндан зарб уриб иккита каруб ясат. Битта каруб қопқоқнинг бир четида, иккинчи каруб иккинчи четида бўлиб, ҳар иккаласи қопқоқ билан бир бутунни ташкил қилсин.
[20] Карубларнинг тепага кўтарилган қанотлари қопқоқни беркитиб турсин. Улар юзма–юз туриб, қопқоққа қараган бўлсин.
[21] Қопқоқни Сандиқнинг устига қўй. Мен сенга берадиган иккита тош лавҳани Сандиққа сол.
[22] Мен сен билан Аҳд сандиғи олдида учрашаман. Карублар ўртасидаги гуноҳдан поклаш жойи тепасидан Мен сенга гапириб, Исроил халқи учун ҳамма амрларимни сенга бераман.
[23] Акас ёғочидан хонтахта ясат. Уни тоза олтин билан қоплат. Хонтахтанинг узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак бўлсин. Хонтахтанинг четларига айлантириб олтин гулчамбар қилдир.
[25] Яна хонтахтанинг айланаси бўйлаб тўрт энли ром ўрнат. Бу ромни нақшли ҳошия қилиб безат. Уни хонтахтанинг оёқларига маҳкамлат.
[26] Яна тўртта олтин ҳалқа ясатиб, ҳар бирини тахта маҳкамланган жойнинг ёнига — тўртала бурчагидаги тўртала оёғига ўрнаштир. Акас ёғочидан иккита хода ясатиб, уларни олтин билан қоплат. Бу ёғочларни ҳалқалардан ўтказиб, хонтахтани кўтариб юриш учун фойдалан.
[29] Хонтахтага қўйиладиган лаган, пиёлалар, шароб назр қилиш учун кўза ва косалар ясат. Бу буюмларни тоза олтиндан ясат.
[30] Менинг ҳузуримдаги хонтахтада доим муқаддас нонлар турсин.
[31] Соф олтиндан зарб уриб чироқпоя ясат. Бутун чироқпоя ва унинг безаклари бир бутун қилиб ясалсин. Чироқпоянинг таглиги, пояси ва куртакли гулга ўхшаш шаклдаги пиёлалари бўлсин.
[32] Яна чироқпоянинг поясидан олтита шохча чиқарилсин: учта шохчаси бир ёнидан, учта шохчаси иккинчи ёнидан чиқарилсин.
[33] Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар бирида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги учта пиёла бўлсин.
[34] Чироқпоянинг поясида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги тўртта пиёла бўлсин.
[35] Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар жуфтида бу куртаклардан учтаси бирин–кетин тизилиб турсин.
[36] Чироқпоя, шохчалари ва куртаклари билан битта қилиб, тоза олтиннинг яхлит бўлагидан зарб уриб ясалиши лозим.
[37] Чироқпоя учун еттита мойчироқ ясат. Мойчироқларни чироқпояга шундай ўрнаштиргинки, чироқпоянинг олд томонини ёритадиган бўлсин.
[38] Мойчироқларга қараб туриш учун тоза олтиндан қисқичлар ва патнислар ясат.
[39] Чироқпояни ва бу буюмларни икки пуд тоза олтиндан ясашсин.
[40] Эҳтиёт бўл, ўша ҳамма буюмларни Мен сенга шу ерда — тоғда кўрсатган намунага мувофиқ ясат.