[1] Шундан сўнг Эгамиз Мусога айтди: — Фиръавнни нима қилишимни энди кўрасан. У қудратли кучимни кўргандан кейин, халқимнинг кетишига ижозат берибгина қолмайди, ҳатто халқимни ўз юртидан қувиб юборади.
[2] Худо Мусога яна деди: — Мен Эгангизман.
[3] Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга Мен Қодир Худо бўлиб Ўзимни зоҳир қилдим. Аммо уларга Мен, уларнинг Эгаси деб танилмаган эдим.
[4] Улар Канъон юртида мусофир бўлиб яшаган эдилар. Ўша юртни сизларга бераман, деб улар билан аҳд қилдим.
[5] Мисрликлар қул қилган Исроил халқининг фарёдини аниқ эшитдим. Мен ўша аҳдимни ёдимда тутаман.
[6] Шундай қилиб, бу тўғрида Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Мен Эгангизман. Мен сизларни Мисрликларнинг зулмидан озод қиламан, қулликдан олиб чиқаман. Қудратли кучим ва ҳукмнинг буюк ишлари билан сизларни қулликдан озод қиламан.
[7] Мен сизларни Ўзимнинг халқим қиламан, сизларнинг Худойингиз бўламан. Сизларни Мисрликларнинг зулмидан халос қилган Эгангиз Худо Мен эканлигимни ўшанда билиб оласизлар.
[8] Мен Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга онт ичиб, бераман деган юртга сизларни олиб бораман. Ўша юртни сизларга мулк қилиб бераман. Мен Эгангизман.”
[9] Мусо бу гапларни Исроил халқига айтган эди, аммо халқ унинг гапларига қулоқ солмади. Чунки халқ оғир зулм остида қолиб, руҳан тушкунликка тушган эди.
[10] Шундан кейин Эгамиз Мусога айтди:
[11] — Миср фиръавни ҳузурига бориб айт: Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетишига ижозат берсин.
[12] — Гапимга Исроил халқи қулоқ солмади–ю, фиръавн қулоқ солармиди?! — деди Мусо. — Қолаверса, яхши гапира олмайман–ку!
[13] Аммо Эгамиз Мусо билан Ҳорунга амр қилди: “Миср фиръавни олдига қайтиб боринглар. Исроил халқи Мисрдан кетишига ижозат беринг, деб талаб қилинглар.”
[14] Баъзи Исроил қабилаларининг уруғбошилари қуйидагилардир: Ёқубнинг тўнғич ўғли Рубеннинг Ханўх, Паллув, Хазрон ва Карми деган ўғиллари бор эди. Улардан Рубен қабиласининг уруғлари келиб чиққан.
[15] Шимўннинг Ямувол, Ёмин, Охад, Ёхин, Зўхар ва Канъонлик аёлдан туғилган Шовул деган ўғиллари бор эди. Улардан Шимўн қабиласининг уруғлари келиб чиққан.
[16] Леви 137 йил яшади. Унинг Гершон, Қоҳот ва Марори деган ўғиллари бор эди.
[17] Гершоннинг Лубнах ва Шимах деган ўғиллари бор эди.
[18] Қоҳот 133 йил яшади. Унинг Имром, Изхор, Хеврон ва Узиёл деган ўғиллари бор эди.
[19] Марорининг Махли ва Муши деган ўғиллари бор эди. Уларнинг ҳаммасидан Леви қабиласининг уруғлари келиб чиқди.
[20] Имром 137 йил яшади. У ўзининг аммаси Йўхавадга уйланди. Йўхавад Имромга Ҳорун ва Мусони туғиб берди.
[21] Изхорнинг Кўрах, Нафах ва Зихри деган ўғиллари бор эди.
[22] Узиёлнинг Мишаил, Элзафан ва Ситри деган ўғиллари бор эди.
[23] Ҳорун Элишбага уйланди. У Оминадавнинг қизи, Нахшўннинг синглисидир. Элишба Ҳорунга тўртта ўғил: Надов, Абиҳу, Элазар ва Итамарни туғиб берди.
[24] Кўрахнинг Асер, Элқана ва Абуасаф деган ўғиллари бор эди. Улардан Кўрах уруғлари келиб чиқди.
[25] Ҳоруннинг ўғли Элазар Футиёлнинг қизларидан бирига уйланди. Хотини Элазарга Финхазни туғиб берди. Уруғлари бўйича Леви қабиласининг уруғбошилари ана шулардир.
[26] Юқорида айтиб ўтилган Ҳорун ва Мусога Эгамиз: “Исроилнинг ҳар бир оиласи ва қабиласини Мисрдан олиб чиқинглар!” деб амр берди.
[27] Улар: “Исроил халқини озод қилинг”, деб Миср фиръавнига буйруқ бердилар.
[28] Шундай қилиб, Эгамиз Мусо билан Мисрда гаплашганда,
[29] унга: “Мен Эгангизман, сенга айтганларимнинг ҳаммасини Миср фиръавнига етказ!” деб амр берган эди.
[30] Мусо эса Эгамизнинг олдида: “Мен яхши гапира олмайман–ку! Фиръавн менинг гапимга қулоқ солмайди!” деган эди.