[1] Эгамиз Мусога амр берди: — Фиръавннинг ҳузурига бор! Мен, мўъжизаларимни уларнинг орасида кўрсатай деб, фиръавнни ва унинг аъёнлари юрагини тош қилиб қўйдим.
[2] Мисрликларни масхара қилдим, уларга мўъжизалар кўрсатдим. Энди сизлар болаларингизга, набираларингизга буларни айтиб берасизлар деб, шу ишларни қилдим. Ана шунда Эгангиз Мен эканлигимни ҳаммаларингиз билиб оласизлар.
[3] Мусо билан Ҳорун фиръавннинг ҳузурига бориб, унга Эгамизнинг шу гапини етказдилар: — Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Сен қачонгача Менга итоат этмай юрасан?! Халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилишсин.
[4] Агар халқимнинг кетишига ижозат бермасанг, Мен эртага юртингга чигирткалар юбораман.
[5] Чигирткалар ер юзини шунақанги қоплайдики, ер тамомила кўринмай қолади. Дўлдан омон қолган ҳосилингизни, далада ўсган жамики дарахтларингизни чигирткалар еб битиради.
[6] Саройинг, аъёнларингнинг уйлари, ҳамма Мисрликларнинг хонадонлари чигирткага тўлиб кетади. Ота–боболаринг ер юзида пайдо бўлгандан буён бунақасини кўрмаган.” Шундан кейин Мусо фиръавннинг ҳузуридан бурилиб чиқиб кетди.
[7] Шунда аъёнлар фиръавнга: — Бу одам бизга тузоқ бўлса ҳам, қачонгача индамайсиз?! — дедилар. — Ижозат беринг ўшаларга! Кетаверишсин. Эгаси Худога сажда қилишсин. Кўрмаяпсизми, Миср хароб бўлди–ку!
[8] Шундан сўнг Мусо билан Ҳорунни фиръавн ўз ҳузурига чақиртирди. Фиръавн икковига деди: — Майли, боринглар, Эгангиз Худога сажда қилинглар. Аммо сизлардан кимлар боради?
[9] — Ёшу қари — ҳаммамиз бирга кетамиз, — деб жавоб берди Мусо. — Ўғилларимизни, қизларимизни, мол–қўйларимизни ҳам олиб кетамиз. Эгамизга атаб байрам нишонлашимиз керак.
[10] Фиръавн қаршилик қилди: — Агар хотинларингиз ва болаларингиз билан кетишларингизга ижозат берсам, Эгангиз албатта сизлар билан бўлади! Ниятингиз ёмонлиги очиқ кўриниб турибди.
[11] Йўқ, уларга асло жавоб бермайман! Эгангизга сажда қилгани боришни истаётган сизлар эмасми?! Жуда яхши. Фақат эркакларни олинглар–у, кетаверинглар. Шунда Мусо билан Ҳорунни фиръавннинг ҳузуридан ҳайдадилар.
[12] Эгамиз Мусога: — Қўлингни Миср узра узат! — деб амр берди. — Миср юртига чигиртка ёғилсин. Чигирткалар бу юртдаги ҳамма ўсимликларни, дўлдан омон қолган ҳамма экин–тикинни еб битирсин.
[13] Мусо таёғини Миср узра узатган эди, Эгамиз бу юртга шарқдан шамол эстирди. Бир кеча–кундуз шамол эсди. Шарқдан эсган шамол эрталабгача чигирткаларни олиб келди.
[14] Бутун Миср юртига чигиртка ёпирилди. Мисрнинг ҳамма жойини чигиртка босиб кетди. Чигирткалар шунчалик уйилиб кетдики, илгари бунақаси бўлмаган эди, бундан кейин ҳам бўлмайди.
[15] Ер юзини чигиртка босиб кетганидан, ер қоп–қора бўлиб қолди. Жамики экин–тикинни, дўлдан омон қолган дарахтлардаги мева–чеваларни чигиртка еб битирди. Мисрдаги бирор дарахтда, бирор ўсимликда яшил барг қолмади.
[16] Фиръавн зудлик билан Мусо билан Ҳорунни чақиртириб, уларга айтди: — Эгангиз Худога ва ўзларингизга қарши гуноҳ қилдим.
[17] Ўтинаман, бир мартагина гуноҳимдан кечиб, Эгангиз Худога илтижо қилинглар. Бу ҳалокатли офатни мендан даф қилсин.
[18] Мусо фиръавннинг ҳузуридан чиқиб, Эгамизга ибодат қилди.
[19] Эгамиз ғарбдан жуда кучли шамол эстирди. Шамол чигирткаларни Қизил денгизга учириб олиб кетди. Миср юртида биронта ҳам чигиртка қолмади.
[20] Лекин Эгамиз фиръавннинг юрагини яна тош қилиб қўйди ва фиръавн Исроил халқига кетишга ижозат бермади.
[21] Эгамиз Мусога: — Қўлингни осмонга узат! — деб амр берди. — Мисрни қўрқинчли зулмат қоплайди.
[22] Мусо қўлини осмонга узатди. Шундан кейин Миср уч кун давомида зимзиё зулмат ичида қолди,
[23] биров бировни кўра олмади. Натижада ҳеч ким бирон жойга юриб бора олмади. Исроил халқи яшаётган ер эса ёруғ эди.
[24] Фиръавн яна Мусони чақиртириб, унга: — Боринглар, Эгангизга сажда қилаверинглар, — деди. — Бола–чақаларингизни олиб кетаверинглар. Аммо мол–қўйларингизни қолдириб кетасизлар.
[25] — Бўлмайди! — деди Мусо. — Чорвамизни ҳам олиб кетишимизга ижозат беришинг керак. Биз Эгамиз Худога қурбонликлар ва куйдириладиган қурбонликлар келтирамиз.
[26] Ҳамма чорвамизни ўзимиз билан олиб кетамиз, орқада биронта ҳам туёқ қолмаслиги керак. Эгамиз Худога сажда қилганимизда, қурбонликларни шу мол–қўйларимиздан оламиз. У ерга бормагунимизча, Эгамизга нимани қурбонлик қилишимизни билмаймиз–ку!
[27] Шундай қилиб, Эгамиз яна фиръавннинг юрагини тош қилиб қўйди. Фиръавн ўжарлик қилиб, Исроил халқига кетишга ижозат бермади.
[28] Охири фиръавн Мусога: — Йўқол бу ердан! — деб бақирди. — Эҳтиёт бўл, бундан кейин зинҳор кўзимга кўринма! Кўзимга кўринган заҳоти ўласан!
[29] — Сен айтганингдай бўлсин! — деди Мусо. — Бундан кейин кўзингга кўринмайин!